ЁЛҒОННИ ТАРК ҚИЛИШ БУЮК ФАЗИЛАТ

Ёлғончилик муқаддас динимизда ҳам, миллий, маънавий қадриятларимизда ҳам буткул қораланадиган кабира гуноҳлардан биридир. Одатда ёлғони билан танилган кишилар ҳеч бир жамиятда қадр топмаган. «Наҳл» сурасида Аллоҳ таъоло хабар беради:
«Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидурлар» (105-оят).
Абу Умома Боҳилийдан: Расулуллоҳ (с.а.в.) мўмин киши хиёнат, ёлғончиликдан ўзга барча хислатларга тобе бўлади, дедилар.
Улуғ тобеъинлардан бўлган Сафвон ибни Сулайм р.а.дан келтирилган қуйидаги ҳадис юқоридаги ҳадисни янада ойдинлаштиради.
Расулуллоҳдан: — Мўмин одам қўрқоқ бўлиши мумкинми? — деб сўраганида у зот «ҳа» дедилар. Сўнгра у кишига: — Мўмин одам бахил бўлиши мумкинми? — дейилди, у зот «ҳа» дедилар. Сўнгра у зотга мўмин одам ёлғончи бўлиши мумкинми, дейилганида у зот «йўқ» дедилар.
Мазкур ҳадиси набавияларини уламоларимиз қуйидагича таҳлил қиладилар: мўмин кишида хиёнаткорлик ҳамда ёлғончилик ҳусусиятларининг мавжуд бўлишлиги унинг мўминлик табиатига хилоф ишдир (яъни, мўмин, иймони комил шахслар бундай хулққа эга бўлмайдилар).
Шундай бўлса-да мазкур салбий хусусиятлар инсоний табиатига хилоф эмас, инсоний хилқатда бу каби иллатлар учраб туради.
Ибни Умар р.а.дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Қачонки бир банда ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги учун у бандадан бир мийл масофага узоқлашади», дедилар.
Али розияллоҳу анҳу деди: “Эр киши тилининг ўрами остига яшириндир, дўпписи остига эмас” (яъни, дўппи иссиқ ёки совуқдан сақлаши мумкин, аммо ундан ҳам каттароқ балолардан тилнинг ечилиб кетмасдан ўралиб туриши сақлайди). Тили шириннинг оғайнилари кўп. Қадрини таниган ҳалокатга юз тутмайди. Ҳар бир инсоннинг қиймати чиройли адо қилган иши билан белгиланади. Ким ўзини таниса, Яратувчисини танийди. Ким гапираётганига эмас, нимани гапираётганига қара. Интиқом билан бошқарув йўқ, маслаҳатсиз тўғрилик йўқ, ёлғончи учун одамийлик йўқ. Оғайниларингга ёмонлик етказадиган нарсани тилингга келтирма.
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дедилар” Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда эса ёлғончиликнинг нақадар жирканч амал эканини очиқ баён этилган: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, ёлғони сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир саҳиҳ ривоятда эса ёлғончилик мунофиқларнинг белгиларидан бири экани таъкидланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).
Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: “Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир” — деганини эшитдим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дедилар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёлғоннинг касофатидан бутун бир жамиятда таназзуллик юзага келиши мумкин. Чунки етказилган ёлғон хабар орқали инсонга ишонилиб иш тутилса, бу турли хил оқибатларга олиб келади. Шунинг учун ҳар биримиз қалбимизни поклаб, руҳиятимизни ҳар томонлама камол топиши ва маънавиятимизни юксалишига эътибор берар эканмиз, ростгўйлик-барча инсоний олий фазилатларнинг калити эканини, бунинг оқибатида инсон буюк фазилатларга эришишини ҳар доим ёдда тутишимиз керак.

Ж.Умаров
Шовот туман “Араб бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *