ТИНЧЛИК ВА ОСУДАЛИК БОР ЖОЙДА ТАРАҚҚИЁТ БЎЛАДИ

Тинчлик неъматини бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда «алҳамду лиллоҳ» дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, улар
нинг шукрини адо этишда тил билан айтилган ҳамднинг ўзи кифоя қилмайди, балки буларга амалий шукр даркор. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни адо қилиш тан соғлиқнинг шукри бўлса, имон ва ислом неъматининг шукри фарзандларимизни имон-эътиқодли, ҳалол, пок қилиб вояга етказишдир. Неъматларнинг энг сараси бўлмиш мустақилликни, тинчликнинг амалий шукри эса ёшларимизни ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялаш, десак муболаға бўлмайди.
Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлайди,
Ҳар куни уч маҳал дастурхон атрофида жам бўламиз. Юзимизга фотиҳа тортишдан аввал “тинчлик ҳотиржамлик бер!” деб яратгандан умид қиламиз. Кимдир бу калимани астойдил юракдан айтади. Кимдир бепарво пичирлайди. Ҳудо эса “мажҳул қалбнинг дуосини қаул қилмаслиги” тўғрисида ҳадиси шариф ворид бўлган. Шунинг учун биринчи айтар сўзимиз шу: Азизлар дуони чин дилдан қилайлик, тинчлик-омонликнинг бардавом бўлишини залил бўлиб, хор бўлиб сўрайлик. Шояд дуоларимиз ижобат бўлса.
Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойидир. Болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир. Сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи, тинчлиги йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш тинчликка интилиш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, тинчликни неъмат билади, хатто ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда ватанини ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу тинчлик туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.
Аммо билиб қўяйликки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга ана шундай озод, обод Ватан насиб этибдими, буни буюк бир неъмат ўлароқ қабул қилишимиз керак, унга шукр қилишимиз керак, унга содиқ бўлишимиз, тинчликни асаршимиз керак. Содиқ бўлиш эса Ватанга вафо қилиш, унинг моддий ва маънавий мулкини асраш, тинчлик неъматига шукур қилишликдир.
Эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш, ер юзида тинчликнинг барқарор бўлишида бош омилдир. Тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлиб, уни сақлаш ҳар-бир кишининг олий даражадаги бурчи, вазифаси бўлмоғи лозим. Ислом динида Ватанга, эл-юртга садоқат тушунчаси кенг улуғланади. Бу муқаддас заминда ҳар бир инсон, айниқса, ёшларимиз азиз она Ватанимиз олдидаги фуқаролик бурчларини яхши англаб олмоқлари лозим. Ҳар биримиз хуқуқ ва эркинликларга эга бўлишимиз билан бирга, зиммамизда бурч ва мажбуриятлар борлигини ҳам асло унутмаслигимиз керак.

У.Бекязов
Ҳазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *