ОЗОД ВА ОБОД ВАТАНИМСАН-ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ

Байрамлар инсонларга қувонч бахш этиш билан бирга, босиб ўтган йўлинга назар ташлаб, мушоҳада қилиш, тегишли хулосалар чиқаришга ундайди. Жонажон юртимизнинг мустақиллик байрами арафасида турибмиз. Яқин ўтмишимизни бир кўз олдимизга келтирайлик.
Мустабид тузум даврида ислом динининг мазмун-моҳияти, асл ҳақиқатларини билишга уринганлар учун барча эшиклар ёпилган эди. Одамлар ибодатларини эмин-эркин адо эта олмас эдилар. Динимизга нисбатан тазйиқ авжига чиққан эди. Масжиду мадрасалар турли омборхоналарга айлантирилди, аҳли илм, дин арбоблари ва зиёлилар “халқ душмани” сифатида қатағон қилинди. Лекин бундай зуғумлар халқимиз қалбидаги муқаддас динимизга бўлган ишонч, эътиқодни сусайтира олмади.
Истиқлол қуёши порладию динимиз инсонларнинг руҳиятига, онг шуурига янада чуқурроқ кириб борди. Халқимиз улуғ мутафаккирларимизнинг илмий меъросларидан баҳраманд бўла бошлади. Авлод-аждодларимизнинг юрагидан жой олган беқиёс диний-маънавий бисотлар муҳтарам юртбошимизнинг саъй- ҳаракатлари билан ўзимизга қайтарилди. Ҳаробага айланган масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қайта обод қилинди. Бугун юртимизга қадам қўйган меҳмон “Ҳазрати имом”, “Имом- Бухорий” зиёратгоҳларини, Самарқанд, Хива, Бухоро каби тарихий йирик шаҳарларимизни бир кўрмасдан кетолмайди.
Юртимиз фуқаролари эътиқод эркинлиги қонун билан муҳофаза этилгани, Ислом динига жуда катта эҳтиром кўрсатилатёганини юрагидан ҳис этади. Бунинг яна бир далили ҳар йили ҳаж ва умра зиёратига минглаб юртдошларимиз бориб, ибодатларини чиройли тарзда адо қилиб келаётганидир. Зиёратчилар ҳаж амалларини бекаму кўст бажаришлари учун ҳукуматимиз томонидан барча қулайликлар яратилган. Ҳозир юртимизда Тошкент Ислом унверситети, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти, бир қанча Ислом ўрта махсус билим юртлари қаторида бизнинг Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ислом ўрта махсус билим юрти ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. Мадрасамизни тугатган талабалар бугунги кунда нафақат Хоразм балки юртимизнинг барча вилоятларида, масжиду мадрасаларда фаолият кўрсатиб, муқаддас Ислом динимизнинг соф таълимотини юртимиз фуқароларига етказишда, ёшларни турли хил бузғунчи оқимлар ва фирқаларга кириб кетишини олдини олишда жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Бугун ўз оиламиз, маҳалламиз, шаҳару қишлоқларимизда рўй бераётган янгиланишлар, ижобий ўзгаришларни равшан шуур кўзи билан кузатиш, холисона хулоса чиқариш қалбларимизга шукрона бағишлайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар шукр қилсангиз мен неъматларимни бунданда бисёр қилурман”,–деб марҳамат қилади. Шу шукронани фарзандларимиз, ёшларимиз онгига илм-маърифат нури билан сингдириш бурчимиздир. Зеро, бу яхшиликлар, қулай шароитлар ва фаровон ҳаётни бундан чорак асргина муқаддам тасаввур ҳам эта олмасдик.
Мустақиллик сабаб узоқ йиллар мустабид тузум азобини тортган халқимиз елкасига офтоб тегди. Ана шу эркинликдан, яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиш, унинг шукронасини қилиш, ҳалол меҳнатимиз ва азму шижоатимиз билан ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш учун бугун ҳар биримиз масъулмиз.
Тинчлик қарор топган жойда хотиржамлик ҳукм суради, инсонлар эмин-эркинликда яшаб, келажак авлодларни камолотга эришиш йўлида тарбия қиладилар. Бу натижаси ўлароқ жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундан келиб чиқадики, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Бунинг учун эса инсон ўз зиммасига юклатилган, тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини тўла қонли тарзда бажармоғи лозим.
Жаннатмакон юртимиз мустақил Ўзбекистонимизда ҳар бир жабҳада юксалиш ва ривожланишлар рўй бериб, шаҳар ва қишлоқлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Албатта буларнинг барчасининг негизида юртимиздаги тинчлик ва ҳотиржамлик ётади. Бу тинчлик ва осойишталикни доимий сақламоқ учун эса, шу юртнинг ҳар бир фарзанди Ватан тинчлиги ва тараққиётини маълум бир соҳа вакилларининг вазифаси деб қарамасдан, балки, менинг бурч, менинг ор-номусим деб билиб, бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқликлари ва фидойилик кўрсатмоқлари лозим
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “кундалик ҳаётимиздан сабоқ чиқариб, эртанги кунимизнинг, келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворини бугун яратиб, бу Ватан меники, уни ҳар қандай бало-қазолардан асраш, ҳимоялаш учун мен курашмасам, ким курашади, деган даъват билан яшаш барчамизнинг, авваламбор, ёшларимизнинг –менинг фарзандларимнинг бурчига айланишини истардим”,- дейишлари ҳам бежизга эмас.
Юртимиздаги ривожланиш ва юксалишларни кўра олмайдиган, ундаги имкониятлар, ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлишга ҳаракат қилаётган, бу йўлда ҳар хил фитналар билан нотинчлик келтириб чиқаришга уринаётган қабиҳ ниятли гурух ва тоифаларнинг мавжудлиги, ундан ҳам ёмони бундай душманларга ёрдам беришга интилаётган хоинларнинг топилиши бизни ҳар доим огох бўлишга чорлайди.
Халқимиз бежизга ўз дуоларида Яратгандан юртга тинчлик, халққа фаравонлик тилашмайди. Чунки бу неъматлар энг олий неъматлардир.
Аллоҳ таоло барчамизга тинчлик ва ҳотиржамликни қадрига етиб, унинг шукрини адо қилишимизни насиб қилсин, мустақиллигимиз ва тинчлигимизни бардавом қилсин, осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, осмонимизни мусаффо этсин, омин!

Н.Шожонов
Янгиариқ тумани “Ҳожи бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *