ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ИЖОБИЙ ВА САЛБИЙ ТОМОНЛАРИ

Ҳозирги замонда ахборот технологиялари жамият тарраққиётининг турли соҳаларига жадал кириб бормоқда ва уларни ривожлантириш учун хизмат қилмоқда. Бундай технологияларнинг таъсири одамларнинг турмуш тарзи, таълими ва ишида ўз натижасини кўрсатмоқда. Ахборот технологиялари жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши ва ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилиши учун муҳим омилга айланди.
Ахборотлаштириш миллий тизимини шакллантириш, уни иқтисодиёт ва ҳаётнинг барча соҳаларига ялпи жорий этиш ва ундан фойдаланиш, замонавий ахборот технологиялари, компютер техникаси ва телекоммуникациялар, фуқароларнинг ахборотга нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжларини иложи борича тўлиқ қондириш, жаҳон ахборот ҳамжамиятига қўшилиш учун қулай шароитлар яратиш, ҳамда дунё ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳозирги жамият тараққиётининг устувор йўналишларидандир.
Дарҳақиқат, XXI аср техника асри деб бежизга номланмаган. Бугунда оммалашиб бораётган “Дунё ўргимчак тўри” деб ном олган технологияларнинг яратувчилари ва фойдаланувчилар сонининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Интернет пайдо бўлиши билан исталган ахборотни замон ва маконга боғлиқ бўлмаган ҳолда олиш имконияти яратилди. Сир эмаски, интернет тармоғида ижтимоий, иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларга оид янгиликлар, машҳур кишилар ҳаёти билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар ва илм-фанга доир ўзгариш ва кашфиётлар ўрин олган.
Интернет бутун ҳаётимизга жадаллик билан кириб келмоқда. Шаҳримиз кўчаларини кезар эканмиз, ҳар қадамда “Интернет кафе” деб ном олган марказларга кўзимиз тушади. Хўш, бугунги ёшларимиз интернет орқали нималар билан шуғулланишмоқда? Тўғри, интернет саноқсиз афзалликлар билан бир қаторда салбий жиҳатларга ҳам эга эканлигини эътироф этиш муҳим.
Мазкур воситалар ёшларни ўзига оҳанрабодек тортаётгани сабабли, “интернет авлоди”, “гугл болалари” ёки “фэйсбук фарзандлари”, “чатчилар”, “Одночилар” сингари иборалар пайдо бўлди. Бу ҳол ўғил-қизларимиз тарбияси бировларнинг қўлига ўтиб қолиши эҳтимолини оширади. Чунки уларга ота-онадан кўра интернет ёки уяли телефон кўпроқ “тарбия” бера бошлайди. Айтиш мумкинки, бугунги авлод фақат таълим муассасаларида берилаётган билим, малака ва кўникмалар билан чекланмаяпти.
Ахборот асрида, информация манбалари кўпайган бир даврда буни табиий ҳол сифатида қабул қилиш мумкин. Айниқса, инсон онги учун глобал миқёсда кечаётган курашлар, ахборот хуружлари, “оммавий маданият” тарғиботи бизни янада сергак торттиради. Шундай экан, ёш авлодда ўз эзгу мақсадлари йўлида ахборот билан ишлаш, информациянинг ёлғондан ростини ажратиш кўникмасини шакллантириш замонавий таълимнинг асосий вазифаларидан бири саналади. Фарзандларимиз эртага ўзгаларнинг эмас, балки шу элнинг корига ярайдиган, тақдири шу юрт истиқболи билан боғлаган собит ўғил-қизлар бўлиб вояга етиши учун, биз – катталар айни вазифани чин дилдан адо этишимиз шарт.
Фирибгарлар, аҳлоқсизлар учун Интернет эркин майдон вазифасини ўтамоқда. Терроризм, порнография, турли иллатларнинг урчиши, текширилмаган ҳар қандай ахборотлар оқими мана шу кўринмас “тўр” лар орқали кўпаймоқда. Онлайн ўйинлар ва “чат” хоналар ёшлар онгини эгаллаб олиб, вақтларини бекорчиликка кетказмоқда. Лекин интернетнинг турган битгани бу эмас-ку. Унинг имкониятлари адоқсиз бўлган бир пайтда кўпчилик фойдаланувчиларимиз интернетни ёқишни билади холос, унинг яна қандай имкониятлари борлигини билмайдилар.Чексиз қулайлик ва афзаллик томонларини тушунмаган ҳолда уни биргина “чат”дангина иборат деб тушунадилар. Улар учун бошқа қизиқ дунё йўқдек гўё. Биз интернет кафеларини тўлдириб ўтирган “чат бекорчилари”ни кўрамизу, “интернет — ёшлар учун танишув майдони, бу уларни бузади”, деб осонгина хулоса чиқариб қўя қоламиз. Аммо интернетга фақат салбий жиҳатдан бир ёқлама баҳо бериш бутунлай нотўғри тушунчадир.
Кейинги пайтларда турли расмий тадбирлар ёки ўзаро гурунгларда бўладими, матбуот ёки телевидение орқали чиқишлардами, хуллас, ҳар қаерда уяли телефон ва интернетнинг ёшлар хулқ-атворига салбий таъсири долзарб масала сифатида кўтарилмоқда. Назаримизда, замонавий технологияларнинг бундай акс таъсир кўрсатишига сабаб, энг аввало, фарзандларимизга улардан онгли равишда фойдаланиш зарурлигини етарлича ўргатмаётганимиз, АКТнинг таълимий-тарбиявий имкониятларига камроқ эътибор қаратаётганимиздадир. Оқибатда айрим ҳолларда замонавий ахборот технологиялари ёш авлод интеллектуал салоҳиятини ривожлантирувчи восита эмас, балки кўнгилхушлик қиладиган матоҳга айланиб қолаётир.
Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни жадал ривожланиб бормоқда. Албатта, бунда ёшларнинг ўрни алоҳида. Мамлакатимиз аҳолисининг аксарият қисмини ёшлар ташкил этар экан, глобаллашув, яъни ахборот маконида турли таҳдидлар мавжуд бўл
ган ҳозирги шароитда ёшлар учун соғлом ахборот муҳитини яратиш ва миллий, умуминсоний ғояларимиз сингдирилган манбалар билан фарзандларимизни таъминлаш долзарб вазифларимиздандир.

Ш.Отажанов
Хива тумани “Шайх Мавлон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *