МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – ТИНЧЛИК ГАРОВИ

         Ҳар қандай жамиятда комил инсонни тарбиялаш учун асосан унинг руҳий- маънавий оламини бойитиш, онгига эзгу фазилатлар ва юксак ахлоқ руҳини сингдириш алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада мусаффо ва бағрикенг, олийжаноб ва инсонпарвар дин бўлган Ислом дини инсонларни ҳалолликка, эзгуликка, инсоф-адолатга, яхшилик қилишга чорлаши билан катта хизмат қилиши муқаррар. Комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини теран англаб етмоғи даркор.

              Ислом дини аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, ҳатто ғайримусулмонларга эхтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Аллоҳ таоло моида сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир”. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир”, дейилган.

             Кўнглида адоват бўлмаган ҳамда жамиятга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, шунинг билан бирга тинчлик ишига раҳна соладиган, нафақат Ислом, балки бошқа динлар равнақига хам зиён етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муроса қилмаслик динимиз талабидир. Сир эмас, қора ниятли кучлар ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, фитначи гуруҳлар юртимизда эътиқод эркинлиги борасида олиб борилаётган ишларни, эришилаётган ютуқларни атайлаб бузиб кўрсатишга уринмоқдалар. Интернет ва бошқа воситалар орқали турли миш-мишлар тарқатиб тинчлигимизни бузишга ҳаракат қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан,туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб ўсиб келаётгани ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзариб вазифа сифатида қараб, ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туришимиз зарур.

Жуманиёзов И.

                                                                 Урганч тумани Қарри хўжа бобо масжиди

 имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *