ОНА ВАТАН МУҲАББАТИ

Дунё кенг, унда миллат-элатлар кўп, ҳар бирининг ўз урф-одати, ўз маданияти ва ҳар бир халқнинг ўзига яраша хослиги бор. Лекин дунёда инсонлар қалбини бирлаштириб турувчи шундай туйғу борки, бу одамларнинг миллатидан, эътиқодидан, маданиятидан қатъи назар, уларни туғилиб ўсган тупроғига ипсиз боғлаб туради. Бу Ватан туйғусидир!
Она Ватанимиз шу пайтгача қанча-қанча зулм ва ситамларни кўрди. Совет даврида алдамчи шиорлар остида бизларнинг оталаримизни хорлашди, ўтмиши йўқ қолоқ деб хорлашди, оналаримизни устидан кулишди, маданиятсиз, деб ҳақоратлашди.
Абдураҳмон Жомий ҳазратлари бир ибратли ҳикояни келтирадилар: “Қишлоқ этагига туташган тоғда бир гала каклик тонгдан бери чуғурлашишади. Улар кенглик, тоза ҳаво, эркинлик ҳар куни байрам эди. Қуёш кўтарилиш билан қишлоқдаги хўрозлар ҳам бошпаналаридан чиқиб, ахлатхоналарни титиб, ғурур билан қичқириб қўярдилар. Бу ҳолни кўриб турган бир каклик кулди ва ахлат титаётган хўрозга деди: “Эй кеккайган нодон, бир ҳовуч дон учун одамларга асир бўлиб ўтирибсан-а! Шу ахлатхонани ўзингга жаннат деб биласан. Ахлатхонадан қутулсанг-чи!”
Бу зарбулмасалдан Жомий ҳазратлари шундай ҳикматни айтмоқчилар: “Эй Инсон! Бу дунёда ўзинг учун энг азиз бўлган озодлигингни бир ҳовуч емишга сотма. Доим озод яша ва озодликни сев! Аллоҳ таоло сени озод қилиб яратди. Бир ҳовуч емишга алданиб, азиз ҳаққингни сотма!”
Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ота-боболаримизнинг асрий орзулари мана бу кунларда ушалиб турибди. Ҳар биримиз ҳур ва эркин, ўзимизнинг еримизга ўзимиз эгалик қиламиз, ўтмишимиз тарихи ҳақиқатлари рўёбга чиқаяпти ва энг асосийси иймонимиз, динимиз ўзимизга қайтди. Шўролар даврида халқимиз ўз Ватанида ғариб эди, юқоридагилар ўзларини меҳрибон қилиб кўрсатса-да, аммо ҳукм уларнинг қўлида, халқимизнинг қиладиган меҳнатининг самараси бошқаларнинг дастурхонида турарди. Бугунги кунда келиб ҳар ким ўз халқи учун, ўз Ватани учун, ўз дастурхони учун меҳнат қилмоқда.
Бобо калонимиз Алишер Навоий айтганларидек:
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш
Гар олтин қафас ичра қизил гул бутса
Булбулга тикондек ошён бўлмас эмиш
Ватан ҳар бир инсон учун энг қадрли ва энг суюкли бўлган даргоҳдир.  Мусулмон ўзи учун қадрли ва суюкли бўлган, унинг бағрида киндик қони тўкилиб туғилган, у жойда тарбия топган, болалик, ёшлик ва ўсмирлик чоғларини эслатиб турадиган, ўзи учун яшаш маскани бўлган, ота-она, қавм-қариндош ва дўсту-ёрлари билан ҳаёт кечирган жойга барча нарсасини тақдим қилишга тайёрдир.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтган эканлар: “Инсон ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқлик қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, ундан йироқда бўлганда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди.”
Тинчлигини йўқотган юрт худди юлдузини йўқотган осмон каби зимистонга айланади. У юртнинг қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлару, анҳорлари бўлмасин, у худди харобага айланган, биров ундан манфаат ва фойда ололмайдиган саҳрога ўхшаб қолади. У юртда на роҳат ва на хотиржамлик бўлади. Бугунги кунда атроф мамлакатларда бўлиб турган беқарорликлар бунинг ёрқин далилидир.
Аксинча тинчлиги бор юрт эса гарчи саҳро бўлиб, ундан гиёҳ унуб чиқиши қийин бўлса ҳам, у ерда истиқомат қилаётганларга ўзининг ана шу  тинч ватани хотиржам ҳаёт кечириши учун энг қулай маскан ҳисобланади.
Инсон туғилиб ўсган ватанини севар экан, унинг бағрида ҳузурланиб яшар экан, мазкур инсоннинг зиммасида бу ватаннинг ҳақ ва вожиботлари бор.
Энг аввало, ҳаётининг ҳар жабҳасида ватанининг номини баланд кўтаришга интилсин. Мисол учун ота-боболаримиз ватанларининг номини улуғлаш учун қилган ишлари назар соладиган бўлсак, Имом Бухорий ўзларининг илмлари ўз ватанларига хизмат қилганларки, ҳали ҳануз бутун олам “буюк муҳаддис Имом Бухорий Мовароуннаҳрда туғилганлар”, деб фахр билан тилга олишади. Бундай мисолларни кўп келтирсак бўлади.
Демак ҳар биримиз хоҳ илмий бўлсин, хоҳ ҳарбий, хоҳ ҳунар орқали бўлсин, хоҳ адабий, спорт, умуман қайси соҳада бўлишимиздан қатъий назар юқори даражага эришиш учун машаққат-ла меҳнат қилар эканмиз, буларни рўёбга чиқариш билан ватанининг шарафини олий қилиш мақсадимиз ҳам бўлсин.
Мусулмон киши Аллоҳ таоло уни ер юзини обод қилиш учун ўзига ўринбосар қилиб қўйганини ҳис қилганидан  ватанига муҳаббат қўяди ва ер юзини обод қилишлик унинг бурчи эканлигини яхши билади. Алло= таоло Қуръони каримда: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга (ерга) сизни ободлиги учун қўйди”.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимиз тинч, халқимиз фаровон ҳаётгузаронлик қилмоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, — деганлар.
Тинч замонларда яшаш, мусулмончилик ибодатлари бемалол бўлган фурсат, Исломга амал қилиш бахти буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг биз мўминларга ато этган энг буюк неъматларидан. Биз бу неъматнинг қадрига етишимиз, унинг шукронасини бажо келтиришимиз лозим.

X.Абдуллаев
УМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *