ТЎЙ ВА МАЪРАКАЛАРДАГИ ДАБДАБАБОЗЛИКЛАРГА ЧЕК ҚЎЙМОҚ ЛОЗИМ

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради.
Бироқ, кейинги пайтларда оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.
Бундай тадбирларни ўтказишда халқимиз менталитети, дунёқараши ва миллий анъаналарига мутлақо ёт бўлган номақбул одатларнинг ўйлаб топилаётгани ва кириб келаётганлиги, ўз навбатида уларнинг мусобақага айланиб бораётгани ачинарлидир.
Бу каби одатлар халқимиз маънавияти ва турмуш тарзига, айниқса ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг бугунги замон талаблари асосида билим олиш, етук мутахассис бўлиб етишиш йўлидаги интилишларини сусайтирмоқда. Ёшлардаги меҳнатсеварлик, катталаргаҳурмат, одобсақлаш, виждонлибўлиш, исрофгарчиликдан тийилиш каби хислатлар ўрнига ҳалол меҳнатга нисбатан беписандлик, енгил-елпи ҳаётга интилиш, дабдабабозлик каби иллатларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Мустақиллик даврида халқимиз ижтимоий хаётида, ижтимоий-сиёсий қарашларида туб ўзгаришлар содир бўлди. Лекин, афсуски, тўй расм-русумларида ижобий силжишдан кўра, салбий – номақбул одатлар кўпроқ кўзга ташланмоқда. Никоҳнинг муқаддаслигини англаш, уни пок сақлаш, ҳаром-харишдан асраш ўрнига латта-путтага берилиш, молу дунёга, дабдабага, ҳою-ҳавасга ҳирс қўйиш тобора авжига чиқмоқда. Ижтимоий ҳаётдаги иқтисодий тақчилликка қарамай, тўйларни дабдабага айлантириш, дастурхонга, сарпо ва либосларга ҳашам бериш, кайф-сафо, маишатга муккасидан кетиш камайиш ўрнига кучаймоқда. Бундай тўйлар жуда кўпчиликнинг жонига теккан бўлса-да, тўйларни бошқача тартибда ўтказиш учун ҳеч кимда ирода, қаътият етишмаяпти.
Бугунги кунда никоҳ тўйларини ўтказишда ҳам ҳаддан ошиш, исрофгарчиликка ружу қўйиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу борада ҳам шариатимизга амал қилиб, унда келган кўрсатмаларни ҳаётимизга тадбиқ этишимиз лозим. Сарвари коинот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида оддий ва содда тўйлар қилганликлари барчамизга маълум ва машҳур.
яъни: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан мадина орасида уч кун турдилар ва Софийя бинт Ҳуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валиймага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларини ёзишга амр қилдилар. Уларни устига хурмо, қурут ва сарёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳласалар хозиргидан 10 баробар ошириб тошириб тўй қилган бўлар эдилар чунки у зотга тоғлар сизга олтин бўлиб берамиз деганларида у зоти шариф бош тортганлар.

Айниқса, бу каби салбий одатларга берилган давлат хизматидаги баъзи раҳбарлар, манманликка берилиб кетган ҳавойи мансабдорларнинг номақбул ҳаракатлари маҳаллаларда, истиқомат жойларида соғлом муҳит бузилишига сабаб бўлмоқда, оддий одамларнинг ғашига тегмоқда, уларнинг адолатга, амалга оширилаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ва туб ислоҳотларга, умуман давлат ҳокимиятига бўлган ишончига путур етказмоқда.
Оилавий тадбирлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат молиявий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир ўтказмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёш оилалар ўртасидаги ажралишлар аксарият ҳолларда тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқаётган можаролар оқибатида юз бермоқда.
Миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимиз арконларига мутлақо зид бўлган бундай нохуш ҳолатлар кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, оммавий ахборот воситаларида, маҳалла ўртасида муҳокама қилинмоқда. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, бу борада, афсуски, ижобий ўзгаришлар сезилмаяпти.
Хозирги кунда тўй маросимларимизда ҳаддан ташқари дабдабабозлик, манманлик ва исрофгарчиликлар авж олмоқда. Манашу нарса аксар оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик ваҳоказо салбий оқибитларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.
Тўй-маърака — бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала ҳисобланади. Шундай экан, бу борада ўзбошимчалик қилиш, пулни ўзим топдимми, уни хоҳлаганча сарфлайман дейиш жамоатчиликкка нисбатан ҳурматсизлик ёки уларни назар писан қилмаслик саналади.
Исломда никоҳ тўйи зиёфати ва умуман бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир.
Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Таомнинг энг ёмони бойлар чақирилиб, қамбағаллар чақирилмаган никоҳ тўйи таомидир” (Имом Бухорий, Имом муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Айни кунда биз – ўзбеклар шундай тўйларни жорий этишимиз лозимки, бу ўзбекининг ўзининг тўйи, ўзига хос ва ўзига мос миллий, ўзбекона тўйи бўлиб довруғи кетсин. Бу тўйлар унинг миллий қиёфаси, шавкати ва ор-номусидан дарак бериб турсин; у бизнинг чинакам ифтихоримизга айлансин.
Энг асосийси ёшларимиз бахтли, оилаларимиз тинч тотув, фарзандларимиз комил инсон бўлиб вояга етсинлар.

Р.Отажанов
Янгиариқ туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *