Исломдаги фазилатлар яхшиликдир.

Ислом Аллоҳ таъолонинг инсониятга берган энг яхши ва гўзал динидир. Динимиздаги ҳамма амаллар яхши ва фазилатлидир. Баъзи амаллар эса яна баъзисидан фазилатлироқдир. Ана шундай гўзал амаллардан баъзилари хақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида шундай дейилган:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломнинг нимаси яхши?» деб сўради. «Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимаганга салом бермоғинг, дедилар».
Бу ҳадиси шарифда кишиларга қилинадиган икки турли яхшилик ҳақида гап бормоқда. Биринчиси мол билан яхшилик. Иккинчиси баданий яхшиликка киради.
Қорни оч кишига ёки муҳтож кишига қилинадиган фазилатли яхшилик бу албатта таом бермоқдир.
Мўминни кўрганда биринчи унинг сиздаги ҳаққи салом беришингиздир. Бу эса Исломнинг энг яхши амалларидан деб марҳамат қилмоқдалар Пайғамбар алайҳиссалом.
Исломнинг шонли тарихида саҳобалар бундай гўзал амалларни қойиллатиб бажариб, кейинги авлодга ўрнак бўлишган.
Бунга мисол қилиб хазрати Усмоннинг р.а қилган ишларини келтиришимиз мумкин.
Мадинада очарчилик бўлган пайтида бир карвон кириб келди. Мадинанинг тожирлари дарров озиқ овқат юкланган карвонни ортиб олишди ва карвондаги юкларга нарх айта бошлашди бунчага берасизми? деди биттаси. Хазрати Усмон менга бундан баландроқ нарх айтишди дедилар. Яна бошқа бири бунча нархга берасизми? деб сўради. Усмон р.а яна аввалги гапларини такрорладилар. Савдогарлар ҳаммалари имконлари етадиган даражадаги нархларини таклиф қилишди лекин Хазрати Усмон р.а менга бундан баландроқ нарх таклиф қилинди дедилар. Савдогарлар биз айтган нархдан ҳам баланд нарх айтадиган ким экан у? дейишганида. Хазрати Усмон: «Аллоҳ таоло Ким очларга таом берса, ўн баробар қилиб савоб бераман», деган. Ҳамма молим Мадина фуқаро ва мискинларига садақа бўлсин», дедилар.
Пайғамбаримиз с.а.в ҳам хулқ борасида ўрнак бўлганлар. Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримда: “Сиз буюк хулқ узрадирсиз” деб марҳамат қилинган.
Пайғамбаримиз с.а.в.нинг пайғамбар бўлиб келишларидан кўзланган асл мақсад ҳам камоли хулқни тиклаш эди.
У зот с.а.в бу ҳақида шундай деганлар: “Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан олдин салом берар эдилар. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ахлоқнинг гўзал намунасини кўрсатдилар.
Абу Дардо р.а.дан ривоят қилинади: Набий с.а.в: “Тарозида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқдир” дедилар.
Умар ибн Хаттоб р.а. “Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар”, деб айтганлар.
Омир ибн Саъд ибн Абу Вақққосдан, у эса отасидан ривоят қилади: “Набий с.а.в дедилар: “Албатта, Аллоҳ ёқимлидир, ёқимлиликни севади, карамлидир, карамлиликни севади, ўта саҳийдир, ўта саҳийликни севади”.
Саҳл ибн Ҳанзалийядан ривоят қилинади: “Бизга Расулуллоҳ с.а.в “Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. Бас, либосингизни тузатинг, эгар юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг, дедилар”.
Расулуллоҳ с.а.в марҳамат қилдилар: “Нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, тоинки мўмин бўлмагунингизгача жаннатга кира олмайсизлар. Ўзаро бир бирингизни яхши кўрмагунингизгача мўмин бўла олмайсизлар. Сизларни бир ишга далолат қилмайинми, агар у ишни қилсангиз бир бирингизга муҳаббат қўйиб қоласиз. Ўртангизда саломни кенг ёйинг”, дедилар.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки Ислом ўзи гўзал ва инсоният учун яхшиликдир ва унга иймон келтириб амал қилган кишилар дунёни яхшиликка ва фазилатга тўлдириб, икки дунёда саодатманд бўладилар.

Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.