ОГОХ ВА СЕРГАК БЎЛМОҚ ИНСОН ҲАЁТИНИНГ ГАРОВИДИР

Дунёнинг турли жойларида ҳар-хил можаролар келиб чиқяпти. Агарда сергак ва хушёр бўлмасак ушбу таҳдид бизнинг тинч, фаровон юртимизга ҳам маълум маънода таъсир қилиши мумкин. Ўз ёвуз мақсадларига эришиш йўлида интернетдан фойдаланаётган террорчи гуруҳлар тарқатаётган ёлғон-яшиқ маълумотлар, сохта даъватлар, иймони суст, фикрлаш доираси тор ёшлар онгига таъсир ўтказиши табиий ҳол. Бу эса бизларни ҳар доим огоҳлик ва сергакликка чорлайди.
Жаҳондаги Африка, Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёдаги 15 дан ортиқ бузғунчи гуруҳлар ИШИДнинг ҳатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. Афсуски, ИШИД таркибига қўшилаётган жоҳил кишиларнинг сони камаймаяпти, булар орасида ёшларимиз ҳам борлиги жуда ҳавотирли ҳолат. Энг ажабланарлиси, охирги пайтларда зўравонларга қўшилаётган аёл-қизлар сони ҳам оз эмаслиги маълум бўлди.
ИШИД жангарилари кенг қамровли экстремистик фаолият олиб боради. Уларнинг ҳаракатлари Ироқ ҳудудидаги чет эл ҳарбий кучлари, Ироқ ҳарбийлари, фуқаролар ва бино иншоотларни йўқ қилишга қаратилган. Ташкилот Сурия, Ироқ ва Ливанда Ислом давлати қуришни мақсад қилган. Мусулмон уламолари томонидан ушбу террорчи ташкилотнинг қабиҳ ниятлари Ислом динига мутлақо зид экани кўп таъкидланди. Бироқ шунга қарамай, айрим жоҳил кимсалар ИШИДни қўллаётгани ёки унинг сафида жанг қилишга отланаётгани жуда ачинарли ҳолатдир.
ИШИДчилар эса турли йўллар билан аёлларни ўғирлаб, жинсий қулликка гирифтор қиляпти. Бировнинг ҳасми бўлган аёл-жувонлар, ҳали турмушга чиқмаган қизларнинг номусига тажовуз қилиш ва жангариларга мажбуран хотин қилиб бериш одатий хол. Бу зўравонлик қайси диний тамойилга, қайси қонунга тўғри келади?!
Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб олган бу ҳайвоний нафс қуллари қиёматда жирканч қилмишлари учун Аллоҳ таоло ҳузурида жавоб беришга ишонмайдилар.
Бугун уларнинг урушлари сабабли қанчадан-қанча болалар етим қоляпти, қанчаси қурбон бўляпти. Жиноятчиларни бу норасидаларнинг уволи тутмайдими? Уларнинг дарё-дарё қонлари, кўз ёшлари, жангариларнинг икки дунёсини куйдириб юбормайдими?!
Жобир (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи васаллам): “Зулмдан қўрқинглар. Чунки зулм қиёмат кунида зулматдир”, дедилар. (Имом Муслим).
Энди бир ўйлаб кўринг, мўмин-мусулмонларни қасддан ўлдираётган, молига, жонига ҳеч иккиланмай тажовуз қилаётган золимлар мусулмон бўлиши мумкинми?!
Қуръони Каримда: “Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир, яна унга Аллоҳ ғазаб қилғай, лаънатлагай ва унга жаҳаннам азобини тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93), дейилган. Пайғамбар (алайҳиссалом); “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг тугашидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.
Шунинг учун биз мусулмонлар бундай бузғунчи оқимларнинг пуч ғояларига учмайлик.
Фарзандларимизни уларнинг домига тушиб қолишидан сақлайлик. Аҳиллик, иттифоқлик бор жойда баракот бўлади. Шу боис бир тану бир жон бўлиб, қабиҳ ниятли, ғаламис кимсаларнинг найрангларидан огоҳ ҳолда, Имоми Аъзам мазҳабида мустаҳкам туриб, муқаддас динимиз софлигини кўз қорачиғидек асрайлик.

У.Шерметов
Ҳазорасп тумани “Хазрати Довуд” масжиди
имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *