БАРКАМОЛ АВЛОДНИНГ МАФКУРАВИЙ ИММУНИТЕТИНИ МУСТАХКАМЛАШ

Мафкуравий хуружларнинг мамлакатимиз ва жамиятимиз учун жиддий хавфларини бартараф этиш учун нима қилиш керак? Давлатимиз раҳбари таъкидлагандек: “ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимизни она-Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун, таъбир жоиз бўлса, аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур”.
“Мафкуравий иммунитет – маънавий баркамол, иродаси бақувват, иймони бутун шахсни тарбиялашда, ҳар қандай реакцион, бузғунчи характердаги ғоявий ташаббусларга бардош бера оладиган ёшларни тарбиялашда қўл келади” дейилади. Гўдак дунёга келганида, иссиқ-совуқдан, ташқи механик таъсирлардан ўзини хавфсиз қилиш, сақлаш, ҳимоя қилишни билмайди. Ўзини ўзи ҳимоя қилишнинг шартли рефлекслари аста-секин, улғайиш давомида пайдо бўлади. Натижада, балоғатга етгач, ўспирин ўзини ўзи ҳимоя қилишнинг барча кўникмаларига эга бўлади. Одамнинг маънавиятига таҳдид соладиган хавфлар ва улардан ўзини онгли ҳимоя қилиш кўникмалари таълим-тарбия, ота-оналар ўгитлари, яхшилик ва ёмонликларни кўриши ва билиши жараёнида шакллана боради. Болага илк ёшидан бошлаб нима яхши, нима ёмон, уларга қандай муносабат билдириш керак, деган саволларга асосланган боғча, мактаб тарбияси, ундан кейин ижтимоий тарбия йўлга қўйилсагина ҳар бир миллат соғлом, ишончли, мустаҳкам иммунитетга эга бўлади. Иммунитет эса, ўз навбатида, одамни тўғри йўлдан “озиш”дан, турли йўлларга адашиб, кейин пушаймон бўлишлардан, бахтсизликдан, миллатни эса парокандаликлардан, парчаланишлардан, синфий, маҳаллий ёки бошқа бўлинишлардан асраб туради. Демак, мафкуравий иммунитет –давлат ва миллатнинг маънавий бирлиги, маънавий соғломлигини ҳимоя қилувчи ғоявий қалқон вазифасини бажаради.
Мафкуравий иммунитетни шакллантирадиган ва мустаҳкамлайдиган омиллар ҳам Президентимиз томонидан кўрсатиб берилган. Улар қуйидагилардан иборатдир:
• ҳар қайси инсон ўзлигини англаши;
• қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимиз меросини чуқурроқ ўзлаштириш;
• бугунги кунда тез ўзгараётган ҳаёт воқелигига онгли қараб, мустақил фикрлаш;
• диёримиздаги барча ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшаш.
Шахснинг ўзлигини англаши унинг қайси юртнинг фарзанди эканлиги, яъни насл-насаби кимлиги, яшашдан мақсади, ўз шаъни, қадр-қимматини тушуниб етишидан бошланади.
Мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда ҳар бир ватандошимиз: “Шу давлат, шу жамият менга нима берди?” – деб эмас, балки: “Мен ўзим Ватанимга, ҳалқимга нима бердим?” – деб фикрлашига, фуқароларимизнинг Ватан манфаати ва равнақи учун фидойи бўлишига эришиш асосий мақсадимиздир.
Шу боисдан ҳар бир инсон учун Ватан, инсонийлик тушунчаси, аввало, оиладан бошланади. Халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақоли замирида улкан маъно яширинганлигини кўришимиз мумкин. Бу борада оиланинг тарбиявий-ахлоқий аҳамияти, қадр-қимматини англаб етмасдан, оилага миллат манфаати нуқтаи назаридан ёндашмасдан туриб, мафкуравий иммунитетни шакллантириш осон кечмайди.
Ҳозирги ахборот ва технология асрида ёшларни тарбияси янада муҳим бўлиб бормоқда. Ёшлар ҳар қадамда эътиқоди, онг шуъурига зид маълумотлар, ҳодисаларга гувоҳ бўлмоқдаларки, буни масъул шахслар – ота-она, устоз ҳамда маҳалла кўй назорат қилишлари даркор. Бу “мумкин”, бу “мумкин эмас” деб эмас, бунинг фойдаси ва зарарини аниқ кўрсатиб, тўғри маслаҳатлар беришлари ёшларни кўр-кўрона ёт ғояларга эргашиб кетишдан сақлайди. Шунингдек, ахборот хуружидан ҳимояланиш учун ёшларда мустақил фикр бўлиши, ақлини ҳимоя қилиши, турли ёт ва бемаза ахборот хуружларига берилмаслиги, соғлом эътиқод, имон, инсоф ва диёнатга эга бўлиши, ёвуз ниятли кимсаларнинг асл мақсадларини ва охир-оқибати нима билан тугашини очиқ-ойдин англаши керак.
Демак, ёшларни ёт ғоя ва ахборот хуружидан сақлаш аввало катталардан талаб қилинса, кейинги навбатда ёшларнинг ўзини маърифатли, теран фикрловчи бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Х.Худойназаров
Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *