АСОСИЙ ҚОНУНИМИЗ — ҲАЁТИМИЗ МЕЗОНИ

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларда инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш ғояси ўз ифодасини топган. Жумладан, Бош Қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий мақсади ва тамоили ҳар-бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини таъминлашга қаратилгани эътиборга моликдир. Қолаверса, Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига уйғунлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, 2018 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 26 йил тўлади. “Конституция” лотинча сўздан олинган бўлиб, у “тузиш”, “тузук”, “тузилиш”, “яратиш”, “ўрнатиш” деган маъноларни билдиради. Конституция давлатнинг Асосий қонуни ҳисобланиб, унда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари, давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектлари, ҳокимиятни амалга ошириш механизми белгиланади, жамият, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари мустаҳкамланади.

Бизнинг Конституциямиз Ўзбекистон Республикаси XII-чақириқ Олий Кенгашининг XI-сессиясида 1992 йил 8 декабрда моддама-модда овоз бериш йўли билан қабул қилинган бўлиб, у 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши мамлакат тарихидаги буюк воқеа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўзбек халқининг давлат суверенитети ғоялари ва инсон ҳуқуқларига ҳамда озодлигига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни ҳисобланадиган Конституция энг Олий юридик кучга эгадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий мазмун ва моҳияти фақат унинг халқи манфаатларига хизмат қиладиган ва унда ҳуқуқий демократик давлат қуриш асосларини белгилаб берган қобуснома ҳисобланади.

Конститутциямиз дин ва виждон эркинлигини махсус моддалар билан кафолатлаган. Жумладан, Конститутциямизнинг 31-моддасида «хамма учун виждон эркинлиги кафолатланади, ҳар бир инсон хохлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди»-деб қайд қилиб қўйилган. Бу эса, мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг ўз дин ва эътиқодига мувофиқ барча диний маросимлари, ибодатлари ва тадбирларини бемалол адо этиш имкониятини беради. Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида халқимиз руҳига мос келадиган имон эътиқод, адлу-инсоф , диёнат, меҳр оқибат ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатлар мужассамидир. Айнан шуниси билан барча мумин-мусулмонларга фуқаро сифатида унга тўлиқ риоя қилиш ва уни ҳурмат қилиш лозим бўлади.

Конституциясининг учинчи бўлим 14 боб оилага боғлиқ моддаларининг 66-моддасида шундай дейилади: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дейилган.

Ҳеч бир фарзанд ота-онасини инкор этолмайди. Ота-она боланинг вужудга келишига  сабабчи бўлганлари  учун  ҳам улар олдида  фарзандлик ҳақлари бор. Ота-она болани ёшликдан ардоқлаб-авайлаб ўстиради,  унинг роҳати учун қайғуради ва у ухласин, ором  олсин, деб   кечалари бедор бўлиб,  кўп вақтларини ухламай ўтказади.

Бу борада илоҳий мезон бўлмиш Қуръони каримнинг  “Исро” сураси 23-24 оятларида шундай марҳамат қилинади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”

Бу Аллоҳ таолонинг бандаларга амри, буйруғи, фармонидир. Бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш ҳам эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгил ҳуши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир. Аллоҳ таоланинг  ибодатидан кейинги келадиган иш ота онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам  Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таола ўзига ибодат қилишга чақиргандан кейин шу жумланинг давомида ота онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятда, бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ исломда ота онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

Шундай экан, бу муқаддас заминда яшайдиган ҳар бир инсон Конститутциямизни ҳурмат қилиши, унда белгилаб қуйилган фуқаролик бурчларини яхши англаб олиши лозим. Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан мусулмонларга ибодатларини эркин адо этишлари учун барча шарт шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, муборак ҳаж сафарига борувчи хожилар учун катта қулайликлар яратилган, икки ҳайит кунларини дам олиш кунлари этиб белгиланиши ихлосманд халқимиз учун катта бахт ҳисобланади. Бу каби неъматларга шукр қилмоқ ҳар биримизни зиммамизга вожиб. Аллох таоло : «Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир».

Азизлар, барча юртдошларимизга Бош Қомусимизнинг 26 йиллик байрами муборак бўлсин. Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бундан-да зиёда бўлиб бормоқлигини муяссар айласин!

 

 

Х. Абдуллаев

ЎМИ  Хоразм вилояти вакили       

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *