ВАТАНСИЗ БАХТ БЎЛМАС

Она Ватан! Нима учун Ватанни она сўзи билан ёнма-ён ишлатамиз? Чунки, Ватан ҳам онамиз сингари азиз, меҳрибон ва қадрлидир. Инсон дунёга келмасидан аввал онанинг вужудида улғайса, дунёга келганидан кейин эса энди Она Ватанда униб ўсади. Кишининг туғилганда киндик қони тўкилган ер, унинг Ватани ҳисобланади. Мана шу Ватанини асраб-ардоқлаш, химоя қилиш хар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Она ватанини севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаш ва соғиниб яшашлик инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир. Қаерга бормасин киши ўз ватанини барибир қумсайверади. Чунки, инсон дунё юзини кўргач биринчи бўлиб ватанидаги ҳаводан нафас ола бошлайди, ватанидаги тупроқда илк қадамларини қўйиб юришни ўрганади, дунёни танишни шу ватанни англашдан бошлайди. Илк киндик қони тўкилган, дастлабки қадамларини қўйган тупроқни ҳимоя қилишлик барчамизнинг Ватан олдидаги муқаддас инсонийлик бурчимиз ҳамдир.

Муқаддас динимизда ватанни ҳимоялаш муқаддас бурч қилиб белгиланиб, бу ҳизмати учун жуда катта мукофотлар ваъда қилинган. Жумладан: Имом Табороний ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулулоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш, бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”. яна бошқа бир хадисда “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”..

Юртимизда хар йили 14-январь куни “Ватан ҳимоячилари куни” га бағишлаб турли байрам дастурлари, кўрик-танловлар, давра сухбатлари, мусобақалар ўтказилади ва ўз Ватанига чин садоқат билан ҳизмат қилиб келаётган бир қатор харбийларимиз юксак давлат мукофотлари билан тақдирланади. Бундай дастурлар Ватанимиз ҳимоячиларини рағбатлантиришга ҳизмат қилибгина қолмай , атрофдаги ёшларга ватанга меҳр-муҳаббат, ватанимиз ҳимоячиларига нисбатан юксак эҳтиром туйғуларини шаклланиб боришига ёрдам.

Аллоҳ юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриклаётган Ватан ҳимоячиларини Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, диёримиз осмонини доимо мусаффо, тинчлигимизни эса барқарор ва мустақиллигимизни абадий қилсин!

Х.Худойназаров

Гурлан тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди

Имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *