ЭЛИМ ДЕБ ЮРТИМ ДЕБ ЁНИБ ЯШАЙЛИК

Ватан – инсон энг кўп ўйлайдиган, сўйлайдиган, куйлайдиган мавзу. Энг юксак жасоратлар сабаби–Ватан. Ватан деб жондан кечадилар. Улар маънавий жасорат соҳиблари, азизларимиз. Ўзбекистонда улар абадий хотирланади, қадрланади.

Албатта, жаҳонда мамлакат қудратини белгилайдиган омиллар бисёр. Аммо уларнинг энг асосийларидан бири шу юртда вояга етаётган юксак маънавиятли, жисмонан соғлом, ҳар томонлама баркамол авлод ҳисобланади. Ана шу эзгу мақсадларни амалга ошириш мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўлидаги давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан этиб белгиланди. Бу борада асрларга татигулик улкан ишлар амалга оширилди. Шу ватанда яшовчи хар бир шахс бу тупроқни ватан дея қадрлар экан,унинг тараққиёти ва ривожи учун ўз хиссасини қўшиши керак.

Юртимизда олиб борилаётган таҳсинга лойиқ лекин қилишимиз керак бўлган ватан тараққиётига дахлдор ишларимиз анча эканлигини ҳам этироф этиб шунга яраша ҳар бир фуқоро ғайрат ва шижоат кўрсатиши лозим. Ҳисса қўшиш деган фақатгина моддий тарафдан эмас, балки ҳар бир соха вакили ўз касбини, чин ихлос билан қилар экан, бу ҳам ўз ҳиссасини қўшиш бўлади.

 Ватан! Бу сўз замирида жуда катта маъно мужассам. Кишининг ватанига бўлган муҳаббати уни ўз она юртига бўлган садоқатида кўринади. Муқаддас динимизда ҳам ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат юксак баҳоланади Имом Муҳаммад Ғаззолий  раҳматуллоҳи алайҳи: “Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради деганлар. Ватанга бўлган муҳаббат инсон қалбидаги туғма табиатидир. Бу нарса инсонни ватанида бўлганда хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”, дейди.

Буюк аждодларимизнинг бу борада кўрсатган садоқатлари ва жасоратлари бизларга ўрнак бўлиши лозим. Машҳур аждодларимиздан бири Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ўз ватанига бўлган садоқати, у кишини қўлларида ватан байроғини тутиб жон беришлари айни ватанпарварликдир. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин, лекин биз буюк ватанпарвар аждодларимиздан ўрганишимиз ва ҳаётимизга татбиқ этишимиз керак бўлгани бу ватанга садоқат ва муҳаббатдир.

Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ўз ватани учун қайғуришидан, дўстларини  соғинишидан  ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади.” Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанини  ҳимоя қилиши, халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади. Ватанимиз тараққий этишида бир неча омиллар ҳизмат қилади. Шулардан бири ҳалоллик ва тўғриликдир. Ёлғон ва гумон аралашган жойда ривожланиш бўлмайди.

Пайғамбар алайҳи салом : «Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир». деб огохлантирганлар.

Бундай иллатлар ҳар қандай жамиятни ичидан кемиради. Ватан тараққиётига тўсқинлик қилади. Ҳар кимда ватан тараққиётига дахилдорлик ҳисси бўлса, бундай иллатлардан узоқда бўлади ва ўз ишини сидқидилдан бажаради.

Ватанпарвар бўлиш ва унга садоқатли бўлишни Аллоҳ таоло ҳаммамизга насиб айласин.

М.Матякубов

Қўшкўпир тумани бош имом –хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *