Миссионерлик ҳамжиҳатлик кушандаси

Бугунги кунда жамиятимизда шундай бир гурух инсонлар пайдо бўлганки, улар инсонларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда биринчиликни эгаллашга жонбозлик қилмоқдалар. Улар жамиятдаги кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар, озиқ-овқат, кийим-кечак ва ҳаттоки “руҳий” ёрдамлар ҳам кўрсатишмоқда. Касал бўлган инсонларга тиббий ёрдамлар кўрсатишда ҳам илдамлик сари ҳаракат қилиб, ўзлари учун мақбул бўлган беморларнинг барча ҳаражатларини кўратмоқдалар. Улар яна асосан ёшлар учун бепул ва “беғараз” ҳар хил рангли ва сифатли қоғозларга нашр қилинган китоблар тарқатишиб, уларнинг маънавиятини “юксалтириш”га ҳаракат қилишмоқдалар. Ёшларнинг интелектуал салоҳиятини “ошириш” мақсадида инглиз тили, компьютер курслари ташкил қилиб, иқтидорли ёшларни чет элларда ўқиб келишлари учун шароитлар ҳам яратиб беришмоқда. Ундан ташқари ёшларимиз зерикиб қолишмасин деб, ҳар хил кўнгил очар тадбирлар, учрашувлар, кансертлар ва ҳаттоки тунгги кўнгил хушликларни ҳам ташкил қилишмоқда. Уларнинг сафига қўшилганларга эса, алоҳида имтиёзлар берилиб, етарлича миқдордаги моддий рағбатлантиришлар ҳам қилишмоқдалар.

Лекин булар кимлар, уларнинг асосий мақсади нима, “текинга мушук офтобга чиқмас” деган масалга сўзсиз амал қилувчи Ғарбликлар бизга нима учун бунчалик ғамхўрлик қилишмоқда. Бу инсонлар ўзларининг кўрсатаётган ёрдамлари, тарқатаётган бежирим китоблари, уюштираётган саёҳатлари, амалга ошираётган кўнгил очар тадбирлари орқали асосан бизнинг эртангги кунимиз вакиллари бўлган ёшларимизни Христианлик динига даъват қилиб, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган муқаддас Ислом динидан оғдиришга ҳаракат қилишмоқда. Уларнинг бу ҳаракатлари миссионерлик фаолияти деб аталиб, бу уларнинг бизга бўлган муҳаббатидан эмас, балки ўзларининг ғаразли сиёсий мақсадларини амалга ошириш йўлидаги ҳаракатларидир.

Миссионерлик ҳақида сўз юритар эканмиз аввало унинг таърифи ҳақида гапирмасдан иложимиз йўқ.

Миссионерлик — бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир. Миссионерлик асосан, христианликка хос бўлиб, 4-асрда пайдо бўлган.

Ҳозирги кунда миссионерлар кириб бормаган, улар фаолият юритмайдиган мамлакат дунёда топилиши қийин. Миссионерлар кўп соҳаларни ўз назоратларига олиб, ана шу соҳалар бўйича ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. Бу соҳалар сафига биринчи ўринда таълим соҳаси, соғлиқни сақлаш, гуманитар беғараз ёрдамлар ва турли бошқа ижтимоий соҳаларни киритишимиз мумкин. Ҳозирги кунда миссионер марказлар қўлида жуда ҳам катта маблағлар тўпланган. Замонавий миссионерлар ўз фаолиятларида янги-янги замонавий услублардан фойдаланишмоқда. Уларнинг қўл остиларида энг янги алоқа, техника-транспорт воситалари мавжуд. Улар илк миссионерлар фойдалана олиш имкониятига эга бўлмаган аудио визуал ва турли электрон воситалардан фойдаланишлари мумкин. Қўлларидаги катта маблағ уларнинг олдиларидаги барча эшикларни очиб ташлаган. Улар хоҳлаган ҳудудларига бориш, ўша ерда яшаш, черковлар қуриш имкониятларига эгалар.

    Кўпгина замонавий миссионер ташкилотлари ўз ҳукуматлари томонидан ҳам турли шаклда кўмаклар олиб боришади. Миссионерлар ўзлари фаолият юритмоқчи бўлган ҳудуд, унинг дини, заиф томонлари ҳақида маълумот ола билишлари учун ўз тадқиқот марказларига эгалар. Замонавий миссионерлар ўзлари хоҳлаган тилда ва ўзлари хоҳлаган тиражларда ўз диний адабиётларини чоп эттириш имкониятига эгалар. Миссионерлар жуда мослашувчан бўладилар, улар ўзлари борган ҳудуднинг аввало қонунларини яхшилаб ўрганиб чиқадилар ва у қонунларга асослангандек ўзларини кўрсатадилар. Расман рўйхатдан ўтиб олиб, яширинча ўз фаолиятларини олиб борадилар.

Христиан динидан сиёсий ва иқтисодий мақсадлар йўлида фойдаланиш, дин тарғиботи иккинчи даражали масалага айланиб қолишига биринчи қадам Рим империясида христианлик расмий дин деб эълон қилинганида қўйилди. Бу даврда Рим империяси кўп худоликдан азият чекаётган, кўп худолик жамиятдаги инсонлар орасида парокандаликка олиб келаётган эди. Ушбу вазиятдан чиқиб кетиб жамият бирлигини сақлаб қолиш, давлатнинг таъсирини мустаҳкамлаш учун бир восита керак эди. Христиан дини ана шу восита вазифасини бажариши керак эди. 300 йил давомида айнан Рим империяси томонидан турли таъзиқ ва қатағонларга дучор қилинган христианлик бирданига империянинг давлат динига айланиб қолди. Христианликдан Рим императорлари нафақат ички парокандаликни бартараф этишда, балки ўз босқинчилик юришларида ҳам кенг фойдалинишди. Рим империяси ҳудудидан босиб олиш кўзланган жойларга аввал миссионерлар юбориларди. Миссионерлар ҳам динни тарғиб қилишар, ҳам маҳаллий халқ орасига кириб бориб айғоқчилик билан шуғулланишарди. Маҳаллий халқларнинг динни қабул қилиши натижасида ушбу дин ҳомийси бўлмиш Рим империясига хайрихоҳ ва айни пайтда ўзининг бошқа диндаги қабиладошларига норози кайфиятдаги одамлар пайдо бўларди. Шундан сўнг Рим қўшинлари “янги  христианлар” “кўмаги” билан у жойларни осонгина босиб оларди. Рим империясида христианлик нафақат сиёсий мақсадлар, балки иқтисодий мақсадлар йўлида ҳам восита бўлиб хизмат қилди. Черковлар оддий диндорларга худонинг раҳмати, жаннатда абадий ҳаёт, гуноҳлар ювилишини ваъда қилиб жарақ-жарақ эҳсон пулларини йиғиб олиб, ҳам ўзлари бойирдилар, ҳам давлатни бойитардилар.

Бугунги глобаллашув даврида дунёни эгаллашга ҳаракат қилаётганлар тарихда қилинган барча усуллардан унумли фойдаланган ҳолда асосан аҳолиси мусулмон бўлган ўлкаларда турли хил хунрезликларни амалга оширмоқдалар. Бир томондан жойларда миссионерлик ҳаракатларини амалга ошириб, диндан хабари бўлмаган, диний эътиқоди суст инсонларни ҳар хил усуллар билан алдаб христианлик динига ўтказиб, жамиятни иккига бўлишга ҳаракат қилсалар, яна бир томондан динда ғулувга кетган, мутассиб инсонларни “ҳижрат қилиш лозим”, “жиҳод қилиш керак”, “Ислом халифалиги ташкил қиламиз” деб бошларини айлантириб турли хил диний экстремистик оқимларга аъзо қилиб, давлатга қарши фитналар амалга ошириш ва шу билан биргаликда Муқаддас Ислом динини ёмон отлиқ қилишга ҳаракат қилишмоқда. Яна бир томондан эса, “демоктратия” шиори остида асосан ёшлар орасида “оммовий маданият”ни тарғиб қилиш орқали жамиятни маънавий таназзулга етаклаб кетмоқдалар.

Христианлик дини пайдо бўлганидан сўнг кўп вақт ўтмай баъзи империя ва инсонларнинг ўз манфаатларини кўзлаб “Инжил”га киритган кўплаб ўзгартиришлари натижасида инсонларни тўғри йўлга бошлаш қобилиятини йўқотган. Христианлик дини бугунги кунга келиб кўплаб фирқаларга бўлиниб кетиб, бир-бирларини тан олишмайди. Дин ақидаларини черков катталарининг ўзлари ҳам яхши тушунишмайди ёки бунинг нотўғри эканлигини тушунсада тан олгиси келмайди.

Ғарбликларнинг барча халқларни христианликка тарғиб қилиб, бу динга жалб қилишлари Христианликнинг ҳақ дин эканлигидан эмас, балки инсонларни Ислом динидан қайтариш ва уларни доимий нотўғри йўлда, бузуқ ақидаларда  бўлишларига эришиш ва шу орқали ўз мақсадларига етишишдир.

Муқаддас Ислом динимиз асоси бўлган Қуръони карим олдинги китобларга амал этишни бекор қилди. Бу охирги самовий китоб ҳукми ҳамма замон ва маконга дахлдордир. Унинг ҳукмини ҳеч қандай китоб, ҳеч бир кимса бекор қилолмайди.

Яратганга кўп шукурлар бўлсинким, бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Бу тинчликни асраш шу юртдаги барчанинг муқаддас бурчидир. Четдан келиб ёшларимиз онггини ҳар хил бўлмоғур ғоялар, бузуқчиликлар билан захарлаб, уларни маънавий қашшоқлик сари ундаёдган, жамиятда парокандаликни келтириб чиқаришга уринаётган ва тинчилигимизга раҳна солмоқчи бўлган кучларга қарши курашишда барча бирдек ҳаракат қилмоғи лозим.

         Болтаев  Муродбек

Ҳазорасп тумани Питнак шаҳари

 “Абул Маржон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *