ХАЁНИ – УНУТМАЙЛИК

Инсоннинг энг юқори ахлоқий сифатларидан бири – ҳаё исломда имоннинг ярми билан тенглаштирилган. Ҳаё инсонни эзгуликка ундайди, ёвузликдан қайтаради. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида: “Одамлар англаган биринчи пайғамбарлик сўзи шуки, агар уялмасанг нимани хоҳласанг шуни қилгин,” – деганлар. Ҳадиси шарифнинг маъносидан маълум бўладики, инсонпарварлик, ҳаққонийлик, раҳмдиллик, тақводорлик сифатларининг барчаси ҳаёли кишида бўлар экан. Ҳаё эса инсонга фақат имон орқали насиб этади. Чунки бир саҳобий бир кишини ҳаёга даъват этаётганида Пайғамбар алайҳиссалом: “Уни ўз ҳолига қўйгин. Ҳаё имондандир”, – дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Имом Абулҳасан Мавридий ўзларининг “Адабу-д-дуня ва-д-дийн” номли китобларида имонни уч қисмга бўлганлар. Билгинки, инсонда ҳаё уч хил бўлади:
1. Аллоҳдан ҳаё қилиш;
2. Инсонлардан ҳаё қилиш;
3. Инсоннинг ўзи-ўзидан ҳаё қилиши;
— Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш унинг барча амрларига бўйсуниб итоат этиш ва барча наҳийларидан қайтишдир.
— Одамлардан ҳаё қилиш шариат кўрсатмаларига биноан ҳалол ҳаёт кечириш.
— Ўзидан ўзи ҳаё қилиш эса шундай бўлиши керакки, қилган ишларидан кейинчалик виждони азобланмасин.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) ривоят қиладиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Аллоҳдан чин ҳаё қилингизлар”! Шунда саҳобалар, “бизларнинг чин ҳаё қилишимиз қандай бўлади,” –дейишди. У зот айтдиларки, “Кимки бошни ва ундаги кўз қулоқ ва бурнини қорни ва унинг орасидаги аъзоларини турли ҳаром ишлардан сақласа ва бу дунё зийнатини тарк этиб, ўлим ва қабр азобини эсидан чиқармай юрса, ўша киши Аллоҳ таолодан чин ҳаё қилган бўлади” – дедилар.
Одамлардан ҳаё қилиш ўзгаларга тили, қўли билан озор беришни тўхтатиб, ёмон сўзлар билан инсонлар дилларини ранжитмаслик, таҳқирлаб хўрламасликдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Одамлардан уялиш – Аллоҳга тақво қилишдир” – деб одамлардан уялишни тақво билан тенглаштирдилар. Улуғ саҳобийлардан Хузайфа ибн Яман (р.а.) намозга бораётсалар, одамлар намоздан чиқиб келишаётган эканлар. Шунда у киши бир четга чиқиб, одамларга йўл берган эканлар. У кишидан нега ундай қилдингиз деб сўрашганларида: “Одамлардан уялмаган кишидан ҳар қандай ёмонликни кутса бўлади”, – деган эканлар.
Ўз-ўзидан ҳаё қилиш эса ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўзини ноўрин ҳаракатлардан тийишдир. Ҳакимлардан бири: “Ўзидан ўзи уялиш бошқалардан уялишдан кўра кўпроқ бўлмоғи лозим “ – деганлар. Уламолардан бири эса: “Кимки очиқ –ойдинда қилиш уят бўлган ишни хилватда қилса, у ўз нафсини ўзининг олдида қадрсиз қилибди”, – деганлар.
Имоми Термизий “Аш-шамоилу-н-набавиййаҳ” номли китобларида “Расулуллоҳнинг ҳаёлари чодра ичидаги бокира қизнинг ҳаёсидан ҳам кучлироқ эди”, – деб ривоят қилганлар. Ҳаё ҳақидаги тушунчалардан шуни англаб етамизки, беҳаё киши ўз қилмишининг оқибати нима билан тугашини ўйламайди. Ўз манфаъати йўлида бошқаларга озор етиши уни қийнамайди.
Бугун қора булутдек бостириб келаётган мафкуравий иллатлардан бири бўлмиш “Оммавий маданият” ҳам, юртимизга зимдан душманликни режалаштирган ғанимлар томонидан пухта ўйлаб топилган, келажагимиз бўлган ёшларимизни беҳаёликка, иффатсизликка, номуссизликка, меҳру-оқибатсиз бўлишга ундовчи омиллардан биридир. Биз ёши катталар, келажагимиз бўлган ёш авлодни бундай хатарли ғанимлар найрангларига тушиб қолишларидан сақлаб қолишда бепарво ва лоқайд бўлмаслигимиз лозим.

А.Хайтбоев
Янгибозор тумани “Саид Кўчак бобо” масжиди имом — хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *