ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИДАН ҚЎРҚИШ

Аллоҳ таоло инсонни яратиб унга  “шаҳват — кўнгил тусаши, хоҳлаши” ни бериши билан бирга ақл неъматини бериб ўзга маҳлуқотларидан фарқли азизу мукаррам қилиб яратган. Одамзот анашу ақли билан роббисини таниб, унинг буйруқларига бўйсуниб яшаса, фаришталардан ҳам унинг даражаси юксак бўлади. Чунки фаришталарда фақат ақл бўлиб уларда шаҳват йўқ шунинг учун улар, Аллоҳнинг амрларига сўзсиз бўй сунадилар. Ҳар бир иш ва юмушни ақл ишлатиб, фикр қилиб кўриш инсоннинг бурчидир.
Қуръони карим ва суннати набавия ҳукми ила ҳалол ва ҳаром ўртасидаги фарқ очиқ ойдин баён қилинган. Ким уларга эргашса, ҳаромдан ҳазар қилса, ўзганинг ҳаққига тажовуз қиишдан тийилса, шундагина Ислом уммати номига муносиб бўлади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
“Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”(Бақара сураси, 168-оят).
Ушбу ояти каримада шайтоннинг изларидан эргашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмоқда. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Нажот уч нарсада – ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар.
Қуръони каримнинг бошқа оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
Молни ботил йўллар билан ейишга рибо (яъни судхўрлик), порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий тарзда ошириш, ўғрилик, фирибгарлик ва товламачик каби йўллар ила мол топиш киради.
Ҳалол луқманинг аҳамияти ва ҳаромдан топилган мол-мулкнинг зарари борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир ва У пок нарсанигина қабул қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрган. У айтганки: “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз!” (Мўминун сураси, 51-оят) ва яна айтдики: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” (Бақара сураси, 172-оят). Шундан сўнг, Расулуллоҳ с.а.в бир киши ҳақида айтдилар: “У узоқ (ҳаж) сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзғиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, эй, Роббим, эй, Роббим, дейди. Ваҳоланки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озиқланган! Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?” (Имом Муслим ривояти).
Демак, мусулмон инсон ҳаромдан, бировнинг ҳаққидан дўззахга тушишдан қўрққани каби қўрқиши зарур. Зотан, инсон бировнинг игна қадар ҳаққи сабабидан ҳалокатга учраши мумкин. Бу эса турли касб ва соҳаларда хизмат қилаётганлар иймону ихлос билан ҳалолликни лозим тутишини ифодалайди.
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ёлғончилик, ваъдага вафосизлик, товламачилик, бировни алдаб пул ва нарсаларини олиш, қарз, омонатга нарса олиб, бермасдан юриш, оддий ҳолатларда ҳам ёлғон гапириш, ўз манфаатини ўзганинг манфаатидан, ҳаққидан устун қўйиш каби разил иллатлар, оғир гуноҳлар борки, баъзи инсонларга касб-корларида оддий ҳолга айланиб бормоқда. Бу иллатлар нафақат инсоннинг умри, ризқи, моли, оиласидан баракани кетказади, балки кишининг охирати учун ҳам аянчли оқибатлари учун ҳам сабаб бўлиб қолади. Шу сабаб бундай иллатлардан огоҳ бўлишимиз даркор. Зеро ибни Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифлардан бирида бундай дейилган: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқмани ташлаши билан қирқ кунлик амали қабул бўлмайди. Қайси банданинг эти ҳаром ва рибо орқасидан ўсган бўлса, у дўззахга лойиқдир” (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимики қаердан мол топаётганига эътибор қилмаса, Аллоҳ ҳам уни дўззахнинг қайси эшигидан киришига парво қилмайди”, дея, инсонларни ҳалол ризқни талаб қилишга, бировнинг ҳаққидан огоҳ бўлишга қаттиқ ундаганлар.
Ўтган солиҳ ота-боболаримиз тарозидан уриб қолувчилар ҳақида: “Бир дона донни фойда қиламан деб, кенглиги еру осмонларча бўлган жаннатни бой берганларнинг ҳолига вой бўлсин!” – дер эдилар.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг доимо ҳалолликка эътибор беришлиги, шубҳали луқмадан ҳам эҳтиёт бўлиши хақида шундай дейди:“Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча ўша қул таом олиб келди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ундан бир луқма еган вақтида қул у кишига сизга нима бўлди? Ҳар кеча мендан олиб келган нарсаларимни қайси йўл билан топиб келганим ҳақида сўрар эдингиз, бу кеча эса сўрамадингиз, – деди.
–Буни ейишга мени очлик мажбур қилди. Буни қайси йўл билан топиб келдинг? – деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу.
–Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтаётиб уларга афсун қилган эдим. Бу хизматимга улар менга ҳақ беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган нарсаларини беришди, – деди қул.
–Мени ҳалок қилай дебсан-ку, – деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва қўлини оғзига тиқиб қусишга харакат қила бошлади. Еган нарсаси эса чиқмади. У кишига бу нарса фақат сув билан чиқади, дейилди. У киши бир идишда сув олиб келишларини буюрди. Сув келтирилгач, ундан ичиб қусишга уринди. Охири еган нарсасини чиқариб ташлади. Шунда у кишига “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бир луқмани деб шунчалик қиласизми?” – дейилди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Агар еган нарсам жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта чиқарар эдим. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга дўззах вожибдир”, деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим”, – деди.
Ривоят қилинишича, улуғ аждодимиз, буюк муҳаддис олим Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ Марвда бўлган пайтларида бировдан бир қалам олдилар. Орадан вақт ўтиб Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдан Шомга бордилар. Шомга боргач, бояги қалам хаёлларига келиб, дарҳол ортларига қайтиб, орадаги масофа узоқ ва сафарнинг қийинчилигига қарамай, қаламни эгасига топширган эканлар.
Имом Бухорийнинг оталари Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ўлим тўшагида ётган пайтларида олдиларига яқинлари зиёрат учун киришган экан. Шунда у зот: “Молимдан бирор бир дирҳам на ҳаромдан ва на шубҳадан топилганини билмайман”, деган эканлар. Ушбу ривоятни Имом Аҳмад эшитганларида “Оталарнинг солиҳ бўлиши фарзандларга ҳам наф келтиради”, деган эканлар.
Биз бугун мана шундай буюк аждодларимизга ҳавас қилсак, етук шахсиятларни тарбия қилиб, етиштирмоқчи бўлсак, аввало бировнинг ҳаққидан ҳазар қилайлик. Ўзимизнинг ва оила аъзоларимизнинг ризқини ҳалолдан бўлишига, унга бирор шубҳали луқма аралашмаслигига жиддий эътибор берайлик.
Яна шуни ҳам қайд этиб ўтишни лозим деб биламизки, айрим кимсалар коммунал хизмат, яъни давлат томонидан таъминлаб туриладиган электр энергия, газ, сув, ер солиғи ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўламасдан мажбурий ижро ходимларини овора қилиб, аҳоли билан жиддий муомала қилишларига мажбур қилаётганлар борлиги ачинарли ҳолдир. Ахир, давлат ҳаққи аслида инсонлар ҳаққи. Уни турли ҳийлалар билан, асоссиз баҳоналар билан ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириб ҳақ тўлашдан қочишга ҳаракат қилиш айни гуноҳи кабира эканини эслатиб қўймоқчимиз. Бунга бепарво бўлиш юқоридаги оят-ҳадисларда огоҳлантирилган жазоларга олиб келишини эсдан чиқармайлик.
Аллоҳ таоло халқимизнинг барча ишларини ҳалолдан бўлишини муваффақ қилсин, ҳалол касб қилаётган юртдошларимизнинг касби-корларига баракалар ато қилсин.

Урганч туман бош имоми М.Муҳаммадамин

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.