ЗАЛОЛАТ БОТҚОҒИ

         Минг афсуслар бўлсинки, орамизда Аллоҳ душман деб ҳисоблаган шайтони лаин найрангларига алданиб, берилган неъматларга ношукрлик қиладиган, ғанимлар ноғорасига ўйнаётган, ўз юртига тош отаётган нобакор шахслар ҳам учраб турибди. Дунёнинг турли давлатларида бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам баъзи бир экстремистик, ақидапараст оқимларга аралашиб, залолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг борлиги ачинарли ҳолдир. Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилади: Эй, иймон келтирганлар, ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз. Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.  (Бақара, 208-оят).

         Пайғамбаримиз (с.а.в) умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлида борадиган 72 фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Дарҳақиқат 14 аср давомида бу ўз тасдиғини топти. Юқорида санаб ўтилган бузғунчи фирқа ва оқимлар исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ-ХХI асрларда “Ҳизбут-Таҳрир”, “Нурчилар”, “Салафийлар”, “Жиходчилар” каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, мусулмонлар ўртасида бузғунчилик қилиб, турли низолар ва қонли тўқнашувлар чиқишига сабаб бўлмоқда. Натижада кўплаб инсонлар бошпанасиз, ватансиз, гўдаклар эса ота-онасиз зор-зор қақшамоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Инсон бошқа биродарига тили билан, ҳам қўли билан озор етказмасагина комил мусулмон бўлади”, деганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Бир киши ҳақни мудофаа қилаётиб, ҳақорат, сўкиш ва ғазаб сочаётганини кўрсанг, билгинки, унинг ниятида иллат бор. Зеро, ҳақ бундай нарсага мухтож эмас”, -дедилар.

         Сўнги йилларда бутун дунёда пайдо бўлаётган турли номдаги экстримистик диний оқимлар ўзларича ҳақ динни сақлашни иддао қилиб барча разиллик ва хунрезликдан тап тортмаяптилар, ваҳоланки ҳақ дин бунга мухтож эмасдир. Уларнинг ниятлари бузуқ, яъни ҳокимиятга эришиш эканлиги кундек равшан. Афсуски, буни баъзи бир ғўр ёшлар англаб етмаётганлари оз бўлса ҳам топилади.

         Юртимизда истиқомат қилаётган турли дин вакиллари бугунги кунда эмин-эркин ўз ибодатларини қилмоқдалар. Бунинг ҳаммаси тинчликнинг шарофатидир. Шундай экан, дин ва ватан душманлари бўлган турли оқимларнинг асл қора мақсадларини англаб етиб, Ватан равнақи, унинг бундан-да порлоқ келажаги учун ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Жуманазаров  Ўктамбой 

Хазорасп туман  «Шохпир» жоме

масжиди  ноиб-имоми  

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *