Ақидапараст оқимларнинг соҳта ғояларидан жамият ва ислом динини ҳимоя қилиш — муқаддас бурчимиздир.

Истиқлолимиз шарофати билан, шукрки, диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Мамлакатимиз моддий ва маънавий жиҳатдан кун сайин тараққий этаётир. Лекин, афсуски бу неъматлардан фойдаланиб, ношукрлик қиладиганлар ҳам учраб турибди. Айникса, бузғунчи ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолатга кетганларнинг ҳам борлиги кишини ранжитади. Халқимизни бундай кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун уларни тўғри йўлга солиш, биз уламолар ва маърифат аҳлининг юксак вазифасидир.
Жаноб Пайғамбаримиз (САВ) ўзларидан кейин адашган фирқалар пайдо бўлишидан огоҳлантирганлар. Ушбу оқимлар томонидан ғаразли талқин қилинаётган ҳижрат, жиҳот ва такфир тушунчалари аслида қуйидагича изоҳланади.
Ҳижрат масаласида. Ҳижрат кўчиш, тарк этиш демакдир. У икки хил бўлади. Биринчиси: фарз ибодатларини бажаришга умуман имкон бўлмаганда, зулмлар кўпайганда дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлидаги маконий ҳижратдир. Иккинчиси: гуноҳ – маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги Муҳаммад (САВ) нинг бир қатор кўрсатмалари баён қилинган. Жумладан, Ибн Умар (РА) дан ривоят қилнган ҳадисда : “Ҳижратнинг энг афзали – Аллоҳ таола қайтарган нарсани тарк этмоқдир”, дейилади (Имом Аҳмад ривояти)
Жиҳод масаласи. Ушбу сўз “ғайрат қилимоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ” каби маъноларни англатади. Илгари “жиҳод” дейилганида Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун курашиш тушунилган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси “душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан курашишдир. Масалан, Нажмиддин Кубродек улуғ авлиё она-Ватанини мудофаа қилиш учун ғанимларга қарши курашганлар.
Такфир масаласи. Бу иборанинг маъноси мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир. Ҳадиси шарифда ўзга шахсни кофирга чиқаришдан огоҳлантирилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (САВ) айтадилар: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, деса, у сўз иккисидан бирига қайтади.”
Биз йигит-қизларимизниинг бузғунчилар таъсирига тушиб қолмаслиги, эътиқодларидан, миллий қадриятларимизда узилмасликлари жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб боришимиз даркор.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч ва ҳаётимизни янада фаровон қилсин.

М.Абдуллаева
Хива тумани етакча отинойиси в.б.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *