ҒУРБАТДА ҒАРИБЛИК ЛОЗИММИ

Юртга муҳаббат, унга садоқат имонли кишилар хислатидир. Ватанга бўлган мухаббатнинг  энг гўзал  намунасини  Пайғамбаримиз ( с.а.в) кўрсатганлар. У  зот  умматларини  доимо  она Ватанга мухаббатли бўлишга чорлаганлар:  “ ( Эй Макка,) агар қавмим мени сендан чиқармаганда, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлардим”, дейдилар. Бутун инсоният учун  ўрнак бўлган  Расуллуллоҳ (с.а.в) ўз юртларини  севиб  ардоқлаганлар.
Ватанга муҳаббат – бахт топган остонамиз – оиламизга, бизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар – миллий қадриятларга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир. Соҳибқирон  бобокалонимиз  Амир Темур ўз битикларида бундай ёзган: ”Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унитиб,  хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим”. Шундай экан, ўз она юртига, халқига хиёнат қилган одамлардан ҳеч қачон дўст бўлмайди.
Бобурнинг буюклиги ва халқимизга суюклиги нимада? Гап шундаки, у ҳам бошқалар қатори оддий инсон бўлган, лекин тақдир синовларига тан бериб, қўл қовуштириб ўтирмаган. Юксак даражадаги ақл-идроки, тафаккури, сабр-тоқати, матонати билан машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтиб, Ҳинд ерида Бобурийлар салтанатига асос солди. Гарчи, тақдир Бобурни ўз юртидан олисларга олиб кетган бўлса-да, у ҳамиша Ватанини соғиниб яшади.
Унинг ижоди юртпарварлик, халқпарварлик, бунёдкорлик, яратувчанлик ғоялари билан суғорилган. Бугунги шиддатли, таҳликали замонда жаҳон аҳлига ўрнак бўлгудек фазилатлар Бобурнинг феъл-атворида жамулжам эди. Умрининг асосий қисми жанг майдонларида ўтганига қарамасдан, “Девон” тартиб берди, “Ҳарб иши”, “Муфассал”, “Мубаййин”, “Мусиқа илми” каби асарлар ёзди, “Хатти Бобурий”ни кашф қилди.
Бобур ўз замонасининг илғор фикрли, маърифатли кишиларидан бири сифатида яратиш, янги бинолар, боғу роғлар барпо этиш билан машғул бўлди. Андижону Самарқандда қура олмаган биноларни Афғонистонда, Ҳиндистонда барпо қилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларини эътироф этган инглиз адиби Вильям Рашбрук Бобурни “Ўн олтинчи аср бунёдкори” номи билан улуғлаб, унга атаб асар битган.
Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳар-қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. Ватаннинг шаънини турли кўринишларда улуғлаш мумкин, масалан, уни моддий ва маънавий обод қилиш мумкин, турли халқаро анжуманларда, халқаро мусобақаларда Ватаннинг номидан иштирок этиш мумкин. Аммо бунинг асосий шарти шуки, қайси соҳада бўлмасин, холис ва самимий хизмат қилсин, ана шунда бу хизмат Ватаннинг шаънини кўтаришдаги хизмат ҳисобланади.
«Ватан соғинчи» рисоласида айтишича, араблар бирон жойга сафарга чиқишса, ҳидлаб юриш учун Ватан тупроғидан олиб кетишар экан. Ўша тупроқ ватан ҳиссини уйғотиб, уни эсдан чиқармай турадиган омил бўлар экан. Ҳадиси шарифларда бунга ўхшаш мисоллар кўплаб келтирилган. Уларнинг ҳаммаси бизни ана шу Ватан ҳиссини сезишга ундаши керак.
Аллоҳ таоло юртимизни жамики ёмонликлардан асрасин ва бунинг учун чинакам ватанпарвар, ҳақиқий мард, жасур ўғлонларни тарбиялашимизда Ўзи мададкор бўлсин!

А.Матяқубов
Урганч шахар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *