УМР ҒАНИМАТДИР

Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини ва ундаги барча нарсалар, жумладан сиз-у биз инсонларни ҳам фоний қилиб яратди. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч нарса боқий эмаслигини Қуръони каримда баён қилди:
яъни: “(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг “юзи” боқий қолур” (Ар-Раҳмон сураси, 26-27-оятлар). Дарҳақиқат, умримизда қанчалик хайрли ва савобли ишларни қилганимиз ёки гуноҳ ва хатоларга йўл қўйганлигимиз энди, охиратда ўзимизга ҳужжат бўлади. Яхшилик билан ўтказган бўлсак, алҳамду лиллаҳ, аммо гуноҳ ва хатоларни кўп қилган бўлсак, уларни тўғрилаб олиш учун ҳали имконимиз бор. Зеро, инсоннинг умри ниҳоясига етгач камчиликларни тўғрилашнинг имкони қолмайди. Умрни ғанимат билиш ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.дан кўплаб ҳадислар, саҳобалардан асарлар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Умар р.а. айтадилар:
яъни: Расулуллоҳ с.а.в. менинг елкамдан тутиб шундай дедилар: “Дунёда гўё ғарибдек ёки йўловчидек бўл”. Шундан сўнг Ибн Умар р.а. ҳам: “Кеч кирса тонгни кутиб ўтирма, тонг отса кеч киришини кутиб ўтирма, соғлик вақтингда беморлигингда қилаолмайдиган ишларингни қилиб қол, тириклигингда вафотингдан кейин асқотадиган амалларни қилиб қол”, деб юрар эди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар:
яъни: Расулуллоҳ (с.а.в.) бир одамга насиҳат қилиб туриб унга: “Сен беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билгин: ёшлигингни қарилигиндан аввал, саломатлигингни касал бўлишингдан аввал, бойлигингни фақирлигингдан аввал, бўш вақтингни бир ишга машғул бўлмасингдан аввал ва ҳаётлигингни ўлимингдан аввал ғанимат билгин”, — дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Ушбу ҳадисни биринчи ва бешинчи насиҳатларини кенгроқ шарҳ қиламиз.
Биринчи: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билмоқлик”. Ёшликда қилинган ишлар пухта, мустаҳкам бўлади, ибодатларнинг савоби ҳам ортиқ бўлади. Шунинг учун ҳам ҳамма замонда мамлакатнинг келажакдаги мустаҳкамлиги, унинг куч-қудрати, тараққиёти ўша мамлакат ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғланган. “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, дейилади ҳадисда.
Бешинчи: “Тирикликни ўлим келишидан олдин ғанимат билмоқлик”. Аллоҳ таоло инсонни дунёга келтириб, унга Пайғамбар юбориб, унга шариат аҳкомларни етказди. Ўз навбатида шариат кўрсатмаларига амал қилган кишиларга улуғ савобларни ваъда қилди. Шариат қоидаларга амал қилиш – қилмаслик Аллоҳ учун ҳеч қандай фойда ёки зарар келтирмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам умр, вақтнинг қиммати ва аҳамияти алоҳида таъкидланади.
Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида умр, вақт ҳар бир инсоннинг зиммасидаги улуғ бир масъулият ва қарз экани зикр этилади. Ҳатто ҳисоб-китоб кунида бандага бериладиган асосий тўрт саволдан иккитаси ана шу вақт ҳақида бўлиши ҳадисларда таъкидлаб ўтилган. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: яъни: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб ) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”.
Айниқса, ёшларимизни ва фарзандларимизни бўш вақтларидан унумли фойдаланишга ўргатишимиз биз ота-оналарнинг, ёши улуғлар кексаларнинг бурчимиздир.
Бугунги доруломон пайтда уларнинг бўш вақтларини тўлдириш, илм билан шуғулланишлари учун барча шароит ва қулайликлар муҳайё. Ўсиб келаётган ёш авлод бу қулайликларга шукр қилиб, турли касб-ҳунарларни эгаллашлари, илм-фанда етук мутахассис бўлиб етишишлари даркор. Шунингдек, уларнинг дину диёнатли бўлиб ўсишларига алоҳида аҳамият беришимиз ва кўмаклашишимиз лозим. Бунда аждодларимиз ҳаёти биз учун ибрат бўлиши керак.
Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар… Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”.
Бас шундай экан, инсон ҳаётида Аллоҳнинг амрига нечоғлик итоат этса, келажакда охирати ҳам обод бўлади.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши дунёнинг ўткинчилигини, охират ҳаётининг абадий эканлигини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги, айни пайтда Аллоҳ берган умрини ғанимат билиб, дунё ва охирати учун фойдали бўлган амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи, дунёнинг ёлғончи ҳою-ҳавасларига алданиб, гуноҳ ва маъсиятлар билан ўтказишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *