КАСБ ҲУНАР ВА МЕҲНАТ ҲАЛОЛ РИЗҚ МАНБАИ

Аллоҳ таъоло яратган нарсаларнинг ризқига ўзи кафилдир ва унинг ризқини ҳам унинг ўзи белгилайди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “(Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг асл-манбаи бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарса(ризқ)ларни аниқ ўлчов билан (сизларга) туширурмиз (Ҳижр, 21), дея марҳамат қилинади.
Демак, ризқ Аллоҳ таолодан. Инсон эса меҳнати билан ўзи белгилаб қўйган насиба йўлини очишга ҳаракат қилади. Чунки Аллоҳ таоло ризқни белгилаб, унинг йўлига тўсиқлар қўйди. Бу тўсиқларни олиб ташлашни эса инсонларнинг ўзларига қолдирди. Инсон меҳнат қилар экан, Аллоҳ таолонинг ризқ йўлига қўйган тўсиқларини очади. Ҳазрат Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида бундай дейди: “Деҳқонки дон сочар, дон сочиш билан ризқ йўлини очар”
Ривоят қилинишича, Довуд (алайҳиссалом) кечалари шаҳар айланиб юрар эканлар. Бир куни шаҳарда бир йигит билан учрашиб қолдилар. У йигитдан: “Довуд қандай инсон?” деб сўрадилар. У йигит Довудни (алайҳиссалом) танимасдан: “Ҳазрат Довуд яхши инсон, аммо бир ёмон одати бор”, дейди. Довуд (алайҳиссалом) унинг бу гапига қизиқиб: “Довуднинг қандай ёмон одати бор?” деб сўрадилар. Шунда йигит: “Ҳазрат Довуднинг ёмон одати шуки, у ўзи бирор касб қилиб, ўз ризқ йўлини очиш ўрнига, бошқаларнинг топган насибасига шерик бўлади. Бандалар ичида энг севимлиси ўз меҳнати билан кун кечирадиган кишилар эмасми?!” дейди. Йигитнинг гапидан қаттиқ таъсирланган Довуд (алайҳиссалом) уйига қайтадилар. Йигитнинг ҳақ гапи уни йиғлатади. Ва Аллоҳ таолога шундай дуо қилдилар:
“Эй Раббим, ўз ризқимни топиб ейиш учун менга ҳунар бер! Бу ҳунар билан меҳнат қилиб, ўз ризқим йўлини очай. Бошқаларнинг ризқига шерик бўлмай”.
Ҳанафий мазҳаби мужтаҳид уламолари илм талаб қилиш фарз бўлганидек, касб талаб қилиш ҳам ҳар бир инсонга фарз дейдилар. Чунки, аввало ўзини ҳамда фарзандлари ва оиласининг нафақасини таъминлаш оила бошлиғига фарз бўлган нарсадир. Шунингдек инсон ўзини ўзи эхтиёжини таъминлай олмасдан бошқаларни қўлига қараб таъмагир, боқиманда бўлиб қолишдан динимиз қайтарган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида “берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”,-деганлар. Ёшликда илм, касб-ҳунар эгалламаслик ҳаётда бошқаларга хасад билан қарашига, инсонни таъмагирликка, хорликка олиб боради. Ҳадиси шарифда таъмагирларнинг қиёмат куни юзи терисиз бўлиши таъкидланган. Ҳақиқатдан ҳам таъмагир инсоннинг юзидан ҳаё кўтарилади. У ҳамма нарсага журъатли бўлади ва натижада инсонни юзсизликка олиб боради. Бу ҳақда Пайғамбар (а.с)дан: “Қаноат қилган киши азиз бўлибди ва таъма қилган эса хор бўлибди”,-деган ҳадис ривоят қилинган. Пайғамбаримиз “халолдан касб қилишга тарғиб қилиб, ўзингиз ва харом ўртасида халолдан тўсиқ килинг” ёки яна бир хадисда “амалларнинг яхшиси халолдан касб қилмоқликдир” деганлар.
Дунёга ўзларининг бой илму адабий мерос қолдирган аждодларимиз албатта, бирор касбу ҳунарни мукаммал эгаллашган, ҳунар билан машғул бўлишган. Шу орқали улар ҳалол касбу кор қилиб таъмадан, кишининг қўлига қараб қолишдан тийилишган ва халол рўзғор тебратишган. Жумладан, мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа (р.а) савдогарлик билан, Қаффол Шоший ҳазратлари қулф ясаш, ҳазрати Баховуддин Нақшбанд эса матога нақш босиш билан билан шуғулланишган. У кишининг машҳур шиорлари “дил ба ёру даст ба кор” (дилинг Аллохда бўлсин, қўлинг ишда бўлсин) юртимизда ҳар бир кишининг дилига жо бўлган десак асло хато бўлмайди.
Ризқ йўли тўсиқларини очишни уддалай олган кишиларни тадбиркор одамлар деб айтишимиз мумкин. Бир тадбиркор одам кўплаб одамларнинг ризқ йўли очилишига сабабчи бўлади. Шу туфайли Соҳибқирон Амир Темур ризқ йўлини очишда қобилияти борлар ҳақида бундай деган:
“Менга мингта уқувсиз одамдан битта тадбиркор афзал”.
Ҳалол меҳнат қилган киши кўраётган дунёвий ризқи баробарида охират савобини ҳам қўлга киритар экан.
Бу ҳақда Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким кўчат экса, унинг мевасидан қуш, инсон ёки ҳайвон эса, эккан кишига садақа қилинганнинг савоби ёзилади” (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қиладиган бўлсак инсон дунёда яратганни рози қилиб яшаш учун ва ўзи дунё ва охиратда бахтли бўлиши учун албатта касби ёки хунари орқасидан ҳалол ризқ топишга харакат қилиши лозим экан. Шунда қилинсагина ҳам динига ҳам ватанига содиқ ҳизмат қилган ва уни яратган зотнинг розилигига ноил бўлар экан.

Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *