АЁЛ МУСТАҲКАМ ОИЛА ТАЯНЧИ

Ислом дини кишиларни жамиятни ажралмас бир қисми, яъни хотин-қизларга улуғ назар ва эътибор билан қарашга ундайди. Муқаддас қитобларда ҳам аёлнинг ҳақ-ҳуқуқи, обрў-шаъни ниҳоятда юқори савияда муҳофаза қилинади. Ҳусусан Қуръони каримдаги 176-оятдан мустақил бир сурани номи “Аёллар” деб аталади. Бошқа суралардаги юзлаб оятларда ҳам аёллар тўғрисида аҳкомларни нозил қилингани илоҳий таълимотда аёлларга берилган беқиёс эътиборнинг ёрқин далили ҳисобланади.

        Пайғамбаримиз (с.а.в): “Огоҳ бўлинглар: аёллар ҳақидаги васиятимга амал қилиб, уларга яхши муомалада бўлинглар. Албатта, аёллар сизларнинг қўл остингиздаги омонатдирлар. Сизлар аёлларни Аллоҳ омонати сифатида хотин қилиб олгансизлар ва Аллоҳ номи билан уларни ўзингизга ҳалол қилгансизлар, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқингизлар ва уларга чиройли муомалада бўлинглар”, дейди.

Ислом дини аёлларга кенг ҳуқуқ ва ҳақлар берган. Мусулмон аёл қулчилик руҳидан озод бўлиши керак. Бунинг учун эса, у ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини билиши керак. Исломни тўғри тушуниб амал қилган мўмин эркаклар, аввало, ўзлари илмли бўлганлари ёки илм олаётганлари ҳолда, аёлларнинг ҳам илм эгаллашларига ёрдамчи бўладилар.

Исломда иймондан кейинги фарзи айнлардан бири илм олишликдир. Аллоҳ таоло бандасини тафаккур қилиб, борлиққа қараб, таҳлил қилиб, Ўзини танишини хоҳлайди. Кўр-кўрона, тақлидий иймон келтиришликни хуш кўрмайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Илмни Чинда бўлса ҳам бориб олинглар”, деганлар. Ваҳоланки, ўша пайтда Чин (Хитой) бутлар ва бутпарастлар ўлкаси бўлган. Лекин улар бундай дейишга қўрқмадилар. Чунки борлиқда Аллоҳнинг қудратини намоён этиб турувчи сон-саноқсиз далилларни ақли билан таъаммул қилган инсон, унинг ваҳдониятига иймон келтиргач, Роббисига ширк келтирмайди, аксинча ҳақ талабида бўлади.

       Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлларга ниҳоятда яхши муомалада бўлганлар ва бошқаларни ҳам шунга чакирганлар. Бу ҳақда бир неча ҳадислар ривоят қилинган: “Мўминларнинг тўла ишончлиси хушхулқлисидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларга, завжаларига яхши муомалада бўлганларингиздир”. “Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз».

Яратганга шукрлар бўлсинки, мамлакатимизда аёлларимизнинг илм олишлари ва жамиятда ўз ўринларини топишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Бу имкониятларнинг барчаси юртимизда хукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик сабаб амалга оширилмокда.

     Бошқа бир ҳадиси шарифда ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в)дан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” деб сўрашганида, у зот: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлаганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, деб жавоб бердилар. Яна бир ҳадиси шарифда: “Яхшилик қилишни меҳр-шавқат ва меҳрибонликни  оиладан бошла”, дейилади.

  Кўриниб турибдики, наслимиз давомчиларини дунёга келтириш, тарбиялашдек машаққатли вазифани ўз зиммасига олган аёллар меҳримизга, эътиборимизга муносиб. Аёл ўзини бахтли ҳис қилган оилада тотувлик ҳукмрон бўлади, фарзандлар яхши тарбия олади. Ўз навбатида, аёллар зиммасида нозик ва масъулиятли вазифа борки, бу ҳар вақт аёллик назокатини, шаънини, номусини асраш, оиласига садоқатли бўлиш, фарзандларига яхши тарбия бериш, уларни Ватанга садоқатли инсонлар сифатида камолга етказиш каби вазифаларни чин қалбдан этмоқликдир.

                                                                       Р.Қодирова

ЎМИ Хоразм вилояти вакиллининг Хотин-қизлар масалалари

бўйича вакил ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *