АЛЛОҲГА ЯҚИНЛАШТИРАДИГАН БАЙРАМ

Зулҳижжа кунларига, ҳаж кунларига бизларни соғ саломат етказган, қурбонлик қилиш учун бизларга ҳидоят берган, бойлик берган, ийдларни байрам қилишликка бизларга имконият берган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Барча ибодатларни бизларга бирма бир ўргатган Расулимиз, саййидимиз Муҳаммад Мустафо с.а.в.га чексиз дуруду салавотлар бўлсин.
Улуғ байрам Қурбонлик ҳайити куни имкониятлари бўлган мусулмон уммати Аллоҳ йўлига ўзларининг тайёрлаб қўйган жонлиқларини қурбон қиладилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони азимуш шаънда марҳамат қилади: “Биз (ўтган) барча умматга қурбонлик қилишни буюрганмиз Аллоҳ таоло берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз”.
Пайғамбаримиз с.а.в.дан Қурбонлик қилиш ҳақида сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, узҳия нима?” Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Отангиз Иброҳим а.с.нинг суннатидир”. Яна сўрадилар: “Ундан бизга нима фойда бор?” Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳар бир туки учун савоб бор”.
Қурбонлик қилиш муқим ва бой мусулмон кишига вожибдир. Қурбонлик ҳайвонларига тўрт хил чорва киради: қўй, эчки, қорамол ва туя. Қолган гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар гарчи гавдаси қанчалик катта бўлса ҳам қурбонликка сўйилмайди. Қорамол 2 яшар, туя 5 яшар, эчки ва қўчқор бир яшар бўлиши керак. Олти ойликдан ўтиб, етти ойликка ўтган қўчқор гавдаси бир яшар қўчқордек бўлса, қурбонлик қилса раводир. Қўй ва эчкининг эркаги, туя ва қорамолнинг урғочиси бўлса афзал. Пайғамбаримиз с.а.в: “Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади!”, деб марҳамат қилганлар.
Қурбонликнинг гўштини тақсимлашда учга бўлиб, бир қисмини фақир қариндошларига, бир қисмини қўшниларига ва бир қисмини ўз оиласи олиб қолади. Қурбонлик қилишга Аллоҳдан амр келгач, у Зот (с.а.в): “Имконияти бўла туриб қурбонлик қилмаганлар бизнинг масжидларимизга келмасин”, дея танбеҳ бердилар.
Қурбонлик арабчадан олинган сўз бўлиб, “яқин бўлиш” маъносини англатади. Яъни бизлар Аллоҳ таоло йўлига жонлиқ сўйиб, Аллоҳга яқинлашамиз. Чунки бу ҳам бир ибодатдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларида у ерлик халқлар йилнинг икки вақтида байрам нишонлаш одатлари бор эди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. улардан:- Бу қандай кун?, деб сўраганларида, улар:- Биз жоҳилият вақтидан буён нишонлайдиган кунларимиздир, деб жавоб бердилар. У Зот: — Аллоҳ таоло бизларга булардан кўра яхшироқ икки кунни: Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларини байрам қилиб берди, деб марҳамат қилдилар.
Динимиз ривожи учун, мусулмончилигимиз байрамини юқори шукуҳ ила ўтказиш учун ҳар йили муҳтарам Юртбошимизнинг чиқарган қарорлари албатта бизларнинг қалбимизга тенгги йўқ хурсандчилик олиб кирди. Чунки бу икки байрам Ийдул Фитр ҳамда Ийдул Азҳо кунлари барча Ўзбекистон фуқаролари дам олишади ва байрамларини тўлалигича ўтказишади. Юртбошимизнинг бу чиқарган қарорлари Расулуллоҳнинг ушбу ҳадисларига жуда мувофиқдир: “Албатта қурбонлик куни ейиладиган, ичиладиган ва Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилинадиган кундир”.
Аллоҳ таоло ушбу улуғ байрамни барчамизга муборак қилсин!

Ш.Болтаев 
Ҳазорасп тумани Шайх Қосим бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *