МИССИОНЕРЛИКНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ ТАРИХИ

Мамлакатимизда виждон эркинлиги кафолатланганлигини ҳамма яхши билади. Лекин бу дегани жамият кишилари орасида эътиқод қиланаётган диний қадрятларни бехурмат қилиш ва жамиятга ҳам эътиқодга ҳам зарар келтирувчи қандайдир секта ва оқимларга қўшилиб кетиш мумкин дегани эмас.
Бундай секта оқимларнинг келиб чиқишига сабаб, асосан хиристиан динига мансуб ўзларини миссионерлар деб атайдиган кишилар тарафидан маълум бир мақсад ва вазифаларни адо этиш ниятидаги жамоалар тарафидан тарғиб қилинмоқда.
Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим.
Ушбу сўз лотин тилидаги “миссион” феълидан олинган бўлиб, юбориш, вазифа топшириш, “миссионер” эса вазифани бажарувчи деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради. Ҳар йили қайта нашр этиладиган “World book” – “ Жаҳон китоби” энкциклопедиясида “Миссионер бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон” деган фикр қайд этилган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Миссионерлик фаолияти бошқа давлатларда амалга оширилиши билан таърифланадиган “ташқи” миссия ҳамда динсиз ва бошқа динга мансуб шахслар орасида давлатнинг ўз ҳудудида амалга оширилишини назарда тутувчи “ички” миссияга бўлинади.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, миссионерлик фаолияти турли динларга мансуб гуруҳ ва жамоалар фаолиятида кузатилганлигини кўриш мумкин. Масалан, буддизмда миссионерлик кўплаб ҳолларда сайёр монахлар томонидан амалга оширилиб, милоддан аввалги III асрдан бошлаб тарқалган. Христиан миссионерлиги милодий IV асрда пайдо бўлиб, XIII-XIV асрларда у Ҳиндистон, Хитой ва Япониягача кириб келган.
Католиклар черковининг миссионерлиги испан ва португал мустамлака империялар вужудга келишидан кейин ўз фаолиятини кучайтирган
(XV-XVI асрлар).
АҚШда миссионерлик ташкилотлари XIX аср бошида пайдо бўлган. Империалистик давлатлар жаҳонни бўлиб олиш учун кураш олиб борган даврни ўз ичига олган XIX асрнинг охирги учдан бирида миссионерлик фаоллашган.
Бугунги кунда фаол миссионерлик билан турли йўналишдаги ташкилотлар шуғулланаётган экан, бундай ҳаракатларнинг ғоявий-ақидавий асосларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, христианлар “Миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт”,-деб ҳисоблайдилар. Бундай фикрларнинг асоси ва манбаини «Инжил»дан топиш мумкин. Жумладан, “Инжил”да Исо Масиҳнинг ўзига 12 ҳаворийни танлаб олиши ва уларни Исроилнинг қишлоқлари бўйлаб даъват қилиш учун юборгани қайд этилган. Бу ҳақда Маркдан ривоят қилинган “Инжил”да «Исо шогирдларига деди: “Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар”, Маттодан ривоят қилинган «Инжил»да эса “…барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўқинтиринглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсаларга амал қилишни уларга ўргатинглар…”, -деган даъватларни ўқиш мумкин.
Шу ўринда адолат юзасидан бир фикрни алоҳида қайд этиш лозим. Кўпчилик ҳолларда муайян дин доирасида шаклланган у ёки бу кўрсатмалар, ақидалар асосий тарихий шарт-шароит билан боғлиқ бўлади ва ўз даври учун тўғри ҳисобланади. Вақт, шароит ўзгариши билан ўзининг бирламчи аҳамиятини йўқотган бундай кўрсатмалар ўша даврдаги тарихий вазиятни тушуниш ва баҳолашда қимматдорлик касб этади.
“Инжил”дан келтирилган юқоридаги сўзлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Зеро, Исо Масиҳ томонидан қилинган бундай даъватлар кўп худолилик ўрнига якка худоликни тарғиб қилиш билан боғлиқ эди.
Бугунги кунда жаҳон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги яккахудоликка асосланган ўз динларига эътиқод қилади. Шундай экан, қайд этилган кўрсатмаларни миссионерлик билан шуғулланиш учун ғоявий асос қилиб олиш тарих ҳақиқатига зид эканини таъкидлаш зарур.
Ҳозирги даврга келиб миссионерлик глобал кўриниш олди. Бунда XIX-XX асрларда юзага келган кўплаб протестантлик оқимлари фаол роль ўйнамоқда.
Инсоният тарихида XX аср йирик давлатлар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш учун олиб борилган курашлар даври бўлди. Бу жараёнда Осиё ва Африка мамлакатлари асосий кураш майдонига айланди.
Миссионерларнинг асосий мақсади маълум давлатларда ўзларига тарафдорларни кўпроқ йиғиш, улар орасида ғарбона, христиан ҳаётини тарғиб қилиш ва шу орқали жамиятда хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантиришдир.
Ушбу мақсадга эришиш учун христиан миссионерлари томонидан кўп йиллик дастурлар ишлаб чиқилган. Шундай лойиҳалардан энг йириги бу «10/40 ОЙНА» режасидир.
Режага биноан христиан миссионерлари инжиллаштириш фаолиятида асосан шимолий кенгликнинг 10 ва жанубий узунликнинг 40-даражалари орасида жойлашган ҳудудларга алоҳида аҳамият берадилар.
Ушбу харита ҳам миссионерликдан энергетик заҳираларни қўлга киритишдек геосиёсий мақсадларда фойдаланилиши ҳақидаги хулосанинг ўринли эканини кўрсатади.
Миссионерликнинг яна бир катта мақсадларидан бири бу маълум жамият ичида хар хил динга эътиқод қилувчилар ўртасида келишмовчилик ва муросасизлик келтириб чиқаришдир. Шу орқали шу жамият жойлашган давлат ва жойнинг маънавий ва моддий бойликларига эга чиқиш эканлигини юқоридаги мисоллар орқали билдик.
Хулоса қиладиган бўлсак, бизга зарар бериши мумкун бўлган душманнинг асл мақсади, келиб чиқиши ва унга нималар орқали қарши таъсир қилиш мумкин ёки ундан сақланиш мумкинлигини яхши билиб олишимиз ва ўрганишимиз керак. Анашундагина у душманнинг зараридан омонда бўлишимиз мумкин. Ҳар бир инсон бирор нарса ҳақида тўғри тушунчага эга бўлиши даркор. Ҳеч кимнинг бирор бир нарсани, ҳатто динни ҳам нотўғри, янглиш ва бўяб талқин қилишга ҳаққи йўқ ва бўлмаслиги керак.

У. Мадаминов
Боғот тумани “Назар ота” масжидининг имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *