ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАЙЛИК

Бирор инсон кишилар жамиятидан айрилиб, ўзича яшай олмайди. Инсон зоти борки, бошқа одамлар билан ўзаро муносабат ўрнатишга, бошқалар билан аҳил, тотув яшашга мажбур. Бу эса, кишилик жамиятининг ажралмас қонунидир. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир.
Буларнинг ичида энг муҳими, энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан ҳисобланади. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади ва шу нарса орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади.
Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат этади:
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.
Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди:
“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”).
Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда “силаи раҳм” дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган. Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолайди
“Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “ал-Мийсоқ”ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларини силаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.
Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат бериб, бундай деганлар:
“Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим). Бирон-бир киши: “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам, менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам, буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришдан қайтарганлар. Уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”
— Ҳар пайшанба ва жума кечаси одамларнинг амаллари тўғрисида Аллоҳга хабар берилади .Шунда силаи раҳм қилмаганларнинг ( қариндошлик алоқасини узган- ларнинг) яхши амалларини Аллоҳ таоло қабул этмайди. (Буҳорий ва Муслим ривояти).
— Ибн Масъуд бомдод намозидан кейин бир жамоат ичида ўтирарди.
“Худо хаққи, қон –қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса,орамиздан туриб кетсин! Биз Раббимизга дуо ўқимоқчимиз. Қон –қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлган жойда осмон эшиклари ёпиқ бўлади,дуолар қабул бўлмайди” дедилар. ( Тобароний ривояти).
Атрофимизда, ўз отаси ёки онасининг ёши кексайиб, қариган чоғида уларни кексалар уйига ташлаб, уларнинг ҳолидан хабар олмаётган фарзандлар йўқми? Ёки хотинининг гапига кирибми, ё ,мол –дунё ,ё, уй –жой талашибми ўз туғишган ака- ука ва опа- сингиллари билан урушиб юз кўришмайдиган бўлиб кетганлар қанча ? Ҳавою- нафсга берилиб ўзини ўйлаб, амал ва мансабга миниб ночор қавму- қариндошларини ўзига тенг кўрмай силаи раҳмни узаётганлар.Минг афсуслар бўлсинки , булар ҳақида эшитсанг дилинг ранжийди . Бундайлар кўзини очсинлар, узилган муқаддас риштани қайта мустахкам боғласинлар, Аллоҳ таолонинг амрига қарши бормасинлар.
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки бунинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади:
Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини улашга буюргани ҳолда гумроҳ кимсалар хеш-ақраболарига силаи раҳм қилмай, бу ришталарни ҳам узишади. Оқибатда улар жаннат юзини кўришмайди.

И.Собиров
Хонқа тумани “Хўжа Нураддин бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.