МАБРУР ҲАЖНИНГ МУКОФОТИ ЖАННАТДИР

Аллоҳга шукрки, истиқлол шарофати ила миллий-диний қадриятлар қайта тикланди, мўмин-мусулмонларнинг орзу-умидлари амалга ошди. Бугунги кунда Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги ва Ўзбекистон ҳаж делегациясининг истиқболли ҳамкорликлари натижасида, ҳаж ва умра сафарларини муваффақиятли ўтказишга эришилмоқда.
Ҳаж Ислом арконларидан биридир. Қодир бўлган кишиларга бу ибодатни умри давомида бир марта адо этиш фарздир. Унинг фарзлигига далил бу ояти каримадир: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси 97-оят).
“Ҳаж” сўзи, луғатда қасд қилиш маъносини англатади. Уламолар таърифида эса, махсус вақтда, махсус маконда, ният билан махсус ибодатларни адо этишга “ҳаж” дейилади.
Махсус вақт дейилганида, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Арафотда туриш, Наҳр (қурбонлик қилинадиган кун)нинг тонгидан бошлаб Байтуллоҳни тавоф қилиш тушунилади. Махсус макон дейилганида, Каъба ва Арафот англанади. Махсус ибодатлар дейилганида эса, ҳаж ва унинг арконларини бажариш ниятида эҳромга кириш англанади.
Бу ибодат, кўпчилик уламолар фикрича, ҳижрий тўққизинчи йилнинг охирида фарз қилинган. Ҳар йили зулҳижжа ойида бутун ер юзидаги қодир бўлган мусулмонлар бу жойга ҳам молиявий, ҳам жисмоний, руҳоний амал ҳисобланувчи шу ибодатни адо этиш учун тўпланадилар. Намоз, рўза ва закотнинг фарзлигини инкор қилган киши диндан чиққанидек, бу ҳажнинг фарзлигини инкор қилиш ҳам диндан чиқишга олиб келади.
Агар Аллоҳ таоло кимга ҳаж қилишни имкониятини берган бўлса, бу неъматнинг қадрига етиб, унга муносиб тарзда ҳозирланиши керак. Чунки Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: “Ким бу байтга келиб, яъни Каъбатуллоҳга келиб ҳаж қилса ва унда беҳаё нарсаларни ва гуноҳ ишларни содир қилмаса, худди онасидан туғилган боладек (бегуноҳ уйига) қайтади”.
Умра ва ҳажни сифатлаб дедилар: “Умрадан кейинги умрагача иккисининг орасидаги қилинган гуноҳларга каффоротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас”.
Ҳаж ибодатининг кейинги неъматларини санаб, Пайғамбаримиз с.а.в. айтдилар: “Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳ таолонинг элчилари ва зиёратчиларидир. Агар Ундан сўрасалар, уларга беради, агар Ундан мағфират тиласалар, уларни кечиради, агар дуо қилсалар, улар учун мустажоб бўлади ва шафоат сўрасалар, шафоатлари қабул қилинади”.
Ҳаж амали ўзининг эҳтиёжи ва қарамоғидагиларнинг нафақасидан ташқари ошиқча – Байтуллоҳга бориб келишга етарли маблағи бор ҳар бир ақли расо, болиғ (балоғатга етган), озод, соғлом мусулмонга (аёллар иддада бўлмаслиги ва уларга маҳрам-йўлдош ҳам бўлиши лозим) йўллар хатарсиз бўлса, ҳаж ибодатини кейинги йилга қолдирмай, адо этиш фарздир. Бундай шароитларда кечиктирса, гуноҳкор бўлади. Ҳаж ибодати умрда бир марта адо этиладиган фарз амалдир. Ундан ортиғи нафл ҳисобланади.
Ҳаж ибодати давомида гуноҳ қилмаган, фаҳш сўзлар айтмаган ҳожи, онадан янги туғилгандек гуноҳларидан пок бўлади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким Байтуллоҳни ҳаж қилса, (унда) ахлоқсиз сўзларни гапирмаса ва фисқ-фужур ишларни қилмаса, худди онаси уни туққан кундаги каби (барча) гуноҳлардан покланиб қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бунинг учун ҳожи қуйидагиларга амал қилиши зарур:
– энг аввало, холис ният қилиши. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек, амаллар натижаси ниятга боғлиқдир. Ҳар бир киши ниятига яраша савоб олади.
– ҳажнинг аркон ва амалларини тўла-тўкис бажариши;
– мусулмон учун энг муҳим ишлардан яна бири топган ва тўплаган маблағининг ҳалол, пок бўлишидир. Зотан, Аллоҳ таоло покдир. Фақат покиза амалнигина қабул қилади;
– агар зиммасида қарзи бўлса, уларни узиши. Зеро, банданинг бошқа киши зиммасидаги ҳақини ўша одам кечмагунича Аллоҳ таоло кечмайди;
– қайтиб келгунича қарамоғидагиларга етадиган нафақани ҳозирлаши;
– ҳаж йўлига тушган мўмин ўтган гуноҳларига чин дилдан тавба қилиши, ўзини гўё дунёдан охиратга сафар қилаётгандек ҳис этиши;
– солиҳ амалларни кўпайтириши;
– Аллоҳ таолонинг розилигидан бошқа ўй-хаёлларни қалбидан чиқариши;
– муборак ҳаж сафарида йўлдошлари билан гўзал муносабатда бўлиши. Улар билан тортишмаслиги, эътирозларига сабаб бўладиган ишларни қилмаслиги, уларга озор етказмаслиги ва улардан етган азиятларга сабр қилиши;
– сафар давомида гуноҳдан, беҳуда ишлардан ва бузуқ сўзлардан йироқ бўлиши ва қолган ҳаётида ҳам бунга доимо қатъий амал қилиши;
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақатгина жаннат бўлади”. У зотдан сўрашди: “Мабрур ҳаж нима, Ё Расулуллоҳ?” Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ширинсухан бўлмоқ ва таом улашмоқдир”.
Ҳаж ибодати “ҳожи” деган ном учун қилинмайди, ҳаж сафари Хорижга саёҳат эмас, ҳаж зиёрати биров томонидан мажбур қилиниб юбориладиган ибодат эмас. Балки, ҳаж бу бандачиликдир! Имом Ғаззолий дейдиларки: “Ҳожининг ҳаж амалининг қабул бўлганлигининг белгиси келгандан кейин ўзининг аввалги ношаръий, бемаъни ва гуноҳ ишларини тарк қилишидир. Ва яна бир аломатларидан бири эса, баттол биродарларини солиҳларга, ўйин-кулгу ва ғафлат мажлисларини зикр ва бедорлик мажлислари билан алмаштирмоқлигидир”.
Ҳаж бу улуғ ибодат. Бу ибодатни бажарган одам Аллоҳнинг ўз бандаларига фарз қилган ибодатларидан бирини бажарган бўлади. баъзи бирлар хаёл қилганидек ҳожи бўлиш бошқалардан устунликни бермайди. Шунингдек, гуноҳларим ювилди, яна гуноҳ қилаверсам бўлади дегани эмас. Бу шайтоннинг айни васвасасидир. Ҳеч ким ҳажни қабул бўлганини билмайди. Ҳажнинг қабул бўлганининг аломати юқорида айтганимиздек, инсон аввалгидан яхшилик томон тубдан ўзгаришидир, кейинги ҳаётини Исломда ва одоб-ахлоқда бошқаларга ўрнак бўлиб ўтказишидир.

Х.Абдуллаев
УМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *