ҚАНДАЙ КИЙИНИШ КЕРАК

Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади. Зотан, азалдан халқимизда «Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши — кийимдур», мазмунидаги ҳикмат бор. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа шогирдларини виқорли, салобатли кийинишга ундар эдилар. Чунки бу ишда илмни ва илм аҳлини ҳурмат қилиш бор. Инсон кийим танлаш борасида миллий-диний қадриятлари чегарасида тургани яхши. Кийиниш маданияти инсоннинг диди қандай эканини кўрсатади. Ҳазрат Мир Алишер Навоий бир байтларида:
Яхши суҳан жонга оройиш,
Яхши либос танга оройиш, деб ҳикматли насиҳат берадилар.
Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун, унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишда қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради.
Инсонларнинг бошқалар ҳузурида авратни кўрсатиб юриш инсон эҳтиромига ва жамоатчилик одобига зид бўлган ишлардан бўлиб, бу иш жамият аъзолари ичида фасод тарқалишига сабаб бўлади. Инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини тушурдик” (Аъроф сураси, 26-оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир.
Дарҳақиқат либос — инсон кўрки, кийинишнинг ҳам ўзига яраша меъёрлари бор. Шу боис таълим муассасаларида кийиниш маданияти, диний ва мавсумий либосларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари, тор, калта, очиқ кийимларда юришнинг ёшлар саломатлиги ва хулқ-атворига таъсири ҳақида қайғуриш лозим. Кўча–куйда, таълим муассасаларида ва турли мажлисларда юпқа ва калта иштон кабиларни кийиб юриш ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Аслида, ҳар бир мажлис ва ҳар бир жойнинг ўзига яраша кийиниш маданияти бўлганидек, уни бошқа жойларда кийиш маданиятсизлик бўлади. Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, бизнинг барча миллий кийимларимиз нафақат маънавиятимизни, балки баданимиз, аъзоларимизни ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилади. Ёки дўппиларни олайлик. Ҳар вилоятнинг ўзига хос дўпписи бўлиб, уларга солинган нақшлар олам-олам маъно, диний ва миллий қадрият ҳикматларини ифодалайди.
Либоснинг кенглиги борасида ўртачалик – меъёрга риоя қилиниши керак. Аъзолар сиқиладиган даражада тор, жисмга ноқулайлик келтирадиган ва ҳаракатланишга халал берадиган даражада кенг бўлмаслиги лозим. Ниҳоятда тор кийимлар организмнинг қон айланиш тизими бузилишига олиб келади. Эркаклар ички кийимларининг жуда торлиги аянчли ҳолатлар келтириб чиқариши аниқланган.
Кийим кишининг жисмига мос равишда, эркин ҳаракатланишга имкон берадиган қилиб тикилган бўлиши шарт. Ниҳоятда калта ёки кичик бўлиши яхши эмас. Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим бўлади. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кийимнинг ораста, бежирим, камтаргина бўлишини тарғиб қилдилар. Эркакларни ҳарир, шойи, парча каби матолар, тилла каби матоҳлардан фойдаланишдан қайтарганлар. Самовий динларнинг ҳаммасида кийимларнинг содда, ихчам, ибодатга мувофиқ келадиган, бежирим, камтарона бўлиши талаб қилинади.
Уламолардан бири кийиниш борасида шундай деган экан: “Кийим кийишда аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва шариат билимдонлари айбламайдиган кийимни кий”.
Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида бундай ёзган: “Эркакларининг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”.
Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини “кўз-кўз” қилиб турувчи тор ва юпқа-харир кўйлаклар, энг ачинарлиси кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир. Баъзи ёшларнинг чет эл урф одатларига кўр-кўрона тақлид қилиб, тор ва очиқ юпка кийимларни кийиб, ярим ёлонғоч ҳолатда баданларини реклама қилиш орқали “Оммавий маданият”нинг жирканч унсурларини тарқатаётганликлари ачинарли ҳолат. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уриш бўлиб, кўп асрлар давомида муқаддас Ислом динига амал қилиб, бутун дунёга илм зиёсини таратиб келган ота-боболаримиз ва уларни дунёга келтириб тарбия қилган момоларимиздан ҳар бир соҳада, жумладан кийиниш борасида ҳам улардан ўрнак олишиб, уларга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қилмоғимиз зарурдир.
Кийинишига қараб, одамнинг ички дунёси ва маънавиятига баҳо бериш барча халқларда ҳам бор гап. Аждодларимиздан мерос — кийиниш маданияти ўзлигимизни англатишини, асрлар шиддатига дош берган иродамизни, сабру-қаноатимизни, пок умидларимизни ифода этишини унутмайлик. Миллий кийимлар ва безак турлари тарихимиз давомида шаклланган бўлса-да, кейинги пайтда турли ўзгаришларга юз тутаётгани сир эмас. Бу ҳол табиий. Лекин ўзгаришларни, янгиликларни оқилона қабул қилиш керак. Миллийлик инсон ботинида ҳам, зоҳирида ҳам сақланиб қолмоғи жуда муҳимдир.
Эркак ҳам, аёл ҳам кийинишда, юриш-туришда ҳамиша ҳаёли бўлиши, иффатини асраши лозим. Жаҳон афкор оммаси наздида ҳурмат-эҳтиромга эга бу халқ – ўз миллий-диний қадриятларини йўқотмаган, уларни ҳимоя қила олган ва мумкин бўлса, замон талабларига мос равишда ривожлантирилган либослар ва бошқа санъат турларига эга халқдир.
Либос замон ва миллий қадриятлар талабларига жавоб берсин. Илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқларимиз билан фахрланганимиз каби, миллий кийимларимиз билан ҳам ифтихор туйишимиз керак. Зеро, миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббатни билдиради.
Фарзандларининг қандай кийинишига, энг аввало, уларнинг ота-оналари эътиборли бўлиши лозим. Устоз ва мураббийларимиз ёшларга ҳар жиҳатдан намуна бўлишлари керак. Жумладан, кийиниш борасида ҳам.
Биз инсонийлик ва маънавият бобида дунёга танилган улуғ зотларнинг авлодларимиз. Аллома Фаридиддин Аттор айтганларидек, навниҳол ўғил-қизларимиз хатолардан ўзларини узоқроқ тутсалар, оилалари обрўси учун ҳам, мамлакатимиз шаъни учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир ажойиб удумлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди.

Қодирова Раъно
УМИ Хоразм вилояти вакили хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *