ЁШЛАРИМИЗНИ ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИДАН ТЎҒРИ МАҚСАДДА ФОЙДАЛАНИШГА ЎРГАТАЙЛИК

Бугунги ҳаётимизни Интернет тармоғисиз  тасаввур этиш ниҳоятда қийин. Унинг пайдо бўлганига ҳали  ярим аср бўлмаган бўлсада,  шу  давр мобайнида у  бутун жаҳонни қамраб   олишга улгурди.
Бугунги кунда Интернет тизими бутун дунёни қамраб олишга улгурган,  вақт, жой танламайдиган беқиёс имкониятларга  эга бўлган энг катта тармоқ тизими саналади.
Ўзбекистонда Интернетнинг кириб келиши мустақиллик йилларига тўғри келди. Илк пайтда бу тармоқ фақат электрон почта сифатида фаолият юритди. 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузурида БМТнинг Ўзбекистонда Интернетни ривожлантириш лойиҳаси ташкил этилди. Кейинчалик бу ЎзНет номи билан танилди. Шу даврдан бошлаб Интернет тармоғидан  Ўзбекистонда кенг миқиёсда фойладанила бошланди.
Йилдан йилга Интернет фойдаланувчиларнинг сони ошиб, уларнинг асосий қисмига болалар қўшилиб бормоқда.  Бунинг  яхши жиҳатлари шундаки, болалар ахборотлашган жамиятга тезроқ мослашиб боради ва келажакда жамиятда ўз ўринларини топиш учун кенг имкониятларга эга бўладилар. Чунки Интернет орқали улар ўз хоҳиш ва истакларидан қизиқишларидан келиб чиқққан ҳолда ўқиши, ўрганиши, изланишлари мумкин. Интернетдаги ахборот жараёнларининг тезлашуви уларни янада билимли ва заковатли бўлишга ундайди. Билим ва заковат орқали эса улар жамиятда муносиб ўрнини топиб, давлатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшиш, ўз қобиятларини руёбга чиқариш имконига ҳам эга бўладилар.  Шундай экан, фарзандларимизга шундай тарбия беришимиз лозимки, улар замон билан ҳамнафас қадам ташлаши, шу билан бирга ўз миллати ва қадриятларини унутмаслиги, ўз тарихини хурмат қилиши лозим бўлади.
Интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган бир пайтда Интернет маданияти ҳақида бонг уришимиз бежиз эмас, бугунги глобаллашув даврида мафкуравий таҳдидлар кучайган бир пайтда бу алоҳида  зарурият касб этади.  Сабабки, интернетдан тўғри ва ижобий маънода фойдаланувчилар қаторида ундан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган вертуал ҳуқуқбузарлар, жиноятчилар, мафкуравий таҳдидчилар ҳам талайгина.
Балоғат ёшидаги ўсмирларнинг интернетдан фойдаланишини тўғри тартибга қўйиб, уларни доимий равишда кузатиб бориш керак.  Бундай ҳолатларда болаларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Улар фойдаланадиган компютер, телефон жиҳозлари доимий равишда кузатиб борилиши керак. Чунки бола кўча-куйда ўртоқларидан ёки бирон танишларидан ҳам турли беҳаё сайтларни ўрганиб, шуларга кириб фойдаланиши мумкин. Боланинг интернет ёки компютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чарҳлайдиган, одоб ахлоққа тарғиб қиладиган бўлиши керак. Уларнинг вақтлари беҳудага кетмаслиги учун ота-она доимий равишда ҳаракат қилиши лозим бўлади. Агар ота-она фарзандига интернетдан фойдаланиш одобларини доимий равишда ўргатиб, уни назорат қилиб борса, ундай фарзанднинг ҳаёси, одоби ўз жойида бўлади. Бегона ёт ғояларга эргашиб кетмайди. Фикрлаш қобилияти яхши ривожланади.
Бундай омилларнинг, жумладан  ҳаётимизда  юзага келиши  мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш,  фарзандларимизни бу таҳдидлардан асраш, салбий оқибатларни камайтириш ё бутунлай бартараф этиш мақсадида ҳам Интернет маданиятини кенг тарғиб этиш асосий вазифамизга айланиб бормоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, зарур ахборот иммунитетини, интернет тизимидан оқилона ва тўғри фойдаланиш маданиятини шакллантирмасдан туриб болаларимизнинг бахтли, тинч ва осуда  ҳаётини таъминлай олмаймиз.

О.Рўзметов
Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *