КОРРУПЦИЯ БАЛОСИ-ТАРАҚҚИЁТ ВАБОСИ

Тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлиб, жамият ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат бу – коррупциядир. Шу боис мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан эски тузум орқали ўтган асрда қонларга қўшилган бу дардга қарши кураш чораларини кучайтириш, уни таг-томири билан йўқотиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилиб келинди.
Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан киритилган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни биринчи ўқишдаёқ қабул қилганди ва бу Қонун 2016 йил 13 декабрда Сенат томонидан маъқулланганди ва 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонун коррупцияга қарши кураш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини келтириб ўтади.
Энди коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги аниқ-равшан белгиланди.
Таъмаргирлик қандай ҳам ёмон иллат эканлигини биламиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тамаъ қилинмайдиган ўринда тамаъ қилишдан ва (қалб) муҳрланиб қолишига олиб борувчи тамаъдан паноҳ сўрар эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Инсонлар ақлини тамаъдан кўра кўпроқ кетказадиган нарса йўқ”, деган.
Бошқа ҳадисда Умар ёки Ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Каъб розияллоҳу анҳуга: “Нима инсонлар қалбидан илмни уни ўрганганларидан кейин чиқариб юборади?”, дейишди. У киши: “Тамаъ ва ҳожатларни инсонлардан талаб қилишдир” – деб жавоб берди. Каъб розияллоҳу анҳу яна шундай деганлар: “Олимлар оёқларини мустаҳкам турмасдан тойилиб кетишга сабаб бўладиган нарса тамаъдир”.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Маъюсликда бойлик, тамаъда фақирлик ва узлатда ёмонликка аралашишдан роҳат бор” – деди.
Амр ибн Убайд айтади: “Мўминда учта дўстлиги бор: ўзига зарар берадиган сўзни эшитиб уни эшитмагандай кетади. Ўзи учун яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўради ва халқдан тамаъ сабабларини узади”.
Абул Атоҳия шундай деган:
Тамаъга бўйсундим, мени қул қилди, қаноат қилганимда озод бўлардим.
Демак таъмагирлик жамиятдаги энг ёмон иллатлардан бири эканлиги учун ҳам, давлатимиз томонидан бу балога яъни коррупцияга қарши курашишга қаттиқ эътибор берилмоқда.
Кучли фуқаролик жамияти сари қадам қўйиб бораётган Ўзбекистонимиз ҳаётида бу Қонуннинг амалга тадбиқ этилиши тараққиёт ривожига катта ҳисса қўшувчи омил бўлиши шубҳасиз.

Ф.Бабажонов  
Қўшкўпир тумани “Иморат бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *