МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ АБАДИЙ БЎЛСИН

Истиқлол юртимизга ҳар соҳада юксалиш имконини берди. Миллатимиз озодлиги, ҳуррият учун жон олиб, жон берганлар миллат тақдири ва юрт келажаги учун курашган­лар. Шукрки, бугун ўзимиз ўзимизга хонмиз.Ўз бойлигимизга ўзимиз эгамиз. Юртимизнинг ер ости ва ер усти бойликларига фақат ўзимиз эгалик қилмоқдамиз. Дунё давлатлари олдида ёруғ юз билан спорт, маданият, таълим соҳаларида илғор ёшлар ғалабалари билан бормоқдамиз. Бу имконият, бун­­дай тинч ва фаровон кунларга ҳар қанча шукрона айтсак кам.
Албатта, мустақил ва тинч юрт ўзида ғурур ва ифтихорни мужассам этади Аллоҳ таоло ўз каломида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (Қуръон билан) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).
Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Имом ал-Бу­хорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Замахшарий, Ал-Фарғоний, Хожа Аҳрор Валий сингари аждодларимиз номи қайта тикланди. Собиқ шўро даврида чет давлатларга тортиқ қилиб юборилган дурдона асарларимиз яна халқимиз маънавий мулки сифатида ўзимизга қайтарилди.
Зеро, энг улуғ ва энг азиз кун сифатида тантана қилиш анъанага айланган ушбу умумхалқ байрамимиз, барчамизни мустақиллик берган неъматларни яна бир бор чуқур мушоҳада қилишга ундайди. Дарҳақиқат, мустақиллик— юртимизда халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, миллий онг ва қадр-қимматни тиклаб, барчага ўзликни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган бебаҳо неъматдир. Бугун эса, Ўзбекистон — муқаддас ислом динимиз тикланган, уни пок сақлаш, турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан ҳимоя қила оладиган, йилига 7200 нафардан ортиқ фуқароларимиз ҳаж сафарига ташриф буюриш имконига эга мамлакатга айланди.
Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимизнинг барча ҳудудлари тобора обод ва гўзал бўлиб бормоқда.
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз — эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

У.Мадаминов
Боғот тумани “Назар ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *