Компютер ўйинлари манқуртлик воситаси

    Бугунги тараққиёт асрида маиший техника воситалари ривож топди. Жумладан мобил телефонлар, компьютерлар омманинг фикрига ва фаолиятига муҳим таъсир ўтказувчи омилларга айланди. Ҳаммага маълумки глобал тармоқдан ҳам ижобий, ҳам салбий ишларда фойдаланиш мумкин. Инсонлар бу тармоқдан ўзларига зарур бўлган маьлумотларни олиб улардан унумли фойдаланишаётгани яхши ҳолат. Аммо бу тармоқда фойдали маьлумотлар билан бирга турли хилдаги фахш ишларни ўзида мужассам этган  ва ёшларни экстремистик оқимларга даъват қилувчи сайтлар ҳам мавжуд.

 Ота-она фарзаннии бу борада назоратсиз қолдирмаслиги даркор. Чунки назорат билан эҳтиёт қилинмаган болалар болалар, интернет кафеларда, шахсий компьютерларида турли хилдаги жангари компьютер ўйинлари билан машғул бўладилар. Зарар шундаки, бу ўйинларда кўрсатилаётган хунрезликлардан қайтарувчи бирор қонун ҳимояси йўқ. Вахшийликларни кўрган боланинг қалби қотиб, қалбида бузғунчилик ва вайронагарчиликни ўзи ҳам қилгиси келиб қолиши мумкин. Бу ўйинлар таъсири остида жиноий иш қилиб қўйса ҳаётининг қолган қисми панжара ортида ўтади.

 Илк бор оддий бўлиб кўринган ҳар қандай қонунбузарлик, маьлум бир вақтдан сўнг салбий оқибатларга асос бўлиши мумкин. Буни ҳар бир инсон чуқур англаб етиши керак. Яна шуни ҳаргиз унутмаслик керакки, уйимизда фарзандларимиз тинч, хотиржам дам олаётган, ёки ширин кулгулари билан сиз-у бизларни кўзимизни қувнатиб юрган бир пайтда, дунёнинг қайсидир бир бурчагида ўсмирлар, ёшлар урушнинг касофатидан қурбон бўлмоқда.

Мустақил Ўзбекистонда кафолатланган тинчлик неьматини, осойишталикни асраб авайлашимиз керак. Шу юртда яшовчи ҳар бир ёш-у қари бу ишга ўзини дахлдор билишлиги лозим

Мутахассислар тадқиқотлар натижасида компьютер ўйинларининг зараларини қуйидагича келтиришади: а) кишининг вақтини ўғирлайди; б) унда жаҳлдорлик ва жиззакилик иллатларини шакллантиради; в) тасаввури, хаёлот оламининг қашшоқлашишига сабаб бўлади; г) шапкўрликдан тортиб неврологик хасталикларгача барча касалликларни келтириб чиқаради.

      Шу боис ҳам компьютер ўйинларини ўйнашда вақт ҳамда ёшга оид айрим ўринли чекловларни жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, 8-10 яшар болакайнинг қонли “отишма” ёки ўз ёшига тўғри келмайдиган бирор бошқа ўйиннни берилиб ўйнаётганлигига бефарқ қараб бўлмайди. Аммо бундай вазиятда қатъий таъқиқлар орқали ҳам бирор натижага эришиш мушкул. Энг маъқули – нобоп ўйинни кичик геймерга мосроқ бўлган бошқа бирор ўйин билан алмаштиришдир. Бунда сиз болакайга қизиқарли саргузаштларга бой бўлган квест ёки стратегик компьютер ўйинларини тақдим этишингиз мумкин.

Интернет-кафеларда муомала маданияти аллақачон йўқолиб улгурган. Ачинарлиси, бу ерда ҳуморбосди ўйинлар ўйналавергани боис, шунга яраша сўзлашув, яъни ҳақоратомуз сўзлар ишлатилади. Мана улардан айримлари: “сеними, тўхтаб тур, қонингни ичаман ҳали”, “мен отган ўқдан ҳеч ким тирик чиқолмаган”, “шунчасини ўлдирдим”, “шу оддий ўғирликни ҳам эплолмадинг-а”, хуллас, бу гапларнинг адоғи йўқ. Болалар буларни жуда ҳиссиз ва бепарволик билан айтишади.

    Компьютер ўйинларига берилган кишилар доимо руҳшунос маслаҳатига муҳтож бўлиб қолишади. Ўзларининг шахсий ҳаётлари ўзгариб бораётганлигини, қилаётган ишларидан қониқиш сезмаётганлигини, оддий инсонийликдан узоқлашиб бораётганини, тушкун кайфиятдан, фаоллик йўқолишидан, жиззакиликдан шикоят қилишади.

Хўш, юқоридаги ҳолатларнинг авж олиб бораётганига сабаб нима? Нега айрим ёшларимиз яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланишмаяпти? Ахир интернет фақат кино, клип ёки ўйин, дегани эмас-ку. Интернетнинг қулайликлари чексиз. Жумладан, электрон кутубхоналар, минглаб маълумотлар базаси, масофавий таълим ва бошқалар.

Ёшларнинг яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмасликларига сабаб — бизнингча, ота-оналар фарзандларига кўп вақт ажратмаётганлигида ва болаларда интернетдан фойдаланиш маданияти шаклланмаганидадир.

Хўш, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораси қаерда?

Тиббиётда ҳар қандай касалнинг олдини олиш учун, энг аввало, инсон организмида ушбу касалликка қарши иммунитет ҳосил қилиш кераклиги айтилади. “Омма­вий маданият”, турли хил ахборот хуружи ва маънавий таҳдидларга қарши эса ёш-авлоднинг онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш орқали курашишимиз лозим.

Хулоса қилиб айтганда, биз ҳеч қачон ўзлигимизни ва бебаҳо миллийлигимизни унутмаслигимиз керак. Шундагина “ўргимчак тўри”га илинмаймиз!

 

Хайрулло Адамбоев
Янгибозор тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.