БОШ ҚОМУСИМИЗ АДОЛАТ МЕЗОНИ

Ҳар бир давлатнинг ривожланиш йўлини, дастурини, унда яшовчи инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мажбуриятларини, эътиқод эркинлиги ва бошқа мезонларни белгилаб берувчи қомуси бўлади. 1992 йил 8-декабрда қабул қилинган Конституциямиз иқтисодиётда, ижтимоий-сиёсий муносабатларда ва маънавий ҳаётда чуқур ислоҳотлар ўтказиш учун пухта ҳуқуқий асос бўлди.
Бош қомусимизда қонунлар устуворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият эканлиги акс эттирилган. Жумладан, 18-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб жинси, ирқи, миллати, тили, дин, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтиомий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар”, дейилган.
Диёримизда яшовчи 130 дан зиёд миллат вакилларининг бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари қатори эътиқод эркинлиги ҳам кафолатланган. Конституциямизнинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолат-ланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”, дейилган. Демак, қомусимизда диний бағрикенглик тамойиллари муҳим ўрин олган, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Аллоҳ ўз каломида: “Динда зўрлаш йўқ. Зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”, деб марҳамат қилади. Ақийда, иймон масаласи инсон қалбига боғлиқ жуда ҳам нозик бир масаладир. Бу нарсани мажбур этиб, куч билан сингдириб бўлмайди. Балки, ҳар бир инсон баён қилинган илоҳий кўрсатмаларни тушуниб иймон келтиргандагина мақсад ҳосил бўлади. Исломда ушбу қоидага қаттиқ риоя қилинади. Худди ана шу нарса қомусимизда белгиланган виждон эркинлигининг ўзидир.
Тарихда миллатчилик ирқчилик балоси катта урушларга сабаб бўлиб хақларнинг бошларига оғир кулфатларни солганлигига кўплаб мисоллар мавжуд. Миллатчилик бир халқнинг хақ хуқуқларини поймол булиб унинг эркини йўқолишига олиб келади. Мустақил Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар битта миллатларнинг хақ хуқуқлари тикланиб ҳамма миллатларнинг тенглиги конституция билан белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда яшаётган миллатларнинг миллий марказлари фаолият олиб бориб уларнинг ўзбек миллати билан бап баробар тенг хуқуқли яшаб мехнат қилиш имконияти яратиб берилди. Мустақил ватанимизда барча халқларнинг эмин эркин бахтиёр дўстона хаёт кечириши Ўзбекистонлик ҳар бир инсон учун фахрланса арзийди. Бу нарса давлатмиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг ниҳоятда тўғри эканини ўтган вақт исботлаб берди.
Диёримизда амалдаги қонунлар асосида турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилиши таъминланган, диний ва ўзга мутаассиблик, экстремизм, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли дин тоифалариўртасида адоватни авж олдиришга қарқтилган ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди. Зеро ана шу омиллар асосида диний ва миллий низолар келиб чиқади. Ушбу низоларга олиб борадиган барча омилларга конституциямиз йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам мустақиллик даврида диний ва миллатлараро тотувлик таъминланиб, ўзаро низолар келиб чиқмаган. Аллоҳ таоло марҳамат этади: “Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин” (Моида, 2-оят). Ушбу оятга мувофиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир”, деганлар. (Баззор ривояти).
Умуман Ислом дини таълимотидан бешта бош мақсад кўзда тутилади:
1.Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш.
2.Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
3.Инсон динини муҳофаза қилиш.
4.Инсон наслини муҳофаза қилиш.
5.Инсон мол-мулкини муҳофаза қилиш.
Асосий Қонунимизда ҳам инсон омили, инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият деб белгилаб қўйилган. Конституциянинг учинчи бўлим 14-боб 66-моддасида шундай дейилади: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дейилган. Ота-она боланинг вужудга келишига  сабабчи бўлганлари  учун  ҳам улар олдида  фарзандлик ҳақлари бор. Ота-она болани ёшликдан ардоқлаб-авайлаб ўстиради,  унинг роҳати учун қайғуради.
Бу борада илоҳий мезон бўлмиш Қуръони каримнинг  “Исро” сураси 23-24-оятларида шундай марҳамат қилинади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди!”
Бу икки ҳукмнинг бир оятда, бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ исломда ота онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в)дан Саъид ибн Зайд (р.а) ривоят қилиб: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, – деганлар (Абу Довуд ривояти).
Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни, унинг Ватанини ифода этади. Буюк бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур ўз тузукларида шундай дейди: “Давлат- лашкарлару фуқароларнинг садоқати ва фидоийлиги ила қудратлидур”.
Шариат манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал деб белгилаб қўйилган. Юртимиздa тинчлик, oсoйиштaлик бўлсин, oсмoнимиз мусaффo бўлсин дeб кўп тaкрoрлaймиз, бунгa эришиш ва унинг доимий бўлиши учун марҳум юртбoшимиз И.Каримов қуйидaги фикрни aйтгaн эдилaр: “Бир ҳaқиқaт ҳaммaмиз учун aён бўлиши кeрaк: ҳушёрлик, oгoҳ бўлиб яшaш, бу бир кунлик ёки бир oйлик мaсaлa эмас, бaлки кундaлик иш, кундaлик aмaлий ҳaрaкaт бўлиши кeрaк”.
Худди шунингдек, қонунларимизда ва шариатимизда жамиятдаги ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига атроф-муҳитни тоза ва покиза сақлаш ҳамда табиатни муҳофаза этишдек катта масъулият юкланган. Бу шарафли ишни инсон азалдан баҳоли қудрат адо этиб келади. Ислом дини тарқалишининг илк даврлариданоқ табиат муҳофа
заси, наботот ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга кат
та эътибор берилган. Наботот олами Аллоҳ таолонинг ин
сонлар учун ато этган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бусиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Аллоҳ таоло биз мусулмонларни яшаб турган курраи заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”, — деб огоҳлантиради. (Бақара сураси, 205-оят). Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Бугунги кунда бузғунчилик қилаётган экстремистик фирқалар фаолиятида эса ушбу қоидаларнинг зиддини қилиш, инсонлар ҳаёти, ақли, мол-мулки ва наслига тажовуз қилиш каби ишлар учрайди.
Умуман олганда Ислом қотиллик, жоҳиллик, ёвузлик, босқинчилик каби разил иллатларни қаттиқ қоралайди. Ушбу маънолар конституциямизда ҳам ўз аксини топган бўлиб, асосан юртимизда диний оқимлар ва гуруҳлар тузиш, ноқонуний диний фаолият олиб бориш, диний экстремизмга чақирувчи материалларни тарқатиш таъқиқланган. Бундай фаолият юрт тинчлигига, осойишталигига раҳна солади.
Шу ўринда ҳар бир инсон ҳаётига бевосита дахлдор бўлган «Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият», деган муқаддас тамойил моҳиятига тўхталиб ўтсак. Аслида бу тушунчанинг мағзида қандай маъно бор? Аввало шуни айтиш керакки, дунёнинг баъзи нуқталарида талофатли урушлар, улкан йўқотишлар, жабр-зулм, миллат ва элатларнинг ўзаро адоватга берилиши, бир-бирини камситишга уринишлар бўлаётган бир пайтда, юртимизда ўзаро ҳамкорликда инсонларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириш йўл-йўриқлари изланди. Ўшанда асосий эътибор инсоннинг асосий ҳуқуқларига, яъни инсон қадр-қиммати, шаънига ҳурмат билан қараш, жинслар ва миллатларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш, халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва бошқа қатор илғор ҳамда эзгу ғояларни қарор топтиришга эътибор қаратилди.
Ушбу тамойилларни ҳис қилиб, диний ва маърифий қадриятларни ривожлантиришга ҳисса қўшишимиз, ўзимига берилган эркинликлардан ташқари ўз бурч ва маъсулиятларимизни сидқидилдан адо қилишимиз юртимизда қонун устиворлиги ва тинчлик-хотиржамликнинг, тараққиётимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Д. Абдуқодиров
Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юрти мудири

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.