МИССИОНЕРЛИК ВА ПРОЗЕЛИТИЗМНИНГ НИМА

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ бизнинг маънавий барқарорлигимизга раҳна солувчи турли хил кучлар пайдо бўлди. Улар ота-боболаримиз минг йиллар давомида эътиқод қилиб келаётган ислом дини қадриятларини камситишга, эътиқоди ҳали мустаҳкам бўлмаган ёшларимизни, шароит тақозоси билан муҳтожликка дуч келган айрим фуқароларимизни (уларга беғараз ёрдам бериш баҳонасида) бегона диний секталарга чорлашга интилувчи кимсалар пайдо бўлди. Бундай кимсалар айрим сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилувчи миссионерлик ташкилотлари вакилларидир.
Айрим ёшларимиз миссионерларнинг алдовларига осонгина учиб, ота-боболарининг анъанавий диний эътиқодидан воз кечиб, соддадил ёшларимизнинг назарида гўёки “замонавийроқ”, “эркинроқ”, “фаолроқ” ва “янгиликларга тарафдор” бўлиб кўринган диний секталарга аъзо бўлмоқдалар. Баъзи ёшларга миссионерларнинг тарғиботидан кўра, улар ҳадя қиладиган текин овқатлар ва нақд санаб бериладиган АҚШ долларлари кўпроқ ёқади. Буни яхши билган миссионерлар ўз сафларига янги келиб қўшилувчиларга моддий рағбатлантириш тадбирларини янада кучайтиришади. Айрим кимсаларга эса миссионерларнинг “меҳр-муруввати” – ожизлардан кўнгил сўраши, касалларга текин дори-дармон инъом этишлари, ҳар қандай гуноҳни ҳам бир тоат-ибодат билан кечириб юборавериши кўпроқ хуш ёқади. Сирти ялтироқ ваъдалар ортида имон-эътиқоддан, инсоф-диёнатдан бегоналашиш хавфи ётганлигини ҳамма ҳам чуқур тасаввур эта олмайди.
Миссионерлик барқарор ривожланишга, миллий ҳамжиҳатликка, маънавий барқарорликка раҳна солади. Маънавий барқарорлик миллий ўзлигимизни англашимизда, тарихий хотирамизга садоқатимизда, юртимизда миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликнинг қарор топишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Маънавий барқарорликка путур етган мамлакатларда ижтимоий парокандалик бошланади, жамият аъзолари турли-туман бир-бирига қарама-қарши гуруҳларга бўлиниб, улар ғоявий кураш бошлашади, юртда сотқинлик, айғоқчилик, бебурдлик, ношукyрлик авж олади. Қарама-қарши кучлар ўртасидаги мамлакатни бўлиб олиш мақсадидаги можаролар кучаяди. Айрим кимсалар бундай можароларда енгиб чиқиш учун четдан ёрдам сўрайди ва юртнинг ички ишларига аралашувчилар пайдо бўлади. Шу баҳонада ўша мамлакатга “зарғалдоқ инқилобларни” олиб кирувчилар ҳам ҳаракатга киришади. Бу том маънода фожеали ҳолатдир.
Унинг олдини олиш учун маънавий барқарорлигимизни сақлашимиз, миссионерларнинг алдовларига учмаслигимиз, прозелитизм, яъни ўз динидан воз кечиб бошқа динларга сотилиб кетиш иллатидан сақланишимиз, ота-боболаримизнинг миллий ва диний қадриятларига садоқатимизни асрашимиз лозим бўлади. Юртимиз равнақи учун маънавий барқарорлик катта аҳамиятга эгадир. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.А.Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида энг буюк жасорат – маънавий жасорат деб таъкидлар экан, хақли равишда “агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди”,- деб кўрсатди.

Маҳмудов Муродбек
Хазорасп тумани Питнак шаҳри «Султон Санжар Мозий»
масжиди имом-хатиб

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *