ҲАДДАН ОШИШ ҲАМ АДАШИШДИР

Муқаддас ислом динимиз инсонларни эзгуликка чақириб, ҳар қандай хунрезликлардан қайтариш учун юборилган диндир. Хар қандай хунрезлик динда хаддан ошишлик оқибатида юзага келади. Аллоҳ таоло ҳаддан ошишдан қайтариб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: «Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавои нафсларига эргашманг», — деб айтинг. (Моида,77)
Пайғамбаримиз(с.а.в) видолашиш хажжида шундай марҳамат қилдилар: «Динда ғулув (хаддан ошиш)га кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга (хаддан ошиш) кетиш билан ҳалокатга учрадилар».
Бугунги кундаги такфирий жамоалар эса мусулмонларни куфрга чиқаришда ғулувга кетишяпти. Тарихдан маълумки, ғулув катта фожеаларга сабаб бўлган, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкилишига олиб келган. Саудиялик олим Ахмад Мухаммад Буқрин “Ат-такфир ва ахторуху” номли китобида “Ҳазрати Али ҳалифалик даврларида вужудга келган хаворижлар тоифасининг ғулувга кетиш сабаби ҳам ҳозирги ғулувчилар билан бир хил, яъни, улар ҳам мусулмонларни куфрда айблашган эди”- дейди. Хаворижлар гуноҳи кабира қилган киши кофир бўлиши ҳақидаги янги ғоя билан чиқдилар ва ҳазрати Алини ҳам кофирга чиқаришган. Улардан Абдураҳмон ибн Милжам деган шахс Али (р.а) ни масжидда намоз ўқиётган вақтида қилич билан чопиб шаҳид қилган. Улар шу даражада ғулувга кетишганки, Али (р.а)ни ёқлаб гапирган одамларни ҳам бўғизлаб ўлдиришган. Шунингдек, Аҳмад Мухаммад Буқрин машҳур сахобалардан Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) хаворижлар ҳақида қуйидаги сўзларини келтиради: «Улар одамларнинг энг ёмонидирлар. Улар мушриклар ҳақида нозил бўлган Қуръон оятларини мусулмонларга ишлатдилар», — деганла
Бугунги кундаги такфирчиларнинг хатти харакатлари, хунрезликлари билан хаворижлардан хам ошиб тушмоқда. Айниқса “араб баҳори” деб ўн минглаган одамларни куфрда айблаб ўлимига сабабчи бўлаётганлар ҳам айнан ўша такфирий экстремистик жамоалар экани кундай равшан бўлиб қолмоқда. Такфир масаласи ниҳоятда оғир кулфатларга олиб келгани боис ҳанафий уламоларимиз кейинги уммат хаворижлар қилган хатони такрорламасликлари учун ақида китобларида бу нарсани баён қилиб кетишган. Жумладан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг «Фиқҳул акбар» номли асарида: «Мусулмон кишини гуноҳлардан бир гуноҳни қилгани билан уни кофирга чиқармаймиз, модомики ўша гуноҳни ҳалол санамаса», – дейилган.
Мисрлик ҳанафий уламоларидан бутун ислом оламида тан олинган имом Таховийнинг “Ақидатут-Таховий ” асарида шундай дейилган: «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳи туфайли кофир санамаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса» (“Ақидатут-таҳовий” матни).
Ушбу такфирий жамоларнинг хаворижларга яна бир ўхшаш томони шуки, уларга сулҳ таклиф қилинса, ҳеч қачон сулҳга рози бўлишмай, қон тўкишда давом этишади. Расулуллоҳ Мадинага хижрат қилиб келганларида, Мадинада яшаб келаётган тўртта яхудий қабиласи бор эди. У киши улар билан дўстона муносабатларини ўрнатиш учун битим тузганлар. Машҳур Худайбия сулҳида эса Макка мушриклари билан сулҳ тузганлар.
Мурувват, диний бағрикенглик исломнинг тамал тоши, эътиқод ва динлар тарихидаги яхши бир омилдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга хақиқий ибрат, намуна эдилар. Бағрикенглик, кечиримлилик бобида у зотга тенг келадигани бўлмаган. Оламлар сарвари қасос ва ўч олиш имконияти бўла туриб ўзларига ва барча мусулмонларга чексиз зулм ва ёвузликлар кўрсатган, она шахарларидан қувиб чиқарган Маккалик мушрикларни ҳам, тошбурон қилиб у зотни яралаган ва ўз шаҳридан қувган Тоифликларни ҳам, ўзининг амакилари ва мусулмонларнинг энг жасур саркардаларини ўлдирган қулни ҳам, ўзларига заҳар берган аёлни ҳам хулласи ҳаммани бирдай кечира оладиган зот эдилар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, динни ниқоб қилиб одамларни ширин жонини қурбон қилаётган, болаларни етим, аёлларни эса бева қолдираётган, уларнинг ёстиғини қуритаётган ушбу ҳаракатлар қайси ном билан аталмасин, ислом динига мутлақо зиддир. Шундай экан, турли ғаразли кучларнинг мафкуравий хуружлари ва таъсиридан юртдошларимизни, айниқса, ёшларимизни ҳимоя қилиш барчамизнинг бурчимиздир.
М.Саидов
Урганч тумани «Жонхарош бобо» масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *