НАЖОТ ТОПУВЧИ БАНДАЛАР

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Мўмин
лар нажот топдилар”.
Бу оят, шубҳасиз, мўминларнинг икки дунёда ҳам нажот топишига далолат қилади. Чунки оятдаги «нажот топдилар» ибораси ўтган замон феълида бўлиб, у келаси замондаги «нажот топадилар» маъносидан кучлидир. Шу боис таъкид билан айтилган «нажот топдилар» ояти мўмин банда бор-ки, унинг, албатта, нажот топиши ҳақлигини билдиради. Нажот топадиган мўминларнинг сифатлари қуйидаги оятларда баён қилинган.
– «Улар намозларида  ўзларини камтар тутувчи
дирлар» (Муъминун, 2).
«намозларида  ўзларини камтар тутувчилар»дан мурод намозни хушуъ, ҳузуъ билан адо этувчи мўминлардир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ибодатини Аллоҳнинг кўриб турганини билиб, қабул бўлишига умид қилиб адо этиши зарур. Аллоҳ таоло хушуъ ва ҳузуъ билан қилинган ибодатларни қабул қилади.
–  «Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар» (Муъминун, 3).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг беҳуда нарсаларни тарк этиши хулқининг гўзаллигидандир”, дедилар (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).
Шунинг билан бир қаторда тилни тийишлик билан ҳам банда нажот топувчи бандалар қаторида бўлиши мумкин.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Одамлар: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Исломдаги қайси амал энг афзал?” деб сўрадилар. Шунда у зот: “Кишининг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлишлари”, деб жавоб бердилар” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Доримий ва Табароний ривояти).
Ушбу ривоятда хоҳ тил билан, хоҳ қўл ёки бошқа аъзолар билан бўлсин, одамларга, хусусан мўмин-мусулмонларга зулм қилиш ва азият етказишдан қайтарилмоқда. Зеро, Ислом тинчлик, тотувлик ва яхшилик динидир.
Бу ерда мусулмоннинг имони мукаммал бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлган фазилат ҳақида сўз бормоқда. Тили ва қўли билан одамларга озор берадиган кимсалар имондан ажрамасаларда, уларнинг имонлари комил ҳисобланмайди. Аслида мукаммал имон шартлари кўп. Аммо тили ва қўли билан ўзгаларга зарар етказишдан эҳтиёт бўлиш бу шартларнинг энг аввалида туради.
Шаҳодат калимаси, беш вақт намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатлари динимиз Исломнинг энг асосий устунлари ҳисобланади. Ким ушбу фарз амалларни бекаму-кўст адо қилса, бундай банда мусулмон ҳисобланади. Аммо мазкур фарз амалларни бажариш билан бир қаторда мусулмонларга яхши муомала қилиш ҳам талаб этилади.  Ким беш фарзни адо этса  ва мусулмонларга  бошқалардан чиройли муносабатда бўлса, у динда  афзал саналади. Зеро, ҳам Аллоҳ, ҳам бандалар ҳаққини адо қилиш билан банда ўз масъулиятини тўлиқ адо этган бўлади.

Зикр қилинган сифатлардан хулқланишга ҳаракат қилайлик. Шунда Аллоҳнинг нажот топувчи бандаларидан бўламиз.

Ў.Жуманазаров
Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *