БЕКОРЧИЛИКНИНГ АЯНЧЛИ ОҚИБАТЛАРИ

Инсон ер юзида ягона ақлу идрок соҳиби бўлиб, Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло унга кўплаб неъматлар берган. Агар инсон ўзига берилган неъматларини санаса саноғига етолмайди. Шу неъматларнинг ичда инсонга берилган ҳаёт – умр неъмати энг қадирли бўлиб ундан унимли фойдаланишга ҳаракат қилиши лозим. Ўзбек халқи азал-азалдан меҳнаткаш халқ ҳисобланиб, Ҳатто, чўлларга ҳам сув чиқариб, саҳроларни гулистонга айлантирган халқ. Шунинг учун шаҳару қишлоқларимиз обод, дастурхонимиз тўкин. Бунга барчанинг ҳаваси келади. Инсон дунёга келар экан, ҳаётда ўз ўрнини топиш, бахтли ҳаёт кечириш, элу-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонишга интилади ва албатта бунинг учун тинимсиз ҳаракат, изланиш, катта меҳнат талаб этилади. Ўзига берилган энг олий умрни бемазмун ўтказиб, бирор бир эзгу ишга қўл урмай, жамиятга фойда келтирмасдан, юрт тараққиёти ва ривожига ҳисса қўшмай яшаётган инсонларнинг учраб туриши афсусланарли ҳолдир. Тўғри йўл қолиб, эгри йўлларда тентираб юрган одамларни кўп учратганмиз, Турли хил иллатларнинг қурбонига айланган мана шундай айрим кимсалар эвазига турли жиноятлар кўпайиб бораётгани даҳшатлидир.
У қандай иллат бўлмасин, гиёҳвандликми, одам савдосими ёки бўлмаса диний экстремизм ва терроризимми, буларнинг барига энг аввало бекорчилик ва лоқайдлик бош омил бўлиб хизмат қилади.
Аслида кичик, арзимас бўлиб кўринган бекорчилик ва лоқайдлик ортидан тасаввурга сиғмас муаммолар юзага келиб, илдиз ота бошлайди. Том маънода эса барча иллатларнинг илдизи энг аввало бекорчилик ва лоқайдликка бориб тақалади. Чунки ўз вақтида тарбиясига эътибор берилмаган, вақтнинг қадрига етмасдан бўш вақтини бекорчи нарсаларга сарф этиб, бугун аср муаммоларига айланиб улгурган ёшларнинг қатор иллатлар таъсирига берилишига ҳам айнан биз юқорида таъкидлаган бекорчилик, лоқайдлик энг асосий сабаб бўлиб қолмоқда. Адабиётимиз фахри бўлган адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобида «Иш кўплиги-ю, вакт йўқлигидан нолиманг. Вақт кўплигию, иш йўқлигидан қўрқинг. Одамни абгор қиладиган нарса — бекорчилик» дея келтириб ўтган фикрлари катта аҳамиятга молик бўлган доно сўзлардир. Ҳақиқатдан ҳам ҳар қандай кўнгилсизликлар, муаммолар, назоратсизлик, лоқайдлик ва бекорчилик сабаб юзага келади.
Абу Наср Форобий ҳам аҳлоқ камолотига халақит берувчи салбий хислатларга дангасалик, бекорчилик, билимсизлик, онгсизлик, касб- ҳунарсизликни киритади. Ақл, илм-маърифатни бахт-саодатга эришишнинг асосий вазифаси, деб билади. Қўлида касб-ҳунари бўлмаган, бирор ишнинг бошини тутмаган қанчадан-қанча инсонлар бугун манфур кимсаларнинг тузоғига тушиб, ўз ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларидан жудо бўлиб, «одам савдоси» деб ном олган жирканч қабиҳлик домига тушиб қолмоқда ва бундайларнинг аксарияти ёшлар эканлиги барчада жиддий ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Шунингдек, динни ниқоб қилиб олган, одамларни зўрлик, қабоҳат билан қўрқинчга солиб, аслида нияти конституцион тузумни ағдариш, ҳокимиятни эгаллаш бўлган жирканч тўдалар ҳам сафларига ана шундай маърифат зиёсидан бебаҳра, оми кимсаларни қўшиб олаётгани ҳеч ким учун сир эмас Гап ёшларимиз тарбияси ва келажаги ҳақида кетар экан, энг аввало улар учун ибрат, намуна вазифасини ўтовчи ота-онадир. Афсуски, ҳозирда фарзандини назорат қилмайдиган, қаерда ким билан юргани, нима билан машғул эканлигини суриштирмайдиган ота-оналар ҳам учраб турибди.
Бунинг натижасида бу ёшлар ҳётга енгил елпи қараб ҳоҳлаган ишини қилиб ўкишини бир четга суриб, бефойда ва бетайин бекорчилар сафини кўпайтиришмоқда.
Пайғамбаримиз (а.с.): “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради”, деганлар. Касб-ҳунар эгаллаб инсонни камолот сари етаклайдиган йўлларга интилиш ўрнига, бугун қимматли вақтини беҳуда исроф қилаётган ёшларга ачинасан. Аъроф сурасининг31-оятида Аллоҳ таоло исрофгарларни севмаслиги айтилади. Умрни совуриш энг катта исрофлардан биридир. Ота-боболаримиз: “Бекорчидан Худо безор”, деб бежизга айтишмаган. Кўпинча ёшлар кўп ҳолларда интернетдан кўнгилочар восита сифатида фойдаланиб, эртаю кеч қимматли вақтини сарф қилмоқда. Айрим сайтлар, ижтимоий тармоқлар ҳаёсизлик, тубанлик, лоқайдликка тарғиб қилаётгани сир эмас. Бундай “вирус ўчоқлари” ёшлар тафаккурини заифлаштириб, онгини бузуқ ғоялар билан заҳарлаб қўймоқда. Бузуқлик эшигини очган кимса дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: “Қиёмат куни беш нарса ҳақида – умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан орттиргани ва қаерга сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича банданинг қадами Роббиси ҳузурида силжимайди”.
Телефон хотирасидаги турли видеолавҳалар, интернет орқали тарқатилаётган хабарлар ёшларимизни манқуртликка етаклаяпти. Йигит-қизларимиз охир-оқибат оғир гуноҳга, шармандаликка қадам қўяётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки умримиз, вақтимиз, ёшлигимиз, соғлигимиз ғанимат зарарли ишлар у ёқда турсин, фойдаси йўқ ишлардан ҳам қайтарилганмиз. Чунки шундагина умримизни тўғри сарф эта оламиз. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Беҳуда ишларни тарк этиш киши Исломининг гўзаллигидандир”, деб марҳамат қилганлар. Ўзлигимизни, одоб-ахлоқимизни, ҳаё-имонимизни йўқотиб қўймайлик.
Ёшларимизга тарбияни нафақат ўкитувчи-мураббий, балки ота-она ҳам огоҳ ва ҳушёрлик билан бериши лозим. Шу куннинг муҳим талабларидан бири шуки, атрофимизда ва жаҳонда рўй бераётган воқеа- ҳодисаларга лоқайд бўлмасдан теран нигоҳ ила боқишимиз шарт. Айниқса, келажагимиз ворисларини асраш, уларни маънавий озиқлантириш, онгу- шуурини маърифат зиёси билан бойитиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Қ.Машарипов
Урганч шахар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *