МИССИОНЕРЛАРНИНГ ЖАМИЯТ ФАРАВОНЛИГИНИНГ ХАТАРЛАРИ

Миссионерлик ҳаракати, агар олди олинмаса, нафақат инсонларнинг эътиқодига, балки турли дин, миллат ва элатларнинг ҳамжиҳатлигига ҳам рахна солиши мумкин. Кейинги вақтларда миссионерлик ҳаракати дунё миқёсида диний ақидапарастлик, фундаментализм, экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик каби глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Бу иллатга қарши курашиш ҳозирги вақтда кўплаб мамлакатларда долзарб масалалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Шу ўринда миссионерлик ва прозелитизмнинг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталиб ўтсак.
Миссионерлик — бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш.
Прозелитизм — бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилиш.
Миссионерлик ва прозелитизм дин билан боғлиқ ҳолда шаклланган ва мутаассибликка асосланган ҳодисалар ҳисобланади. Миссионерлик сўзи лотин тилидаги “missio” феълидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерликнинг мақсади ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганлар ёки бошқа динларга мансуб шахсларни муайян динга киришга даъват этишдир. Аслида эса кўпгина миссионерлар муайян ижтимоий гуруҳнинг сиёсий мақсадларини амалга оширишни ўз олдиларига вазифа сифатида қўядилар.
Бундай диний даъватлар ўзга мамлакатлар ҳудудида амалга оширилса “ташқи” миссионерлик деб, давлатнинг ўз ҳудудида динсиз (атеист) ва бошқа динга мансуб шахслар орасида амалга оширилса “ички” миссионерлик деб юритилади.
Миссионерликнинг ўта фаол кўриниши прозелитизмдир. Прозелитизм бирон бир динга мансуб инсонларни руҳий ва турли хил таъсир усуллари орқали ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга эришишдан иборат.
Миссионерлик ўзига хос ва узоқ тарихга эга. Жумладан, бундай ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган. Бугунги кунда эса миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур.
Маълумотларга кўра, дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Хусусан, протестантлик замонавий миссионерликнинг асосий ҳомийси қолмоқда. Уларнинг фаолияти кўплаб давлатларда катта мувафақият келтирган. Ҳозирги кунда Жанубий-Шарқий Осиёдаги анъанавий равишда буддавийликка эътиқод қилиб келган айрим мамлакатлар аҳолисининг катта қисми ёки аксарияти христианликка эътиқод қилиши ана шу зафарли юришларнинг натижасидир.
Хусусан, ҳозирги кунда дунёда миссионерлар ўз ташкилий асосларини яратишда кўпинча нашриётлар, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлар мақомидан фойдаланишга уринишмоқда. Бундан ташқари баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида ҳам фаолият олиб боришмоқда.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим халқаро ташкилотлар ўз ҳукуматлари томонидан молиялаштирилган дастурларга биноан МДҲ давлатларидан талаба ва ўқувчиларни у ёки бу мамлакатга юбориб, уларни диндор фуқароларнинг оилаларига жойлаштириш ва шу йўл билан бир йил давомида уларни бошқа динларга эътиқод қилувчиларга айлантиришдек мақсадларни кўзлаб фаолият олиб борганлари кузатилган. Мазкур мисол миссионерлик билан шуғулланадиган ташкилотлар эътиқодий ўзгартишлар объекти қилиб танланган давлатларга ўз ҳукуматлари қўллаб-қувватлашига таяниб кириб боришга ҳаракат қилаётганликларини ҳам кўрсатади.
Шунингдек, маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган, дизайни анча чиройли бўлган, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақолаларда туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар. Миссонерлар бошқа динларга киришга чақирувчи лавҳалар акс этган аудио-видео кассеталарни ҳам аҳолига бепул тарқатган ҳолатлар кўп кузатилган.
Бундан ташқари, улар турли мамлакатларда санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш ва ушбу тадбирлар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш, айрим тиббиёт ва таълим-тарбия муассасаларига малакали мутахассис кадрларни «иш»га юбориш, якка-ёлғиз ва ёрдамга муҳтож бўлган шахсларга кўнгилочар мактублар йўллаш, ёшлар ташкилотлари билан ўзаро «ҳамкорлик» ўрнатиш, компьютер ёки чет тилларини ўргатиш клубларини ташкил этиш, ўз сафларига қўшилганларни тез-тез моддий рағбатлантириб туриш ва хорижий мамлакатларга ўқиш ёки малака ошириш сафарига юбориш ҳамда ишга жойлашиш каби усуллардан ҳам фойдаланадилар.
Дунёда миссионерликни кенг миқёсда тарғиб ва ташвиқ қилишга йил давомида 100 миллион АҚШ доллари сарфланаётгани бу ҳаракатларнинг кўламлари ҳақида тегишли тасаввур беради.
Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динлар ёки конфессияларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина бир сабаб қайта-қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.
Масалан, Ливан аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини араблар ташкил этади. Расмий тил араб тили ҳисобланади. Аммо ливанликларнинг бир қисми исломга (сунний, шиа, друз), қолган қисми христианликка (мароний, православ, католик) эътиқод қилиши натижасида миллий бирликни таъминлаш қийин кечмоқда. Мамлакатнинг амалдаги қонунчилигида давлат бошқарув идораларининг диний белгилар асосида шакллантирилиши мустаҳкамлаб қўйилгани эса, кўпгина ҳолларда хилма-хил омиллар таъсирида унинг тўлақонли фаолиятига тўсиқ бўлмоқда. Мусулмонлар ва христианлар ўртасида вақти-вақти билан келиб чиқаётган фуқаролар уруши эса бу бирликни таъминлашни янада мушкуллаштирмоқда.
Масаланинг ана шу жиҳатига эътибор берилса, миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожиаларни англаб етиш мумкин. Бу, миссионерлар ўз мақсадларига эришадиган бўлсалар улар фаолият олиб бораётган мамлакатда низо ва жанжалларнинг авж олиши, душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратилиши, халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
Замонавий миссионерликнинг умумий хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
— конкрет мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиш;
— халқаро нодавлат ташкилотлари мақомида фаолият юритиш;
— миссионерлик — ўзига хос бизнес, шахсий бойиш манбаи;
— миссионерлик — давлатлар ва сиёсий кучларнинг геосиёсий режаларига хизмат қиладиган сиёсий қурол.
Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан ҳоли эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.
Миссионерлик фаолиятининг молиявий манбалари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:
черков аъзоларининг ўз ойлик даромадларининг муайян қисмини черков ҳисобига ўтказиши;
хайр-эҳсон қилишнинг рағбатлантирилиши;
черковнинг ишончли ва садоқатли вакиллари орқали турли цехлар, фирмалар ва босмахоналарга эгалик қилиш;
хорижлик ҳомийларнинг молиявий ёрдами.
Миссионерлар макон ва замонга мослашган ҳолда ўз услуб ва воситаларини доимий такомиллаштириб келганлар. Хусусан, сўнгги вақтларда улар маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиб, мақсадли иш олиб боришга интилмоқдалар. Жумладан, миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар.
Миссионерлар саноат корхоналари жойлашган ҳудудларда ишчилар ва вақтинча ишсизлар ҳамда хусусий тадбиркорлар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор бера бошлаганларини таъкидлаш зарур.
Зиёлиларнинг турли қатламлари ичида санъат соҳаси ходимлари, кутубхоначилар, ўрта мактаб ўқитувчилари, турли идоралар хизматчилари фаол миссионерлик тарғиботи объекти сифатида танланаётганини ҳам қайд этиш лозим. Бундай ёндашувда ўзига хос мантиқ бор. Масалан, прозелит санъаткор санъатнинг ҳиссий-эмоционал таъсир қувватидан фойдаланиб, эътиқодий босим ўтказишда юқори самарадорликка эришиши мумкин бўлса, эътиқодини ўзгартирган кутубхоначида эса “ўлжа” сифатида танланганлар билан якка тартибда ишлаш имконияти мавжуд бўлади.
Миссионерларга табиатан ишонувчан, ташқи таъсирга мойил бўлган ва айни пайтда, ҳаётда сабр-бардошли ва фидоий бўлиш билан бир қаторда ҳамиша маънавий-руҳий кўмакка, қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадиган аёлларга ҳам алоҳида эътибор билан қарамоқдалар.
Миллатнинг бирлиги ва жипслиги, мамлакатдаги барқарорлик ва тараққиёт оиладаги якдиллик ва аҳиллика боғлиқ. Бу прозелит аёлни тарбиялашга интилиш ортида жамиятда беқарорликни келтириб чиқариш, ижтимоий ва миллий тотувлик асосларига раҳна солишдек мақсад-муддаолар ётганини кўрсатади.
Оила — миллат ва мамлакатнинг келажаги бўлган ёшлар тарбияси амалга ошириладиган қутлуғ маскан. Шу нуқтаи назардан қараганда, миссионерларнинг аёлларга бўлган эътибори уларнинг эътиқодини ўзгартириш орқали фарзандлари дунёқарашини ҳам тегишли йўналишда шакллантириш, миллат, жамиятнинг эртанги кунини муайян йўсинга солишга бўлган интилиш билан белгиланишини ҳам таъкидлаш зарур.
Қайд этилган мисоллар ҳам миссионерлик объекти сифатида танланаётган қатламлар доираси мунтазам равишда кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Миссионерлик ҳаракатлари миллий маънавий барқарорликка жиддий таҳдидларни кутиш мумкин. Зеро, кўпгина мамлакатларда миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари шахсият ва интеллектуал таназзул, бошқалар иродасига кўр-кўрона бўйсуниш, индивидуалликнинг йўқолиши ва унинг ўзга мазмун билан тўлдирилиши, тараққиётдан тўхташ, моддий йўқотишлар, инсонларнинг ҳаёти, маънавий дунёқараши ва соғлигига салбий таъсир этувчи ҳолатларни келтириб чиқариши кузатилган. Шу боис, мамлакатимизда миссионерлик ва прозелитизм фаолияти қонун билан таъқиқлаб қўйилган.
Бироқ, таъкидлаш жоизки, фақат миллий қонунчиликда миссионерлик ва прозелитизмга қарши ҳуқуқий чоралар белгилаш билан, бундай ҳаракатларга нисбатан тегишли жазо чоралар назарда тутилиши билан ушбу ғаразли фаолиятга бутунлай чек қўйиш қийин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг салбий моҳиятини чуқур англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш, айниқса тегишли тарбиявий-мафкуравий тадбирларни мунтазам амалга ошириш зарур. Айниқса, ёшларимиз онгини ташқи ахборот майдонида мавжуд турли таҳдидлардан асрашимиз, бунинг учун эса уларда мафкуравий иммунитетнинг шаклланишига шароит яратишимиз ва уларни милий-маънавий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашимиз лозим. Ушбу йўналишда зарур натижаларга эришишда эса маҳаллалар муҳим рол ўйнашлари лозим.
Бу ўринда маҳалла оқсоқоллари, диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда имом-хатибларнинг фаоллигини ошириш алоҳида аҳамият касб этади.

А.Хайитбоев
Янгибозор тумани “Сайид кучак бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *