ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ ВА ИНСОН ХУҚУҚИ

Виждон эркинлиги табиий ҳуқуқ ва эркинликлар сирасига кирувчи, ҳар-бир шахснинг ажралмас ҳуқуқларидан биридир. Шахснинг табиий ҳуқуқлари давлатнинг инсонга берган “туҳфаси” эмас, балки инсоннинг муносиб турмуш ва ҳаёт тарзини танлаш билан боғлиқ реал имконияти ҳисобланади.
Шу билан бирга, табиий ҳуқуқлар жумласига кирувчи эркинликларни қонун чиқарувчи ўзи хоҳлаганда қисқартириши ёки чеклашга ҳам ҳақли эмас. Чунки бу ҳуқуқлар табиий равишда инсонларга берилган инъом саналади. Виждон эркинлиги ҳам худди шундай.
Виждон эркинлиги инсоннинг асосий эркинликларидан бўлса-да, қонунда ўз ифодасини топиб, муҳофаза остига олингандагина чин маънода ҳуқуқ даражасига кўтарилади. Акс ҳолда шахснинг қалб кечинмаларини ифодоловчи бу ҳуқуқ ҳақиқий маъносини йўқотади.
Бу эркинлик деярли барча давлатларнинг конституция ва қонунларида, шунингдек, қатор халқаро ҳужжатларда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояга олинган.
Ҳуқуқий мезонда виждон тушунчаси “виждон эркинлиги” шаклида келади. Ўзбекистоннинг асосий қомуси – Конституцияда таъкидланишича “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» (31-модда), деган қоида мустаҳкамланган.
Бу қоидага кўра “виждон эркинлиги” деган тушунчанинг мазмун-моҳияти шахснинг хоҳлаган динга эътиқод қилиши билан бирга, ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ихтиёрини ҳам қамраб олади. Бу модда сўнгида «диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», деган муҳим қоида асосида, ҳар-бир инсон ҳақли бўлган ҳуқуқнинг бузилмаслиги учун қонуний замин тайёрланган. Бунинг замирида виждон эркинлигига нисбатан ҳар қандай таҳдидни бартараф этиш истаги ётади.
Одатда, конституция давлатнинг асосий қонуни бўлиб, ёритиладиган норманинг умумий жиҳатларини ўзида қамраб олади. Конституция асосида қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатларида норма кенгроқ ёритилади ва шарҳланади. Конституциядаги 31-модда замирида қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси биринчи ва иккинчи бандларида бу тушунча кенгроқ очиб берилган. Унда айтилишича, “Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.
Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди”.
Демак, виждон эркинлиги ибодат қилиш, диний расм-русмлар ва маросимларда иштирок этиш эркини, шунингдек, диний таълим олиш ёки олмасликни ўз ихтиёри асосида белгилаш ҳуқуқларини ҳам ўз ичига олади.
Виждон эркинлиги тушунчаси халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам атрофлича баён этилган. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида шахснинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатланган. Унда айтилишича, “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”.
Мазкур нормага кўра виждон эркинлиги шахсга қуйидаги ҳуқуқларни кафолатлайди:
•Шахснинг ўз дини ёки эътиқодига эга бўлиш;
•Шахснинг ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш;
•Таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш;
•Ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш.
Бундан ташқари, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 19-моддасида ҳам виждон эркинлигига айни шу мазмунда изоҳ берилган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, виждон эркинлиги шахснинг конституцивий табиий ҳуқуқи бўлиб, давлат бу эркинликни ҳуқуқий кафолатлаш ва амалда таъминлаш тадбирларини рўёбга чиқариш билан бир қаторда, уни поймол этишга нисбатан ҳар қандай таҳдиднинг олдини олишга ҳам интилади. Қонун устуворлиги энг олий мезон бўлган фуқаролик жамиятининг ҳар бир аъзоси ушбу қонуний талабга тўғри муносабатда бўлиб, унинг ҳаётга татбиқ этилишига ҳисса қўшиши лозим. Чунки энг муҳим конституциявий ҳуқуқлардан бўлган виждон эркинлиги ҳуқуқининг амалда рўёбга чиқарилиши фуқаролик жамиятининг маънавий-маданий ривожланганлик даражасининг ҳам муҳим кўрсаткичларидан ҳисобланади.

М.Каримов
Урганч тумани “Ҳазрати Шахобиддин бобо” масжиди
Имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.