ЎЗ БОЛАНГНИ ЎЗИНГ АСРА

Аллоҳ таоло еру осмонни  ва ундаги нарсаларни яратди. Булар орасида инсонни барча яратган нарсалари ичида энг азизи ва улуғи қилишни ихтиёр этди.

Аллох таоло “Исро сураси”нинг 70 оятида марҳамат қилади: «Биз батаҳқиқ, инсон боласини азиз ва мукаррам қилдик». Яъни биз одам болаларини бошқа ҳар қайси мавжудоту махлуқотларнинг  азизи ва мукаррами эканмиз демакдир.

Аллоҳ таоло Тийн сурасининг 4 оятида айтади: «Биз инсонни энг гўзал шаклу шамоилда яратдик». Яралишимизнинг гўзаллиги, ақл неъматини бизга берилганлиги,одоб ва маданият ва ҳар ишимиз ҳамда амалимизни одоб ахлоққа мос равишда бажаришимиз,фақат ўзимизни эмас бошқаларни ҳам уйлаб иш тутишимиз, гўзал сифатларимиз билан азиз ва мукаррам бўлдик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Инсонларни кўпроқ қайси иши жаннатга киргизади?” Расулуллоҳ: «Аллоҳдан қўрқиш ва гўзал одоб» дедилар.

Ҳоким ва Табароний ривоят қилган бошқа ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло энг яхши кўрган банда – одоби гўзал кишидир».

Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: «Умматимнинг ичида менга маҳбуби ва қиёмат кунида менга энг яқин бўладигани – хулқи гўзалидир» (Термизий ривояти).

Ушбу  ҳадислардан куриниб турибдики, одоб-ахлоқ инсонни икки дунё азиз ва мукаррам қилар экан. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Қалам сурасидаги оят ила «Албатта, Сиз буюк хулқ эгасидирсиз” дея мадҳ этган.

Мазкур ояту ҳадислардан яна бир хулоса аён бўладики, бир сўз билан айтганда Ислом – одоб ва маданият динидир.

Ана шундай мусаффоликни шиор қилган динимиз таълимотлари одам боласининг ҳар бир ишидаги одоб ва маданиятини белгилаб берган. Чиройли одоб оила маҳалла ва юртларни обод, гўзал бўлишига энг асосий омиллардан биридир. Чунки уйдами кўчада, бозордами мозорда, ёлғизлигу жамият ичида ҳар биримиз мусулмончилик одобларига амал қилсак, орамизда норозилик ва келишмовчиликлар чиқмайди. Ҳозирги таҳликали бир замонда ёшларимизни ўз миллий ва диний одоб ахлоқлар билан тарбия килмасак, бу ёшларимизни қўлдан бой берган бўламиз.

Хулоса ўрнида, муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев “Ўз болангни ўзинг асра” дея қуюнчаклик ила гапирдилар. Мазкур шиорни қанчалик муҳим ва долзарб эканини юқорида тилга олинган динимиз таълимотлари, қолаверса, замоннинг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Азиз ватандошлар, келинг, айни фурсатда Президентимизнинг ушбу кўрсатмалари асосида бирлашиб, ўз келажагимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик!

                                                                                                                                                                                                                               У.Исақбоев

Гурлан тумани “Нур саид эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *