ТИНЧЛИК НЕЪМАТЛАРНИНГ ЭНГ УЛУҒИДИР

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Тинчлик-барча халқларнинг азалий орзуси бўлиб келган. У инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланади.  Бу  неъмат бебаҳо экани ислом дини манбаларида ҳам такрор – такрор айтилган.  Хусусан, Қуръони каримнинг 50 дан зиёд суралардаги юздан ортиқ оятларида мусулмонлар тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“…Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”. (Бақара, 60), деб таъкидланган.
Ҳадиси шарифларда ҳам  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейди: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” – дея инсонларни тинчликнинг қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга даъват этади. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиригани бежиз эмас, албатта. Шунингдек, доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч — сен тинч”, “Тинчлигинг — ҳурлигинг” каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлайди,
Ҳар куни уч маҳал дастурхон атрофида жам бўламиз. Юзимизга фотиҳа тортишдан аввал “тинчлик ҳотиржамлик бер!” деб яратгандан умид қиламиз. Кимдир бу калимани астойдил юракдан айтади. Кимдир бепарво пичирлайди. Ҳудо эса “мажҳул қалбнинг дуосини қабул қилмаслиги” тўғрисида ҳадиси шариф ворид бўлган. Шунинг учун биринчи айтар сўзим шу: Азизлар дуони чин дилдан қилайлик, тинчлик-омонликнинг бардавом бўлишини залил бўлиб, хор бўлиб сўрайлик. Шояд дуоларимиз ижобат бўлса…
Иккинчи истагим қуйидагича: энди фақатгина яратгандан сўраб, амалий ҳаракатдан тўҳтаб қолмайлик. Айтайлик оиламиз, қўни-қўшнимиз, маҳалламизда нотинч оила бордир. Уларнинг масаласига бепарво бўлмайлик. Икки-уч мўйсафид шу хонадонга чиқиб астойдил, чин юракдан маслахат берайлик. Оила бузулмасин ахир бир эр-хотиннинг ажралишидан икки қондош душманга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Яна бир тилагим шуки, ҳар бир ақли расо инсон ўзини мактаб, лицей, маҳаллага астойдил хизматкор деб билсин. Ёшлар тарбияси, улар комиллигига оз бўлсада ҳисса қўшсин. Маҳалла йиғини, ота-оналар мажлислари ҳамонки кўнгилдагидай ўтмаяпти, келганлар келяпти, келмаганлар эса ундан кўп.
Маҳаллада янги оила қурилар экан,ҳар бир инсон унинг равнақи учун ўзини даҳлдор сезсин.кимдир “олтин тоғ”ни ваъда қилаётганлар сўзига мойил бўлаётган экан, уни бу йўлдан қайтарайлик. Ҳар бир йигит-қиз ўзининг ўсмирлик, яратувчилик қуч-қувватини фақат Ўзбекистонимиз учун сарфласин. Шундайлар ҳам борки, улар умр бўйи Россияда, Қозоғистонда… ҳуддики олий юртларда пул топиш осондай аммо вақти соати ўтиб  саломатлигини йўқотиб, ўғил-қизларига юк бўлиб қолаётганлар қанча… бахтсиз тасодифми, ёки касалиданми вафот этиб келаётганлар қанчадан қанча…
Биз мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлсак, Унинг чақириғига итоат этиб, юртимиз ва хонадонимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги ҳамда охиратимизнинг обод бўлишига панд берадиган унсурлардан огоҳ бўлмоғимиз, уларни бартараф этиш учун саъй ҳаракат қилмоғимиз лозим. Шундай экан, ҳозирги кунимизда улуғ неъматимиз бўлмиш тинчлик ва хотиржамлигимизга бепарво бўлмай, унинг қадрига етайлик, уни асраб авайлайлик, ундан икки дунёмиз учун манфаатли бўлган ишларни амалга ошириб фойдаланайлик!

М.Ёқубов
Хонқа туман “Сайид ота”масжиди имом-хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *