ИСЛОМ – ТАРАҚҚИЁТ ДИНИДИР

Агар ислом дини ҳаётий ишлардаги ихтироларни хусусан тараққиётни хуш кўрмаганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким исломда бир яхши суннат (йўл)ни жорий қилса, унинг савоби унга бўлур, яна ундан кейин ушбу йўлга амал қилганларнинг савоби ҳам (уларнинг савобидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда) унга бўлур” демаган бўлар эдилар.
Илм-у маърифатга  эътибор бериш ва унга тарғиб қилиш ҳамда жамият тараққиётида  Ислом динининг  ўрни беқиёс. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга биринчи нозил қилган ваҳийси, Қуръони каримнинг энг аввалги оятларидаёқ бутун инсониятни ўқиш, илм олиш ва ёзишга буюриб: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта  қондан яратди. Ўқинг!Раббингиз  эса карамлидир.     У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди”, деган. (Алақ 1-5 оятлар).
Аббосийлар сулоласи даврида Ислом маданияти, илм-фани ўша замон ғарб оламининг ҳаваси ва ҳасадини келтирадиган даражада буюк чўққиларга чиқди. Ушбу сулоланинг кейинги авлодлари ҳукм сурган давр эса, дунёвий илм-фанга эътиборнинг сўна бошлаш даври бўлди ва ушбу сўниш даври ўн асрдан ортиқ вақт давом этди. Халифа Мансур (754—775), Хорун ар-Рашид (786 —809) ва унинг ўғли Маъмун (813—833) даврида айниқса илм-фан ривожига эътибор юксак даражада бўлган. Бу ҳукмдорлар фалсафа, математика, астрономия ва бошқа фанларнинг ривожига хайрхоҳлик билдирибгина қолмай, ўта сахийлик билан хомийлик ҳам қилишган. Хорун ар-Рашид даврида Бағдодда кўплаб кутубхоналар ташкил этилди. Кутубхоналарга турли минтақа ва юртлардан китоблар келтирилди, уларни кўплаб таржимонлар, олимлар бошқа тиллардан араб тилига ағдардилар. У даврда Мовароуннаҳр ва Хуросон фарзандларидан Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Маъшар Балхий, Абу Наср Форобий, Аҳмад Фарғоний, Яҳё ибн Мансур Абу Райхон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Қошғарий, Махмуд Замахшарий ва бошқа кўплаб машҳур олимлар етишиб чиқди.
“Яратувчи йўқ, табиат ўзини ўзи яратган, ўзини ўзи туққан, ўзи илгаридан бор, уни ҳеч қандай илоҳ яратмаган” деган таълимот Коперник кашфиётидан кейин асосан беш аср давомида ҳукмрон бўлди, лекин бу таълимот ҳозирги давр учун ўзининг актуаллигини йўқотди. Умуман бу таълимот инсониятнинг маънавий, маданий ривожига ўта инқирозли таъсирини ўтказган бўлса ҳам, дунёвий фанлар тараққиёти учун бир нави имкон очиб берди.
Ислом дини ақидалари тўғри англанган ва ҳаётга тўгри татбиқ этилган пайтларда илм-фан мисли кўрилмаган даражада ривожланган, ҳолбуки, ўша паллаларда гарб давлатлари ва гарб руҳонийлари залолат ботқоғида ботиб ётишар эди. Аслида, Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлар мусулмон оламининг моддий ва маънавий тараққиётига очиб берган имкониятлар айниқса аббосийлар даврида ниҳоятда мўл ва хилма-хил мевалар берди. Афсус, кейинроқ баъзи масалаларни хато ёки тор тушуниш натижасида илм-фан тобора орқага кетди.
Диний илмлар билан дунёвий илм-фанни қушнинг қўш қанотига ўхшатишади. Агар қушнинг қаноти битта бўлса, балки у учар, лекин бир доира ясаб учади, холос. Фақат икки қанотли ва иккала қаноти ҳам баравар ҳаракат қилган қушгина илдам илгарига қараб учади. Бирор қаноти кучсизлик қилиб қолса, қушнинг мўлжалга аниқ ва равон етиб олиши қийинлашиб қолади. Агар Исломнинг илк паллаларидек кейинги асрларда ҳам бу икки қанот бир хил қадрли, эъзозли бўлганида эди, кейинги ўн аср давомида кузатилган орқага кетишлар рўй бермаган бўларди. Олдинда нанотехнология даври турибди.
Бу давр инсоният тарихида илм-фаннинг мисли кўрилмаган тараққиёт даври бўлади, иншаалоҳ. Нанотехнология фани айрим инкорчиларга жаннатнинг мавжуд бўлиши илм нуқтаи назаридан ҳам мумкин эканини бемалол исботлаб бера олади. Космогония фани ўртага ташлаган буюк портлаш назариясидан эса, тақдир масаласининг ҳақ экани ҳақидаги хулосага келишимиз мумкин. Инсоният пайдо бўлганидан бери “Мен ўзи кимман?” деган саволга жавоб ахтаради. Бу ҳолат полшалик киночилар ишлаган машҳур “Знахарь” филми қаҳрамони Пан Ташибанинг ҳолатига ўхшайди. Лекин инсон ўзининг ҳолатини тан олгиси келмайди, “Менинг ақлим ҳамма нарсага етади” деган фикрини ҳеч ҳам улоқтириб ташлай олмаяпти. Ташибанинг ҳам ақли кўп нарсага етади, у йирик профессор, замонасининг тенги йўқ дунёвий олими, лекин ўзининг ким эканини била олмайди. Илмни дунёвий ёки диний илм деб иккига ажратмасдан, уларни бутун илмнинг қисмлари деб қаралиши керак, деб ўйлайман. Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам илм иккига ажратилмаган.
Аллоҳ ўзи яратган олам сирларини очишни инсониятнинг ўз ризқини ҳалол меҳнат қилиб топишига боғлаган. Аммо илоҳий китобларни туширишдан асосий мақсад бу сирларни тафсилоти билан очиш эмаслигини бизлар назардан қочирмаслигимиз керак. Аллоҳ Қуръони каримнинг баъзи оятларида ўзи лозим кўрган олам сирларигагина ишора қилади. Оламда инсон сони ортиб борган сари, дунёга янги келаётган одамларнинг ризқи сифатида оламнинг янги сирлари — янги кашфиётлар очилиб бора беради. Қуръони каримда оламнинг барча сиру асрорлари, кашфиётлари ҳақида маълумотлар берилган бўлиши керак, деган талабни қўйиш ман-тиққа асло тўғри келмайди. Хорун ар-Рашиднинг машҳур вазири Жаъфар бир масалада ўзига мурожаат этган кампирга: “Бу масалада ақлим ожиз, жавоб бера олмайман”, деб узрини айтибди. Кампир: “Шундай улуғ вазир бўлсанг, шоҳдан катта маош олсанг-у, шугина масалани билмайсанми?” деб Жаъфарни мулзам қилмоқчи бўлибди. Шунда Жаъфар: “Э онажон, менга Хорун ар-Рашид билган нарсаларим учун ҳақ тўлайди, агар у билмаган нарсаларимга ҳақ тўлайдиган бўлса, хазинаси етмас эди”, деб жавоб берган экан. Бу ривоятдан буюк одамлар олам ҳақида, жамият ҳаёти масалаларида дунёвий ёки диний илмлари етарли эмаслигини ошкор қилишдан асло қўрқишмаганини, аксинча, булар ҳақида ёлғон гапиришдан ўзларини эҳтиёт тутишганини кўрамиз.
Бугун истиқлол шарофати билан буюк келажагимизни яратаётиб, улуғ аждодлар шавкатидан баҳра олган ҳолда миллий-маънавий бойликларни янада мустаҳкамлар эканмиз, Аллоҳга бўлган буюк эътиқодда янада собит туриш билан бирга ёшларимизни дунёвий илм чўққилари сари илҳомлантиришни ҳам асло унутмаслигимиз керак.Халқимиздан чиққан истеъдодлар манаман деган халқларни лол қолдирган даврлар кўп бўлган. Ҳозир юртимиз ўз бошидан ўтказган барча даврларга қараганда ҳам энг қулай имкониятлар яратилган даврга етиб келди. Шундай экан, ёшларимиз қалби қайси йўналишга кўпроқ оловланса, ушбу йўналиш бизнинг келажагимиздан дарак беради, деб ўйлайман. Япония олтмиш йилдан бери дунёдаги бирорта ҳам технологик ёки фундаментал изланишни назаридан қочирмай келяпти. Иложи бўлса, уларни дарров ишлаб чиқаришда қўллаяпти. Биз шиддат билан ихтиро яратишга киришишимиз шарт эмас, лекин дунёда яратилган барча ихтироларни “сув қилиб ичиб” юборишни бир зум ҳам унутмаслигимиз шарт.
Бу вазифани фақат ёшларимиз уддалалай олади. Бунга эътиборсиз қарасак, илмий тараққиётда илғор давлатлар билан орамиздаги масофа узайиб бораверади. Масофа узаймаслиги учун ҳар бир ўқув ва илмий тадқиқот муассасаси йилига бир марта эмас, ўн икки мартадан танлов ўтказиб туриши, ўз билими ва ихтироси билан “ғолибларнинг ғолиби” деб тан олинган истеъдод эгалари ҳар йили бир неча маротаба Фанлар академиясининг анжуманлар залида йирик олимлар ҳузурида ўз иқтидорини намоён этиши керак. Каналларини футбол ёки ўйин-кулгиларга тўласича бериб қўйган ойнаи жаҳон бу каби илмий анжуманларни ҳам бошидан охиригача, ҳамма дастурхон атрофида тўпланган чоғида намойиш қилиб борса, албатта, унинг натижаси яқин йилларда кўринади. Амалда қўллаш мумкин бўлган илмий ғоя ёки ихтиролар ҳам шу жараёнда аниқланиб қолади.
Мамлакатимиз мустақилликдек улуғ неъматга эришгандан сўнг жафокаш халқимиз ўз миллий ва диний қадриятларига эга бўлди. Хусусан, бошқа дин вакиллари қаторида мусулмонлар учун ҳам минглаб масжидлар очилди. Диний таълим масканлари фаолият юрита бошлади. Ота боболаримиз орзу қилиб ета олмаган ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл очилди. Дин эркинлиги, виждон эркинлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу боисдан мамлакатимизда амалда бўлган виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунда ҳам ҳалқимиз руҳига мос келадиган иймон эътиқод меҳр-оқибат, ор-номус иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатлар ўз аксини топган.

Х.Матяқубов
Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *