ОГОҲЛИК ФАРОВОН ҲАЁТ ГАРОВИ

Ҳар бир мусулмон турли фитна-фасод ишлардан, бузғунчилик, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасига тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан сақланиши фарз ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсон зотига сон-саноқсиз неъматларни ато қилган. Қуръони каримнинг “Наҳл” сураси 18-оятида: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир”, дейилган. Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Мустақиллик, тинчлик-осойишталик ва фаровон ҳаёт ҳам Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан ҳисобланади. Бугунги кунда диний экстремистик ва террористик оқимлар мана шу неъматларга путур етказиш учун инсонлар ўртасига тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш орқали ҳар хил фитналарни келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 191-оятида: “…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…”дейилган.
Бугунги кундаги экстремистик ва террористик оқимларнинг фаолияти ва ғоялари ҳар хил бўлсада мақсадлари бир хил, тинчлик-осойишталик ва фаровон ҳаётга путур етказиш, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш ва ўзларининг ҳокимятини ўрнатиш каби фитнадан иборат. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди.
Бугунги кунда дунё миқёсида эътиқод ва маслак курашининг кескинлашуви кучайган бир пайтда ўзини фуқаро сифатида англаётган барча юртдошларимиздан турли ички ва ташқи кучлар томонидан мамлакат мустақиллигига қилинаётган фитналар турли тажовузлар моҳиятини тўғри ва теран англаш, бунёдкорлик ва бағрикенгликка асосланган дунёвий тафаккур ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб ва ташвиқ этиш талаб этилади.
Шунинг учун бундай иллатлардан қутилиш учун, уларнинг олдини олиш учун буюк аждодларимиз қолдирган бой меросимиз дурдоналарини чуқур ўрганишимиз ва уни ҳаётга татбиқ қилиб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Шундагина ёш авлодларимиз ҳар хил ёт ғоя ва фитналарга берилмайдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бундан бир аср муқаддам атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдурауф Фитрат: “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган эди. Бундай фитналардан мамлакатимиз мусулмонлари ҳам ниҳоятда огоҳ бўлишлари лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун, ҳаётимиз фаровон бўлиши учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш, айниқса, ота-оналар, уламолар ва биз имом-хатибларнинг асосий бурчимиздир.

М.Хабибуллаев
Гурлан туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *