Мафкуравий таҳдидлардан огоҳ бўлайлик.

Бугунги кунда – мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олган ҳозирги нозик ва қалтис шароитда таҳликали замонда маънавий таҳдидлардан огоҳ бўлиб яшаш даврнинг талабидир.  Дунёда юз бераётган энг ёвуз сиёсат бу – бир давлат бошқа бир давлат фуқароларининг мафкурасини бузиб, ўз мафкурасидан воз кечтириб бошқа мафкураларни онгига сингдиришдир. Маънавий  таҳдид  деганда,  аввало, тили,  дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг  том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим, деб ўйлайман. Бинобарин, маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин. Маънавий таҳдид нималигини билмаган, унинг хавф-хатарларидан ғофил бўлган баъзи ёшлар бугунги кунда уларнинг тузоғига осонгина тушаётгани ташвишланарли ҳолдир.
Мафкуравий кураш борасида бутун дунёда жуда катта кураш кетмоқда. Одамларнинг мафкураси, одамларнинг дунёқарашлари устида, керак бўлса уни ўзгартириш, ўзига мос йўлга буриш масаласида ядровий полигонлардагидан ҳам қаттиқ кураш кетмоқда. Миллат зиёлилари мана шундай курашларга бардош бериб, ёшларимизни ва халқимизни авайлаб асраши керак бўлади. Миллатнинг оқиллари бу  курашларда қалқон бўлиб туриб берсагина бу ҳаракатлар ҳеч таъсирини ўтказолмайди. Ёшларимиз учун маънавий таҳдидлар ҳар хил йўллар билан юртимизга кириб келмоқда. Буни кўп мисолларда кўриш мумкин. Ғоявий-маънавий рақибларимиз томонидан келаётган улкан бир таҳдид – ахлоқсизлик, шахс эркинлиги деб, беҳаёлик – демократия тантанаси деб, тарғиб этилади. Ўзлигини, ўз маънавияти ва миллий ғурурини сақлаб қолишга бўлган интилишлар мухолифлар томонидан эскиликка ёпишиш, озодликни бўғиш, демократия тақчиллиги деб талқин қилинади. Олдин инсонларда шарму ҳаё, аҳдига вафо, меҳру муҳаббат, садоқат каби умуминсоний фазилатлар бугунга келиб айрим йигит-қизларимиз томонидан унут бўлаётгани айнан уларнинг оиласи ташқи маънавий таҳдидларга қарши тураолмаслигининг исботидир. Одамлар Ғарб мамлакатларидан кириб келаётган барча нарса ва ҳодисаларни ижобий мазмунда, ҳавас билан қабул қила бошлаган эдилар. Бундай ҳолатлар миссионерлик фаолияти учун қулай замин яратди. Миссионерлик билан шуғулланаётган уюшмалар мақсади аниқ: нима қилиб бўлса ҳам давлат, миллат келажаги, таянчи бўлмиш ёшларни бузиш, тўғри йўлдан оздириш ва шу тариқа мамлакатни маънавий истило этиш! Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти бу ҳақда шундай деганлар: “Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бундай мафкуравий хуружлар миллий ва диний  томирларимизга болта уришни, улардан бизни бутунлай узиб ташлашдек ёвуз мақсадларни кўзлашини ўйлайманки, юртимизда яшайдиган соғлом фикрли ҳар бир одам яхши тушунади” Ислом – миллий маънавиятимизнинг ажралмас бўлагидир. Аммо, бу ҳолатдан фойдаланган ҳолда Ислом дини номидан турли хил экстремистик ва террористик ғояларни сингдиришга урунишлар ҳозирги вақтда авж олиб кетди. Бунёдкор ва бузғунчи ғоялар ўртасидаги бундай ғоявий полигон кенг миқёсда дунё бўйлаб тарқалганлиги ҳар бир оқил инсонни хавотирга солмоқда. Бугунги кунда экстремизм ва терроризмдан ёшларимизни асраш ҳар бир зиёли кишининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланди. “Маънавий таҳдид” тушунчаси мавҳум, ўйлаб топилган хавф-хатарни эмас, реал ижтимоий ҳодисани ифодалайди, дейишга тўлиқ асос бор. Уларга қарши туришда бизнинг давлатимизни дастуруламали – ўз миллий ғоямиз бор. Миллий ғоя – ҳар биримизга келажакка ишонч, мадад, куч-ғайрат беради. Бизларни бунёдкор ишларга, Ватан, Миллат, Мустақиллик ҳимояси йўлида бирлаштиради, сафарбар қилади. У Ўзбекистон халқини озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётга элтувчи ҳаётий дастуримиздир. Айни шу фикрни барчамизнинг эътиқодимизга айлантириш, келажагимиз бўлган ёшлар онгига сингдириш энг муқаддас бурчимиздир.

Мадиримов Мақсудбек
Хазарасп тумани «Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин»
жоме масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *