ФАРЗАНД ҲАҚ-ҲУҚУҚЛАРИ

          Фарзандни гўдаклик вактидан юксак фазилатли қилиб, ахлоқ-одобга ўргатиш ота-онанинг вазифасидир. Қуръони карим оятларида бу борада шундай дейилади: Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлмиш дўзахдан сақланг… (Тахрим сураси 6-оят).

          Фарзанд Аллоҳнинг омонати, бу ҳакида киёмат куни ота-оналар омонат Эгасига жавоб беради. Бу борада бир қатор шаръий бурч ва масъулиятлар борки, уларни адо этиб, болаларини ёшликдан салоҳиятли, диёнатли ва одобли қилиб ўстирган ота-онанинг дунё-ю, охиратда юзи ёруғ бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат киладилар: “Фарзандларингизга илтифот кўрсатинг, ота-онангизнинг сизда ҳақлари бўлгани каби фарзандларингизнинг ҳам сизда ҳақлари бор. (Табароний ривояти).  Ушбу ҳадисга мувофиқ равишда гўдакка чиройли исм қўйиш, илм ва маърифатли қилиш, хулқ-атворини гўзал фазилатлар билан безаш ва касб-ҳунар ўргатиш боланинг ота-онадаги ҳақларидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло лутф марҳамати ила берган фарзандларни мурғаклик давридан бошлаб тарбия килиш, уларни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаш ҳам ота-онанинг вазифаси.

Фарзанд ҳуқуқларидан яна бири ота-она фарзандига ҳаётнинг ҳар соҳасида қоқилиб сурилмаслиги, ўз ўрнини муносиб эгаллаши учун таълим беришларидир. Ҳар бир фарзандни ўз салоҳиятига кўра илм ва ҳунарга йўллаш билан ота-оналар болаларининг тез камолга етишига ёрдам қилган бўладилар. Чунки илм-фан соҳасида орқада қолиш ота-онани, фарзандларни ҳам ҳаётларининг мазмунсиз ўтишига олиб келади. Шу сабабли ҳам ота-онанинг энг аввало, ўзлари юксак маърифат эгаси бўлишлари тақозо килинади.

                                                                                                  Собиров Ҳусинбой

                                                                Боғот тумани Қарри бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *