ИСЛОМ – ВАТАНПАРВАРЛИК ДИНИДИР

Сизу бизга бу жаннатмакон диёрни, буюк алломалар юртини Ватан қилиб берган Парвардигоримизга ҳамду санолар, шукроналар бўлсин!
Сизу бизга Ватанни севишни, ўз халқига, туғилган она юртига, динига содиқ бўлишни ўргатган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!
Ватанпарварлик ҳақида сўз борар экан, ҳар-бир мўмин-мусулмон инсон аввало бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ватанга бўлган муносабатларини билиши лозим. Шу эътибордан бугун Ислом умматининг Ватанга муносабати қандай бўлиши кераклигини у зот алайҳиссаломнинг намуналарида ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Ислом – ватанпарвар дин. У фақат ўзини ўйлайдиган, жамиятнинг тараққиёти ёки ҳалокатига олдиндан эътибор қаратган диндир. У меҳр-оқибат, шафқат, силаи-раҳм динидир. Исломда ватанпарварлик олий туйғу сифатида эътироф этилади. Ўтган алломаларнинг ўгитлари, панд-насиҳатларида ҳам бунга алоҳида урғу берилган.
“Ватан” атамаси арабча сўз бўлиб, тилимизда “она юрт” деган маънони англатади. У ҳам кенг ва ҳам тор маънода қўлланилади. Бир халқ вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудуд назарда тутилса, бу кенг маънодаги тушунча, киши туғилиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилса, бу тор маънодаги тушунчадир.
Қуръони каримда Ватан, мамлакат, ер, диёр, яшаш манзили каби маъноларни англатадиган иборалар 47 марта такрорланган.
Алҳамдулиллаҳ, юртимизда истиқлол шамоли эса бошлагандан буён чорак аср давомида ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси босқичма-босқич ривож топиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий соҳада, дин-у диёнат, илм-маърифат борасида ҳам жуда кўп хайрли ишлар амалга ошмоқда. Жамоатга тўлиб-тошаётган хонақоҳларимиз, янги-янги қурилаётган ва таъмирланаётган муҳташам масжидларимиз бунга ёрқин мисолдир. Аллоҳ таоло бу доруломон кунларда яшашимизга нимани сабаб қилди? Аввало юртимизга ато этилган тинчлик-хотиржамликни, барқарорликни сабаб қилиб берди. Бу тинчлик, барқарорлик эса Ватан сарҳадларини қўриқлаб турган, тинчлигимизни таъминлаб турган, тоат-ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимизни кафолатлаб турган қуролли кучларимизнинг, тинчлик посбонларимизнинг кечани кеча, кундузни кундуз демай, сергаклик билан, ҳушёрлик билан қилаётган хизматларининг самарасидир.
Аммо ёшларимиз бундай фидокорона хизмат қилиши учун, Ватанга содиқ бўлиши учун биз мўмин-мусулмонлар, юрт фуқаролари нима қилишимиз керак? Бизнинг вазифамиз – ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватанга муҳаббат ҳиссини, шу жаннатмакон юртда туғилиб-ўсганидан фахрланиш туйғусини сингдиришимиз керак. Шунинг учун бугунги суҳбатимизда динимизда Ватанга муносабат қандай бўлиши лозимлиги ҳақида сўз юритмоқдамиз.
Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган эканлар: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик”.
Мўмин-инсон учун энг муқаддас замин – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари теккан, Қуръони Карим нозил бўлган, динимиз илк бор тарқалган ҳарами шарифдир, Каъбаи муаззама жойлашган Маккаи Мукаррамадир, равзи муборак жойлаган Мадинаи Мунавварадир. Бу муқаддас заминга бориб, у ерда динимизнинг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ва умра ибодатини адо этиш ҳар биримизнинг энг ширин орзуимиздир. Аммо Аллоҳ таоло инсон қалбига жо қилган Ватан ҳисси шу қадар кучлики, ҳожилар ана шу муқаддас масканга бориб ҳам, у ерда ҳаж арконларини адо этгандан кейин, равзаи мутоҳҳарани зиёрат қилгандан кейин ҳам уйга қайтгиси келиб қолади, бир кун ҳам тургиси келмай қолади. Ваҳоланки ҳажга бориш учун навбатга ёзилиб, ўн йиллаб кутади, умрида бир марта бориладиган бу сафарга боргач, Каъбани кўрган заҳоти ҳўнграб йиғлайди, ҳарамнинг тупроғини ўпади, замзам сувини муқаддас деб кўтариб келади. Лекин ҳаж арконлари тугагач, бир кун ҳам тургиси келмайди, тезроқ Ватанга, уйга қайтгиси келади.
Варақа ибн Навфал айтган кун келиб, маккаликларнинг тазйиқи ҳаддан ортиб кетгач, ҳижратга изн берилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашмасдан туриб, Укоз бозорининг олдига борганларида ортларига ўгирилдилар. Маккага қараб туриб, ўзларининг машҳур гапларини айтганлар: «Эй менга севикли шаҳрим Макка! Агар қавминг мени ҳайдаб чиқармаганда сени ҳаргиз тарк қилмаган бўлардим», деганлар. Мадинага бориб, Аллоҳ таолога: «Роббим, Маккани менга суюкли қилганингдек, Мадинани ҳам суюкли қил» деб дуо қилганлар. Шунингдек, у зот алайҳиссаломнинг яна бир машҳур сўзлари бор – у зот: «Агар ҳижрат бўлмаганда, мен ансорлардан бўлган бўлардим», деганлар. Бунинг маъноси «Макка бўлмаганда, мен маккалик бўлмаганимда, мадиналик бўлардим», деганларидир. У зот Мадинада қолганлар, ансорларни ихтиёр қилганлар, лекин маккаликларни асло унутмаганлар. Бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар ҳам келган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини «У Зот сизни қайтиш жойингизга қайтарувчидир», деганда Маккани назарда тутган. «Ватан соғинчи» рисоласида айтишича, араблар бирон жойга сафарга чиқишса, ҳидлаб юриш учун Ватан тупроғидан олиб кетишар экан. Ўша тупроқ ватан ҳиссини уйғотиб, уни эсдан чиқармай турадиган омил бўлар экан.
Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳар-қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. Ватаннинг шаънини турли кўринишларда улуғлаш мумкин, масалан, уни моддий ва маънавий обод қилиш мумкин, турли халқаро анжуманларда, халқаро мусобақаларда Ватаннинг номидан иштирок этиш мумкин. Аммо бунинг асосий шарти шуки, қайси соҳада бўлмасин, холис ва самимий хизмат қилсин, ана шунда бу хизмат Ватаннинг шаънини кўтаришдаги хизмат ҳисобланади. Аллоҳ асрасин, бир кимса бу масъулиятли соҳада хиёнат қилса, бу ваколатни суистеъмол қилса, бу нарса нафақат унинг ўзига, балки у вакили бўлган халққа, уни тарбиялаб-ўстирган Ватаннинг шаънига доғ тушади. Шунинг учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар.
Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади. Деганлар. . Аллоҳ таоло юртимизни жамики ёмонликлардан асрасин ва бунинг учун чинакам ватанпарвар, ҳақиқий мард, жасур ўғлонларни тарбиялашимизда Ўзи мададкор бўлсин!

Ф. Матяқубов
Хонқа туман “Бобо хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *