ОИЛА ФАРОҒАТ ҚАСРИДИР

       Ҳар қандай жамиятнинг тараққий этиши ёки таназзулга учраши, уни ташкил этган оилаларнинг тинчлиги ёки парокандалигига боғлиқдир.

Эътибор қиладиган бўлсак, бизни яратган Аллоҳ таъоло табиятдаги ҳамма нарсани жуфт яратганини кўрамиз. Инсонлардан тортиб кичкина жонзотларгача, оилаларга бириктириб қўйилгани бизни тафаккурга чорлайди. Оддийгина асалари ёки чумолиларда ҳам оила мавжуд бўлиб, ўзига яраша қонун қоидаларга эга. Бу борлиқдаги нарсаларни яратган зот оила қуриб яшашга асослаган экан, бу оламнинг гултожи бўлган инсонни албатта Аллоҳ таъоло оила қуриб, ўзаро тотув турмуш қурушга буюрган.

Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси ва унинг аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман, оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики:

             “Унинг аломатларидан (яна бири) — сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (“Рум”сураси, 21-оят) дейилган.

Муқаддас динимизда оиланинг ҳар бир аъзосининг ўз ўрни ва вазифалари белгилаб берилган.

Оилада  эркак кишининг маъсулияти алоҳида қайд этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб:

 “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига ) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” — деган.

             Оила бошлиғи бўлмиш эркакнинг зиммасига муайян вазифалар юклатилган. Яъни, эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

  “…Улар билан тотув турмуш кечирингиз…”

Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшаши, бир бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим. Бу ҳақда Қуръони Каримда бундай дейилган:

  “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир”. Яна уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”. (Нисо сураси. 72-оят)

Расулуллоҳ (с.а.в) шунда деб марҳамат қиладиларки:

“Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

Эркаклар ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилиб туришлик буюрилади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”.

Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига нафақаи аҳли аёл фарздир. Паёғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиши учун кўча кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилаётганликлари ҳам сезилмоқда.

Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в.) ахлоқлари, чиройли одоб ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида эътибор беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади.

Оиланинг тенг ҳуқуқли вакиласи бўлган аёлга ҳам бир қанча вазифалар юклатилади .

Хотиннинг эрига нисбатан энг биринчи бурчи, ёхуд эрнинг ўз аёли устидаги энг биринчи ҳаққи бу – аёл кишининг эрига итоаткор бўлишидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга “жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади.

Эрнинг аёли устидаги иккинчи ҳаққи шуки, аёл киши асосий вақтини уйда ўтказиб, фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши лозимлигидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “эрнинг ўз хотини устидаги ҳаққи-аёлнинг эр рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, (яъни эр изнисиз кўчага чиқиб кетса) то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди.

Хотин уйига эрининг рухсатисиз ҳеч кимни қўймаслиги, эрининг уйидан унинг ижозатисиз, бирор нарсани ўзининг яқинларига ҳам бериши керак эмас. Агар берса, хотинга гуноҳ, эрга савоб бўлади.

            Шунингдек, эрнинг аёли устидаги ҳақларидан бири Хотин киши Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак.

Оилалар тинч ва фаровон бўлиши учун эр ва аёл ҳар бири ўз ҳақ ҳуқуқларига  риоя қилишлари лозим. Бири бирларига нисбатан меҳр ва муруватда бўлсалар оила фароғат қасрига айланади.

К.Илясов

Боғот тумани  “Исмоил шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *