Инсонлар манфаатини кўзлаб иш қилинг

Ислом динида инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилган.  Ислом  динининг нозил қилинишининг асосий сабаби ва асл моҳияти ҳам инсон манфаатини олийларга кўтариш эди.   Бунинг бир    мисолини        Одам (а.с)дан тортиб Муҳаммад (с.а.в)гача бўлган шариатларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар  замон ва маконга кўра бандаларнинг манфаати учун ўз шариатини насх қилиб туришида кўриш мумкин. Яъни Аллоҳ таоло бир пайғамбарга ўз шариатини нозил қилгач, у пайғамбардан кейин бошқа пайғамбарни бошқа шариат аҳкомлари билан юборади, чунки бунда замонлар ривожланган, инсонларнинг эҳтиёжи ўзгарган бўлади. Инсонларнинг  манфаатини рўёбга чиқариш – ислом шариатининг олий мақсадидир.
Агар динимиз таълимотларига тафаккур назари билан қарайдиган бўлсак, унда эзгу ишларни амалга оширмоқ ва одамларга наф етказмоқ энг улуғ ишлардан ва энг муҳим чақириқлардан бири эканлигининг гувоҳи бўламиз.
Аллоҳ таоло эзгу ишларни амалга ошириш ва яхши амаллар қилишни Ўзига қилинадиган ибодат билан ёнма-ён зикр қилган:

“Эй иймон келтирганлар, рукуъ , сажда қилингиз ва Парвардигорингизга ибодат қилингиз ва эзгу ишларни қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж сураси, 77-оят).

Ояти кариманинг мазмуни ҳақида диққат билан фикр юритсак, Аллоҳга ибодат қилиш билан бир қаторда инсонларга манфаат етказиш ва хайрли ишларни амалга ошириш дунёю охиратда нажот топиш воситаларидан бири эканлиги ойдинлашади. Демакки, Парвардигорга ихлос билан ибодат қилиш ҳамда одамларга наф етказиш инсонга нажот ва саодат келтирадиган энг улуғ ишлардан экан.Шундан ҳам маълумки, динимизда инсон манфаатининг ўрни беқиёсдир.
Эзгу ишларни амалга ошириш деганда қийналган инсонга ёрдам бериш, бошига мушкил тушган кишининг оғирини енгил қилиш, қарздорга қарзини узишда кўмаклашиш, беморлар ҳолидан хабар олиш, мусибатдаги инсоннинг кўнглини кўтариш тасалли бериш, ҳожатмандларнинг ҳожатини раво қилиш ва ҳоказолар каби бандаларга манфаати тегадиган барча ишлар тушунилади.
Ҳа, инсонларга манфаат етказиш динимизда энг улуғ ишлардан биридир. Аллоҳ таоло инсониятга Ўзининг энг сара ва танланган бандаларини пайғамбар қилиб юборар экан уларни эзгу ишларга буюрган:

“ва уларга (пайғамбарларга) эзгу ишлар қилишни ваҳий қилдик” (Анбий сураси, 73-оят).

Муфассир уламоларнинг таъкидлашларича, “эзгу ишлар” деганда Аллоҳ ва банлаларининг ҳақ-ҳуқуқларидан иборат барча яхшиликлар, жумладан, Аллоҳга ибодат қилиш ва одамларга манфаат етказиш тушунилади.
Одамларга манфаат етказувчи инсоннинг мартабаси шу даражада юксалтирилдики, у Аллоҳга энг суюкли ва маҳбуб бўлган бандалар қаторидан жой олди. Набий алайҳиссаломга “қайси одам Аллоҳга энг суюкли бўлади?” дея савол беришганда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби инсонларга энг кўп манфаат етказувчисидир”, деб марҳамат қилдилар (Табароний ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса одамларга энг кўп фойда етказувчи инсон одамларнинг энг яхшиси ва афзали дея васфланади:“мўмин киши дўст бўлади ҳамда дўст тутилади. Ўзи (биров билан) дўст бўлмайдиган ва (биров томонидан) дўст қилинмайдиган инсонда яхшилик йўқдир. Одамларнинг энг яхшиси эса оламларга энг кўп манфаат етказадиганидир” (ҳадисни Табароний “ал-муъжам ал-авсат”да Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган).
Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат даражасига кўтарилади.
Имом Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган қуйидаги ҳадисда инсонларга манфаат келтириш Исломда қанчалар юксак мақомга эга экани янада яққол намоён бўлади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одамларнинг Аллоҳга энг суюклиси одамларга кўпроқ манфаат келтирадиганидир. Амалларнинг Аллоҳга энг суюклиси  бир мусулмонга шодлик бахш этишинг ёки ундан бир ташвишни аритишинг, ё ундан очликни кетказишинг ёхуд унинг номидан қарзини ўташингдир. Қасамки, бир биродарим билан бирор ҳожати юзасидан бирга пиёда юришим мен учун мана бу масжидда,  яъни Мадина масжидида  бир ой эътикоф ўтиришимдан суюклидир».
Бугунги кунда юрдошларимиз, халқимиз манфаати учун Юрт бошимиз канчалар жон куйдираётгани хеч кимга сир эмас Шу кунларда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони нафақат Ўзбекистон аҳли, балки халқаро ҳамжамият мутахассисларининг ҳам эътиборини тортди. Шу боис унга жаҳон миқёсида ҳам муносабат билдирилмоқда.
Мазкур фармон билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси, ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.
Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларига келсак, улар давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш; қонун устуворлигини таъминлаш ва суд- ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш; иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш; ижтимоий соҳани ривожлантириш; хавфсизлик, миллоатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашдан иборатдир.
Қолаверса бу йил Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномаси вақтида 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном беришлиши юртдошларимиз манфаати учун эканлиги фикримизнинг яққол далилдир. Мурожаатномада айтилган ҳар бир фикр халқимизнинг турмуш тарзини юксалтиришга, фаровонлик учун дадил қадамлар ташлашга, фуқаролар учун қулай шарт-шароитлар яратишга асос бўлаётгани Президентимизнинг фақат ва фақат инсон омили учун, манфаатлари учун ёниб ишлаётгани далилидир. Биз эса шундай сарбоннинг карвонида эканлигимиздан жудаям фахрланамиз.

Ургач шаҳар “Кўзли ота”
масжиди имом-хатиби А.Матяқубов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *