ЯХШИЛИК ҚИЛИШГА ШОШИЛАЙЛИК

Дунёда инсон яшар экан албатта у атрофидагилар билан муомала қилади, алоқа ўрнатади. Бу боғланишсиз инсон жамиятда яшай олмайди. Шу сабабдан инсонларнинг бир-бирларига ҳожати тушади. Кимларнингдир маънавий ва иқтисодий кўмаги ва ёрдамига муҳтож бўлади. Шу лаҳзаларда инсоннинг қадр-қиммати, кимлиги ва қандайлиги намоён бўлади. Ан-Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақида  сўради. Расулуллоҳ: “Яхшилик ҳусни хулқдир.”, дедилар. Муслим ва Термизий ривояти.
Яхшилик шундай амалки, агар инсон уни қилса қалбига хурсандчилик киради. Ўзи қилган ишидан мамнун бўлади. Аксар ҳолатда кўпчилик инсон оилавий муҳит тарбияси, ҳаётий тажрибаси, ёнидагиларидан эшитган, кўрган, ёки ўқиганларидан келиб чиқиб қилаётган ишлари ва бажараётган амалларини тўғри деб баҳолайди. Аслида яхшилик нима-ю, ёмонлик нима?, яхши инсон ким-у, ёмон инсон ким? буларнинг ҳаммаси, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръонда ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаламнинг  ҳадисларида очиқ ва равшан баён қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса, аҳд қилганда аҳдига вафо қилгувчилар. Камбағаллик ва қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”-деган. ( 177-оят).
Суфёни Саврий бу оятни ўқиб: “Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир”- деганлар. Ибни Касир эса: “Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади”-деганлар.
Аллоҳ таоло яхшиликларнинг аввалида Ўзига иймон келтириш, охират, қиёмат куни, фаришталар, нозил қилган китоблари ва инсониятни тўғри йўлга бошловчи пайғамбарларига  ишонишни зикр қилди. Чунки мусулмонни амалининг қабул бўлиш шартларидан биринчиси иймон бўлади. Шунинг учун Қуръони каримнинг кўпгина оятларида: “Иймон келтирганлар  ва амали солиҳ қилганлар”, дейилган. Аввал иймон, Аллоҳга, пайғамбарига бўлган ишончни айтиб кейин амали солиҳ, яхшилик  қиладиганларга бериладиган мукофот ва жаннатдаги неъматлари ҳақида хушхабарлар берилади.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз. Нимани нафақа қиганингизни Аллоҳ таоло билгувчидир”, деб марҳамат қилади. ( Оли Имрон. 92-оят)
Яхшилик фақатгина молу-дунё билангина қилинмайди балки унинг турлари кўп. Инсонларга манфаат келтирадиган ва фойдали бўлган барча ишлар яхшиликдир. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмон учун садақа лозим», – дедилар. «Эй Расулуллоҳ! Агар садақа қилишга нарса топа олмаса-чи?» – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касб-кор қилиб, ўзига ҳам манфаат келтиради, ортганини садақа қилади», – дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» – дейишди. «Қийналиб қолган бечораҳолга ёрдам беради», – дедилар. «Ёрдам ҳам беролмаса-чи?» – дейишди. «Яхшиликка буюради», – дедилар. «Бу ишни ҳам қилмаса-чи?» – дейишди. «Ёмонликдан тийилади. Мана шу ҳам унинг учун садақадир», – дедилар». Бухорий ва Муслим ривояти.
Демак, қўлимиздан бирор бир яхшилик қилиш келмаса, ҳеч бўлмаганда одамларга ёмонлик қилмайлик, зарар етказмайлик, бировларнинг яхшилик йўлларига  ғов бўлмайлик, биз сабаб яхшилик йўллари беркилиб қолмасин. Инсондан қоладигани яхшилик ёки ёмонликдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек: Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлиб, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва жаннатига эришган, ҳақиқий мўмини комил бўлиб яшамоқлигимизни Роббимиз барчамизга осон қилсин, Аллоҳ таоло барчаларимизни яхшилик қигувчилардан қилсин. Яхшилик йўлларини осон қилсин.

М. Юсупов
Боғот тумани Тавал бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *