КАМТАРЛИК ОЛИЙ ФАЗИЛАТ

Одаб – аҳлоқ ҳақида сўз юритганимизда машҳур уламолар, “Тавозе” сўзини мулойимлик, камтарлик ва ғурурдан узоқда бўлиш деб баён қилишган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Раҳмоннинг суюкли бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин”, деб жавоб қиладиган кишилардир”.(Фурқон сураси, 63-оят).
Тавозелик хорлик билан мутакабирлик ўртасидадир, у кибру-ҳаво ва манманликнинг зиддидир.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло менга тавозеликда бўлинглар, ҳатто бир киши бошқаси устидан фаҳрга бормасин ва бир киши иккинчи кишига зулм қилмасин”, деб ваҳий юборди. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мутакабирларни шундай маломат қилиб айтди: “Мутакаббирларнинг жойлари нақадар ёмон”. (Наҳл сураси, 29-оят).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Қалбида заррага кибри бор инсон жаннатга кирмайди”. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шайбонинг қуйидаги сўзини, Рисолатул Қушайрия соҳиби нақл қилган: “Шараф – тавозеда, иззат-икром – тақвода ва ҳуррият қаноатдадир”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ширинсўзлик ва мулойимлик билан муомала қилганлари учун ҳам, инсонлар У зотга эргашар, хизматларини қилишга ошиқишар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар…” – деб хабар берилган.
Пайғамбаримиз (с.а.в) оила аҳллари билан хушмуомалада бўлар, уй юмушлари билан ҳам шуғулланар эдилар. Оиша (р.а.)дан: “Расулуллоҳ (с.а.в) оила аҳллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар” – деб сўрашганда, у киши: “Жуда мулойим муомала қилар, кулиб, табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Ҳеч ким У зотни саҳобалари орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрмаган” – деб жавоб берганлар. Кўриниб турибдики, сарвари коинот пайғамбар бўлишларига қарамай оилага нисбатан зиммаларидаги бурчларини бекаму кўст адо этганлар. Уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашар, имкониятлари даражасида аҳли аёлларини нафақа билан таъминлар эдилар. Баъзи бир оила раҳбарлари эса, иш ва тирикчиликни баҳона қилиб ёки тарки дунёчиликка берилиб оиласи, бола чақасини нафақа билан таъминлаш, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланишни унутиб қўймоқдалар. Албатта, бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Ҳар бир нарсанинг, жумладан, ишнинг ҳам, ибодатнинг ҳам ўз вақти бор. Динимиз камтарликка буюрган. Унинг зидди бўлган кибр динимизда куфр ва ширкдан кейинги энг оғир гуноҳлардандир. Аллоҳ таоло мутакаббир кимсаларни ёмон кўради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча ўринларида кибр ва мутакаббирларни мазаммат қилади. Илк содир этилган гуноҳ ҳам кибр ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилингиз!» – деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди”.
Иблиснинг бу итоатсизлиги ва осийлиги замирида кибр ётибди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг қалбида хантал уруғича такаббурлик бўлса, жаннатга кирмайди”, деганлар»” (Имом Термизий ривояти); Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан: “Сизларга дўззах аҳллари хабарини берайми?” деб сўрадилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. У зот: “Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олувчилар”, дедилар» (Имом Муслим ривояти). Агар банда мутакаббирлик қилса Аллоҳ таоло у бандани ҳақни танишдан тўсиб қўяди. Натижада у банданинг кўзи ҳақнинг ҳақ эканини кўрмайди, қулоғи эса ҳақни тинглагиси келмайди. Буларнинг барчасига кибр сабаб бўлади. Демак, инсонларга кибр қилмасдан чиройли хулқ билан муомалада бўлиш – бу одамийлик зийнати экан.
Олов ӯзини юксак тутгани учун ундан шайтон бино бӯлди. Тупроқ тавозели бӯлгани учун ундан ӯн саккиз минг олам гултожи одам (алайҳиссалом) яратилди.
Улуғларимиз ҳам ӯз насиҳатларида камтарликни таърифлаганлар.»Камтарга камол»-деб ҳам улуғ инсонлар камтарлик сифатлаганлар.
Аллоҳ, таоло барчамизни кибру ҳаводан йироқда бӯлиб, икки дунё бахту саодатдан баҳраманд айласин.

А.Бобоев
Шовот тумани “Ваянган бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *