ИСЛОМ ДИНИДА ҒОЯВИЙ ВА СИЁСИЙ ОҚИМЛАР

Диний экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.
Динийэкстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган.
Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам диний экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Юқорида қайд этилганидек, диний экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.
“Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар.
Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”.
Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”.
Ҳозирда дунёда кўплаб экстремистик ва террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, афсуски, уларнинг муайян қисми ислом дини ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторида “ал-Қоида”, “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” (Озодлик исломий партияси), “ал-Жиҳод”, “ат-Такфир вал-ҳижра” (Такфир ва хижрат), “Туркистон ислом ҳаракати”, “Исломий жиҳод иттиҳоди” (Исломий жиҳод уюшмаси), “Катибатул Имам ал-Бухари” (Имом Бухорий батальони), “Жамоат Ансоруллоҳ” (Аллоҳнинг ёрдамчилари жамоаси), “Жабҳатун-нусра” (Ғалаба фронти) ва “Ислом давлати” каби ташкилотларни санаш мумкин.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунга келиб диний-экстремистик ташкилотлар кенг тармоқли тизимга айланиб улгурди. Бу чуқур ўйланган стратегиянинг бир қисмидир.
Аввало, барча экстремистик ташкилотлар бир тадқиқот маркази, таъбир жоиз бўлса, “ғоявий лаборатория”лар маҳсули эканини алоҳида қайд этишимиз лозим. Шу ўринда, диний-экстремистик оқимларни бажарадиган функцияларига кўра шартли равишда 3 гуруҳга бўлишимиз мумкин.
Биринчи гуруҳга кирувчи ташкилотларнинг асосий вазифаси одамларни гўёки “исломлаштириш”, “тақвога чақириш”дан иборат. Бундай гуруҳлар қаторига “Таблиғчилар” ҳаракатини киритиш мумкин.
Иккинчи гуруҳ ташкилотлари эса аҳолига мутаассиблик ғояларини сингдириш, улардан муайян ғоя ва раҳнамога оғишмай, сўзсиз эргашадиган “кадр”ларни тайёрлаш билан шуғулланади. Бундай гуруҳлар қаторига “Ҳизбут-таҳрир” каби диний-экстремистик ташкилотларни киритиш мумкин.
Учинчи гуруҳга мансуб ҳаракатлар эса ҳеч қандай асоссиз мусулмон диёрларни “куфр диёри” деб  эълон қилиб, у ердагиларни  “ҳижрат” қилишга ундаш орқали турли низо ва фитна ўчоқларига жалб қилиш, қўлга қурол олиб тинч аҳоли вакиллари ва бошқа дин вакилларини қириш орқали минтақада уруш оловини ёқиш, жиҳод тушунчасини нотўғри талқин қилиш орқали ёшларни қотилликлар қилишга чорлаш билан шуғулланадилар. Бу гуруҳга барча террорчи ташкилотларни киритишимиз мумкин.
Бугунги кунда ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларга зид бўлган диний мазмундаги маҳсулотларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатишга уриниш ҳолатлари Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Бу каби экстремистик руҳдаги маҳсулотларни интернет ва бошқа йўллар орқали тарқатилиши аҳоли томонидан диннинг нотўғри талқин этилишига, кам маълумотга эга ўқувчилар маънавий онгининг бузилишига, турли эътиқод ва қарашларга эга бўлган одамлар, хусусан ёшлар орасида адоват ва хусумат уйғонишига замин яратмоқда. Шу билан бирга, бундай фаолиятлар ҳукуматга қарши йўналтирилган ва Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигига муайян тарзда таҳдид солишни мақсад қилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда турли гуруҳ ва оқимлар томонидан диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилишда, жамиятда норозилик кайфиятини тарқатишда ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилмоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга “куфр диёри”, “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, “халифаликни тиклаш” каби ғоялар сингдирилиб, улар турли тўқнушув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Турли кучларнинг ноғорасига ўйнаётган диний-экстремистик ва террорчи оқимлар томонидан у ерларда амалиётни ўтаб келган ақидапараст, дийдаси қотган, мустақил фикрлашдан маҳрум, раҳнамоларининг ҳар қандай буйруқларини қонун деб билувчи зомби-жангарилардан тинч минтақаларда ҳам турли низолар ва беқарорликларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мақсади бугун кўпчиликка аён ҳақиқатдир.
Турли бузғунчи оқимларнинг домига илиниб қолмаслик учун ёшларимиз қуйидагиларга эътибор қаратишлари лозим:
— диний-экстремистик руҳдаги сайтларга кирмаслик. Бундай сайтларнинг аломатлари: жойлаштирилган материалларда “ҳижрат” ва “жиҳод”га даъват қилиш, дунёвий ҳукумат ва тузумларни кофирликда айблаш, давлат мустақиллиги, Янги йил, Наврўз, 8-март каби байрамларни, туғилган кунни нишонлашни ҳаром деб эълон қилиш, Афғонистон, Покистон, Ироқ, Сурия каби мамлакатлардаги жангариларни мадҳ этиш. Шунингдек, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб, Ибн Таймия, Носириддин Албоний, Саййид Қутб, Айман аз-Завоҳирий, Усома бин Лодин, Абдували қори, Обид қори, Рафиқ қори, Рашод қори каби ақидапараст шахсларнинг китоблари, фатволари, аудиомурожаатлари, савол-жавоб шаклидаги маърузалари мавжудлиги;
— ижтимоий тармоқлар, турли форумларда диний мавзуда илмоқли, нозик саволлар бериб суҳбатга чорлаётган шахслар билан мулоқотдан тийилиш, дунёвий жамиятни танқид қилиб, мутаасибона диний турмуш тарзини даъват қилаётган шахслар билан умуман алоқа қилмаслик;
— электрон почта орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик, юборилган электрон материалларни юклаб олмаслик;
— мобил телефонларга билиб-билмай мутаассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратлар, видеороликлар юклаб олмаслик ва тарқатмасик.
— эҳтиёж туғилган диний мавзудаги маълумотларни фақат “uz” доменида расмий фаолият олиб бораётган давлат ва диний ташкилотлар сайтларидан олиш.
Юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Бу, авваламбор, Аллоҳ таолонинг бизга раво кўрган чексиз инояти бўлса, иккинчидан, ҳукуматимиз томонидан виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлашда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасидир.
Шундай экан, диний-экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз ўз масъулиятимизни ҳис этишимиз, огоҳ бўлишимиз, ватанимизнинг келажаги учун жавобгар эканимизни унутмаслигимиз лозим.

А.Машарипов
Янгиариқ туман “Хазрати Ғойиб ота”
масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *